2026 йил сентябр ойи якунлари бўйича Ўзбекистонда аҳоли томонидан сезилган инфляция ўтган ойга нисбатан бироз пасайиб, 9,2 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда сўровлар натижаларига таяниб Марказий банк хабар бермоқда.

Инфляция ҳаммадан кўпроқ пенсионерларга сезилган: уларнинг наздида охирги 12 ойда нарх-наволар 12,5 фоизга ошган. Умумий овқатланиш соҳасида ишловчилар эса нисбатан паст инфляцияни сезган: 8,2 фоиз.

Ҳудудлар кесимида: юқори сезилган инфляция даражаси Тошкент шаҳрида (11,9%), нисбатан паст сезилган инфляция Наманган вилоятида (7,9%) қайд этилди.

Аҳоли томонидан нархи юқори ошгани қайд этилган товар ва хизматлар орасида гўшт ва сут маҳсулотлари (сўралганларнинг 56 фоизи нарх ошиши қайд этган), бензин ва ёқилғи (53%), электр ва табиий газ (36%), йўлкира ва ташиш хизматлари (24%) ҳамда умумий овқатланиш хизматлари (22%) етакчи омиллар бўлиб қолмоқда.

Маълумот учун, Миллий статистика қўмитаси сентябр ойи якунлари бўйича йиллик инфляцияни 6,4 фоиз деб баҳолаган.

Инфляцион кутилмалар

Марказий банк 2026 йилнинг сентябр ойи учун ўтказган сўров натижаларига кўра, аҳолининг келгуси 12 ойлик инфляцион кутилмалари ўтган ойга нисбатан пасайиб, 8,7 фоизни ташкил этди.

Тадбиркорлик субъектларининг инфляцион кутилмалари ҳам бироз пасайиб, 9,2 фоизга тенг бўлди.

Энг юқори кутилмалар пенсионерларда (12,4%) кузатилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар савдо соҳаси вакиллари (7,8%) томонидан қайд этилди.

Тадбиркорлик субъектлари бўйича эса, юқори кутилмалар ташиш хизмати соҳаси вакиллари (10,7%) томонидан қайд этилган бўлса, нисбатан паст кутилмалар туризм соҳасида (7,5%) кузатилди.

Ҳудудлар кесимида: аҳолининг юқори кутилмалари Тошкент шаҳрида (11,6%), нисбатан паст кутилмалар Хоразм вилоятида (6,8%) қайд этилди. Тадбиркорлик субектлари бўйича юқори кутилмалар Самарқанд вилоятида (10,2%), нисбатан паст кутилмалар эса Қашқадарё вилоятида (7,5%) кузатилди.

Даромади 10 млн сўмдан юқори бўлган аҳоли вакилларининг кутилмалари нисбатан юқори шаклланган.