Ортда қолаётган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид айрим мавзулари – Kun.uz дайжестида.

“Свет”да чегирма, пропанда янги нарх

Газлашмаган ҳудудлар учун электр энергияси тўловидан чегирма ниҳоят кучга кирди. Ҳукумат қарорига биноан, 1 ноябрдан эътиборан табиий газ таъминоти мавжуд бўлмаган ва табиий газ етиб бориши қийин бўлган ҳудудларда иситиш мавсумида электр энергиясининг базавий нормаси 200 kWh'дан 350 kWh'га оширилди.

Бу имтиёз қўлланадиган абонентлар рўйхатини Энергетика вазирлигининг таклифи асосида вилоят ҳокимлари тасдиқлайди. Имтиёзнинг пулдаги қийматини ҳисобласак, газсиз ва газ етиб бориши қийин ҳудудларда яшовчилар амалдаги тарифларда базавий норманинг оширилишидан ойига 37 500 сўмгача, тўрт ойлик иситиш мавсумида эса жами 150 минг сўмгача манфаат кўради.

Бошқа бир фармонга асосан, иситиш мавсуми бошланиши муносабати билан эҳтиёжманд оилаларга 1 млн сўмдан моддий ёрдам тарқатиладиган бўлди. Моддий ёрдам Ижтимоий реестрдаги оилаларга, шу билан бирга, реестрга киритилмаган, лекин жон бошига даромад 1 млн 430 минг сўмга етмайдиган оилаларга ажратилади. Марказлашган иситиш тизимига уланган кўп квартирали уйларда яшовчи кам даромадли аҳоли ҳам 1 млн сўмлик ёрдам билан қамраб олинади.

Яна бир ҳужжат суюлтирилган газ таъминоти билан боғлиқ. Унга кўра, 15 ноябрдан эътиборан аҳоли хонадонларига етказиб бериладиган пропан нархи килосига 2000 сўмдан 5000 сўмга кўтарилади. Яъни 20 килолик стандарт ҳажмдаги пропан нархи ҳозирги 40 минг сўмдан 100 минг сўмга етади. 2,5 карра қимматлашувнинг ижтимоий оқибатларини юмшатиш учун, эҳтиёжманд оилаларга харид қилинган пропаннинг ҳар бир килограмми учун 3000 сўмдан, ойига 20 килограммгача ҳажм учун компенсация тўланади. Яъни энг камбағал қатлам учун нарх ошишидаги 60 минг сўмгача бўлган фарқ тўлиқ қоплаб берилади.

Қарор билан, битта уйда икки ва ундан ортиқ оила яшайдиган ҳолларда, ҳар бир оилага алоҳида биттадан маиший газбаллон ажратилишига рухсат берилди. Бунда хонадондаги газ плитаси нечталиги аҳамиятга эга эмас. Бир нечта газбаллон етказиб берилиши учун маҳалла идораси ва газ таъминоти ходимлари иштирокида далолатнома тузилиши талаб этилади.

Шу кунларда пропан таъминотида ёнғин хавфсизлигини кўзда тутувчи қонун ҳам имзоланди. Қонун билан, автомобилларга газ қуйиш шохобчаларида пропан газини маиший газбаллонига қуйиш тақиқланмоқда. Тақиқни бузган газ қуйиш шохобчалари БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача жаримага тортилади. Қонун 3 ойдан кейин кучга киради.

Бутун республика бўйича иссиқ сув ва иссиқлик таъминоти тарифларини оширишга оид ҳукумат қарори лойиҳаси эса, гарчи юқоридаги айрим ҳужжатлар билан бир вақтда муҳокамага қўйилган бўлса ҳам, ҳали имзоланмади. Эслатиб ўтамиз, лойиҳада пойтахтдаги тарифларни 30 фоизгача ошириш назарда тутилган эди.

Метан-шохобчалар фаолияти чекланиши мумкин

Инфляция тезлашди ва йил охиригача яна тезлашиши кутилмоқда

Инфляцияни 5 фоизга туширишни ўзининг бош мақсади қилиб белгилаган Марказий банк инфляция прогнозини бу йил ҳам оширишга мажбур бўлди. Идора раҳбариятининг ўтган ойдаги йиғилишида йил охиридаги инфляция 6,5 фоиз бўлиши прогноз қилинган эди, пайшанба кунги йиғилишда эса бу прогноз 7 фоизгача оширилди.

Марказий банк Пул-кредит сиёсати департаменти директори Самиғжон Иноғамовнинг изоҳлашича, иссиқ сув ва иситиш таъминотида кутилаётган янги тарифлар регуляторнинг дастлабки кутилмаларидан баландроқ бўлиб чиққан, шу сабабли ҳам инфляция прогнозини оширишга тўғри келган. Айни пайтда расмийлар 2027 йилга катта оптимизм билан қараяпти: регулятор прогнозига кўра, 2026 йил декабрида 7 фоиз бўладиган инфляция 2027 йил декабрида 5 фоизлик таргетгача пасайиши керак.

Ҳафта давомида Статистика қўмитаси октябр якуни бўйича йиллик инфляцияни 6,5 фоиз (ўтган ойга нисбатан +0,1%) деб эълон қилди. Шунга қарамай, Марказий банк бошқаруви асосий ставкани туширишга ҳали ҳам эрта деб ҳисоблаяпти. Бундан 20 ой муқаддам, 2025 йил март ойида – инфляция 10 фоиздан баланд бўлиб турган пайтда ўрнатилган 14 фоизлик ставка Марказий банк бошқарувининг пайшанба кунги йиғилишида ҳам яна ўзгаришсиз қолдирилди. Маълум қилинишича, йиғилишда ставкани 13,5 фоизгача тушириш имконияти ҳам кўриб чиқилган, лекин тарифлар ошишининг таъсири ва бошқа омиллар сабаб, монетар шарт-шароитларни юмшатиш ҳозирча мақсадга мувофиқ эмас деб топилган.

Нарх-наволарга узоқ муддатда ижобий таъсир кўрсатиши керак бўлган Жаҳон савдо ташкилотига аъзолик масаласи эса, кейинги йилга қоладиган бўлди. Ёдингизда бўлса, Ўзбекистон бу ташкилотга 2026 йил март ойида аъзо бўлиб киришни мақсад қилган, лекин бунинг уддасидан чиқилмаган эди. Куни кеча Тошкентда матбуот анжумани ўтказган ишчи гуруҳ раиси Сунг-Йе Чоининг сўзларига кўра, Ўзбекистон музокараларни шу йил якунлаш ва 2027 йилда аъзо бўлишни мақсад қилган. Президент Администрацияси бош инспектори Искандарбек Генжаевнинг тушунтиришича, ЖСТ аъзолари томонидан қўшимча саволлар ва мажбуриятлар ўртага қўйилиши, уларни Ўзбекистон манфаатларини ҳисобга олган ҳолда келишиш қўшимча вақт талаб қилмоқда.

Давлатнинг иқтисодиётдаги иштироки ва давлат корхоналарини қўллаб-қувватлаш каби масалалар бўйича музокаралар мураккаб кечяпти, дея маълум қилди Администрация вакили.

Xavfsiz talaba: мажбурлашга айланган “тарғибот”

Аввалига ҳамма ҳайдовчиларни Road24 иловасидан SafeRoad иловасига ўтишга чақирган, кейинроқ Mening inspektorim ва APK Qöriqçi каби иловаларни фаол тарғиб қилган ички ишлар ходимлари, энди Xavfsiz talaba иловаси атрофидаги муҳокамаларда ҳам кўзга ташланмоқда. Бир неча кундирки Тошкентда талабалар телефонига Xavfsiz talaba иловасини “ихтиёрий-мажбурий” тартибда ўрнатиш кампанияси кетмоқда.

Kun.uz'га келиб тушган мурожаатда, Туркий давлатлар халқаро университетида талабалар бу иловани ўрнатмагани учун ички ишлар ходимлари томонидан “15 сутка” билан қўрқитилгани ҳақида сўз боради. Мурожаатчи талабаларга кўра, бир ҳафтадан бери олийгоҳга киришда улардан телефонларига “Хавфсиз талаба” иловасини ўрнатиш талаб қилиняпти. 3 ноябр куни Учтепа тумани ИИБ бошлиғи ўринбосари Абдурашид Очилов бошчилигидаги гуруҳ дарс вақтида аудиторияларга бостириб кириб, талабаларнинг телефонларини текширган, илова ўрнатмаганлардан уни юклаб олишни талаб қилган, савол берган талабалардан бирини эса 15 суткага қаматиш билан қўрқитгани айтиляпти. Ички ишлар вазирлиги матбуот хизмати ҳолат юзасидан Kun.uz сўровини жавобсиз қолдирди.

