Ўзбекистон | 08:35
1418
2 дақиқада ўқилади

Учинчи Hyundai Rotem тезюрар поезди Ўзбекистонга олиб келинди

«Темирйўлкарго» АЖ томонидан Жанубий Кореянинг Hyundai Rotem компаниясида ишлаб чиқарилган навбатдаги учинчи тезюрар йўловчи поезди мультимодал логистика йўналиши орқали Ўзбекистонга муваффақиятли етказиб келинди.

Фото: Темирйўлкарго

Компания маълумотига кўра, поездни ишлаб чиқарувчи заводдан мамлакатгача ташиш жараёни тўлиқ якунланган. Мазкур лойиҳа Ўзбекистон темирйўл инфратузилмасини модернизация қилиш дастури доирасида амалга оширилмоқда.

Қайд этилишича, бундай поезд таркибларини қитъалараро ташиш юқори масъулият ва мураккаб логистик ечимларни талаб қилади. Жумладан, катта габаритли вагонларни ташиш учун махсус транспорт воситалари жалб қилинди, қайта юклаш жараёнларида махсус технологиялар қўлланди ҳамда транзит, суғурта ва божхона ишлари ягона логистика занжири асосида мувофиқлаштирилди.

Ташувлар «эшикдан-эшиккача» тамойили бўйича амалга оширилиб, бу жараёнда «Темирйўлкарго» халқаро мултимодал логистика оператори сифатида етакчи ролни бажарди. Компания мутахассислари томонидан «Жанубий Корея — Хитой — Қозоғистон — Ўзбекистон» махсус транзит маршрути ишлаб чиқилди ва ушбу йўналишда денгиз, автомобил ҳамда темирйўл транспорти имкониятлари бирлаштирилди.

Мутахассислар фикрича, замонавий Hyundai Rotem тезюрар поездларининг мамлакатга келтирилиши йўловчи ташиш хизматлари сифатини ошириш ва ички туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид