Дастлабки саралаш босқичида 6 мингдан ортиқ шахматчи беллашган V “Заковат Гамбит” мусобақаси финал босқичи ўтказилмоқда. Мусобақага меҳмон сифатида таклиф этилган венгриялик гроссмейстер Петер Леко Ўзбекистон терма жамоасининг ютуқлари ва мамлакатда етишиб келаётган ёш шахматчилар ҳақида фикр билдирди.

«Мен яқинда Самарқандда бўлиб ўтган Шахмат олимпиадасида қатнашдим. Ўзбекистон жамоаси ажойиб натижа кўрсатди. Нодирбек Абдусатторов, Жавоҳир Синдоров, Нодирбек Ёқуббоев, Жаҳонгир Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов жуда кучли ўйин намойиш этишди. Улар бизни ҳам мағлуб этишди — ҳисоб 4:0 бўлди. Бу тарихий мағлубият эди. Ўз майдонида ғалаба қозониш — тарихий натижа. Чунки мезбон жамоага доимо катта босим ва юқори талаблар бўлади. Шунга қарамай, Ўзбекистон жамоаси ажойиб ўйин кўрсатди, кучли руҳ ва ишонч билан ҳаракат қилди. Улар нафақат кучли шахматчи, балки жуда самимий ва яхши инсонлар ҳам. Буни жуда қадрлайман. «Заковат Гамбит» мусобақасида ҳам кўрганларим мени ҳайратга солди. Ёшларнинг блицдаги ўйинларини кузатдим. Уларнинг савияси ниҳоятда юқори. Ҳақиқатан ҳам, янги авлод етишиб келаётганини кўриш мумкин», — деди Леко.

Конеру Ҳампи: «Ёш шахматчиларда катта салоҳият бор»

Ҳиндистонлик таниқли гроссмейстер Конеру Ҳампи ҳам Ўзбекистон шахматчилари ҳақида ижобий фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, ёш ўйинчилар тўғри тайёргарлик ва мунтазам машғулотлар орқали яқин келажакда юқори натижаларга эришиши мумкин.

«Агар улар муносиб тайёргарлик кўришса, яқин келажакда жуда кучли шахматчиларга айланишади. Мен ўйнаган икки ёш шахматчининг истеъдоди мени айниқса ҳайратга солди. Шунингдек, маҳаллий ҳомийлар ва давлат томонидан шахматга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлашни ҳам алоҳида таъкидлаш керак. Бундай ёрдам ёш шахматчиларнинг ривожланиши ва келажакда янада юқори натижаларга эришишида муҳим аҳамиятга эга», — дейди у.