Учтепа туманида жойлашган бошқа бир олийгоҳ – Жаҳон тиллари университетида ҳам шу илова машмашаси кўтарилган. У ерда иловани ўрнатмаган талабалар дарсларга киритилмагани ҳақида хабарлар бор. Университет маъмурияти бу хабарларни рад этган бўлса-да, айнан Xavfsiz talaba иловасини тарғиб қилишдаги хатолари учун Таржимонлик факултети декани ишдан олинганини тасдиқлади. Аммо декан шунчаки юқоридан келган топшириқни бажаргани, фақат шу олийгоҳдаги масала интернетга чиқиб кетгани учунгина ишдан олиниши адолатсизлик бўлганини айтаётганлар ҳам бор.

Тармоқда тарқалган суратда Тошкент шаҳри бўйича талабаларнинг иловани ўрнатганлик даражасини олийгоҳлар кесимида кўрсатувчи ҳисобот-жадвал юритилаётганини кўриш мумкин. 6 ноябр ҳолатига, Google Play'да Xavfsiz talaba иловасини юклаб олишлар сони 50 мингтага етган.

Ҳолат юзасидан батафсил расмий изоҳни Бош прокуратура тақдим этди. Маълум бўлишича, “Хавфсиз талаба” платформасини тарғиб қилиш жараёнларига Бош прокуратура бош-қош бўлиб турибди, чунки идорага бу борада алоҳида вазифалар юклатилган. Илова талабаларга таълим жараёни ҳақидаги маълумотларни онлайн олиш, давлат идораларига мурожаат юбориш ва мурожаатларига жавоб олиш, SOS тугмаси орқали ёрдам чақириш имконини беради; шунингдек, олийгоҳга ва талабалар ётоқхонасига киришда калит вазифасини бажаради.

“Талабаларнинг мазкур мобил иловага уланиши мажбурий эмас. Бош прокуратура томонидан олиб борилаётган тарғибот ишлари платформанинг қулайликлари ва имкониятларини тушунтириш, талабалар ҳамда таълим муассасалари вакилларида ундан фойдаланишга қизиқиш уйғотишга қаратилган”, – дейилади идора баёнотида.

Қурилиш соҳасида эски муаммонинг янги саҳифаси

Ҳали-ҳамон тайинли тартибга солинмаган қурилиш бозорида қурувчи компаниялар истеъмолчилар ҳуқуқларини поймол қилишда давом этяпти. Рақобат қўмитасининг маълум қилишича, Тошкент шаҳри ва 11 та вилоятдаги 132 та қурилиш ташкилотининг шартномалари ўрганиб чиқилганида, уларда истеъмолчилар ҳуқуқларини чекловчи шартлар борлиги аниқланган.

Таҳлил қилинган шартномаларнинг 77 фоизида шартнома бекор қилинган тақдирда тўланган маблағни қайтариш муддати белгиланмаган ёки белгиланган муддат дастлабки тўлов муддатига мувофиқ келмаган. Ҳужжатларнинг 64 фоизида хонадон қабул қилиб олинганидан кейинги кафолат муддати кўрсатилмаган. 59 фоиз шартномалар фақат бир томон – қурувчининг манфаатларини кўзлаб ёзилган. Шартномаларнинг 51 фоизида эса қурилишни якунлаш муддати кечиктирилган тақдирда пеня тўланиши назарда тутилмаган.

Рақобат қўмитаси ўрганиш натижаларидан келиб чиқиб “тегишли инстанцияларга” таклифлар киритганини билдирди, айнан қанақа таклифлар ҳақида гап кетаётгани эса маълум эмас. Янги таклифларнинг киритилаётгани яхши, лекин “ёввойи” бир шаклдаги бозорни тартибга келтириш бўйича аввал белгиланган вазифалар ижроси чала ётганини таъкидламасликнинг иложи йўқ.

Аслида, 2025 йил февралида имзоланган фармонга биноан, 2026 йил 1 январдан бошлаб, аҳолидан улуш жалб қилиш асосидаги барча қурилишлар мажбурий тартибда эскроу тизимига ўтказилиши керак эди. Бу тизимда аҳоли пулни тўғридан тўғри қурувчига бермасдан, банкдаги эскроу ҳисобварағига киритиши, банк эса шунинг ҳисобига қурувчини арзонроқ ставкаларда молиялаштириши назарда тутилган. Амалда эса 2026 йил 1 январдан бу тизим ишга тушгани йўқ. Тегишли қонун лойиҳаси 28 июл куни Қонунчилик палатасида биринчи ўқишдан ўтган эди, лекин шундан кейин бу ҳужжатдан бошқа дарак бўлгани йўқ.

Шундай экан, Тошкентдаги Imarat Development билан кузатилаётган ҳолат – ўйин қоидалари давлат томонидан етарлича тартибга солинмаганининг навбатдаги оқибати бўлди. Уйлар вақтида топширилмагани, тўланган пуллар қайтарилмаётгани, лойиҳалардан бири пойтахтдан ташқарида жойлашгани каби эътирозлар ортидан, фирибгарлик моддаси билан “Imarat иши” қўзғатилди ва компания раҳбарлари Марат Ҳамдамов ҳамда Жасур Азизов ҳибсга олинди.

Ҳамдамов ҳибсга олинишидан аввал бизнес-ҳамкори Жасур Азизов ва бошқалар компанияни ундан тортиб олишгани ҳақида баёнот берганди. Ҳибсдан кейин рафиқаси Шаҳзода Муҳаммедова ҳам Азизовга нисбатан айбловлар билан чиқиш қилди. Уларнинг баёнотлари ва шу фонда пешона тери билан йиғган-терган пулларига куйиб қолганини айтаётган харидорларнинг шикоятлари бутун ҳафта давомида тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди.

Бу ҳафта яна нималар рўй берди?

Ўзбекистонда мустақиллик йиллари учун рекорд даражада кўп пахта етиштирилди. 2026 йилги ҳосил нақ 5 млн тоннани ташкил этган. Бу – бир йил олдингидан 1 млн тоннага кўпроқ. Эътиборлиси, Ўзбекистон охирги марта 5 млн тонналик пахта хирмонини кўтарган 1990 йилда 1830 гектарга пахта экилган, жорий йилда эса 5 млн тонналик ҳосил учун 890 гектар майдон етарли бўлди. Президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалиги ходимларига табрик йўллаб, эришилган натижани “тарихий ғалаба” деб атади. Давлат раҳбарининг маълум қилишича, бу йил ҳосилнинг 85 фоизи машинада териб олинган, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида эса бу кўрсаткич 100 фоизни ташкил этган.

Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари ўртасида пулли йўл қурилади. Бу ҳақда президент Бухорога ташрифи вақтида маълум қилди. Давлат раҳбарига кўра, цемент-бетон қопламали замонавий трасса икки қадимий шаҳар ўртасидаги сафар вақтини ҳозирги 5 соатдан 1,5 соатгача қисқартириш имконини бериши кутиляпти. Бундан ташқари, Самарқанд–Бухоро йўналишида тезюрар поезд учун янги темирйўл линияси ҳам қурилиши кўзда тутилган. Шавкат Мирзиёев ҳамкорлар билан музокараларни бошлаш, Бухоронинг янги халқаро аэропорти қурилишини эса 2027 йил Мустақиллик байрамигача фойдаланишга топшириш вазифасини қўйди.

Фарғонадаги боғчаларда болалар заҳарланишига сабаб бўлган шахслар қамоққа қайтарилди. Kun.uz ўтган ҳафта ёритган дастлабки ҳукмга асосан, 105 нафар боғча тарбияланувчисининг заҳарланишида айбдор деб топилган “Garden Catering Trade” МЧЖ мансабдорларига озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинланган ва улар суд залидан озод этилган эди. Фарғона вилояти судларининг 7 ноябрдаги хабарига қараганда, кассация инстанциясининг ҳукми билан компания раҳбари ва яна бир масъул ходимига берилган жазо ўзгартирилиб, улардан бири 4 йилга, иккинчиси 3,4 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Эслатиб ўтамиз, октябр ойи охирида ҳам Фарғонада ўнлаб боғча болаларининг овқатдан заҳарланиши кузатилган эди.

Фарғонада бир ҳафтада икки оиланинг 12 аъзоси ис газидан вафот этди. 25 октябр куни Фарғона тумани Чимён қишлоғида бир оиланинг 7 аъзоси, 1 ноябр куни Қўқон шаҳрида бир оиланинг 5 аъзоси ис газидан заҳарланиб, ҳалок бўлди. Фарғона вилояти ФВБ ўз хонадонига Германиянинг Vaillant русумли икки контурли иситиш қозонини ўрнатганларни бу қозондан зудлик билан воз кечишга чақирмоқда. Маълум қилинишича, бу қозонлар Германияда ишлатиб бўлиниб, утилизацияга топширилган ва фойдаланишга яроқсиз ҳисобланади. Шундай бўлса-да, айрим шахслар Vaillant қозонларини Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан олиб кириб, қўлбола усулда қайта жиҳозлагани ва гўёки янги ҳолатга келтириб сотгани айтилмоқда.