Транспорт вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган қарор лойиҳасига кўра, 2027 йил якунига қадар “Тошкент — Андижон” йўналишида ҳаракатланаётган тезюрар электропоездлар қатновини Самарқанд шаҳригача узайтириш орқали “Андижон — Самарқанд” йўналишида тезюрар электропоездлар қатнови йўлга қўйилади.

Шунингдек, 2027 йил якунига қадар Самарқанд халқаро аэропорти – темирйўл вокзали – Регистон майдони – “Шоҳи Зинда” мажмуаси – “Боқий шаҳар” мажмуаси – йирик меҳмонхоналар йўналиши бўйича “Туристик шаттл” экспресс автобуслари ва ҳалқа йўналишлари ташкил этилади ҳамда Самарқанд шаҳрида ягона туристик рақамли навигация тизими жорий этилади.

2028 йил феврал ойидан бошлаб Бухоро темирйўл вокзали – Халқаро аэропорт – Эски шаҳар – Меҳмонхоналар занжири бўйича узлуксиз экспресс автобуслар ҳаракати йўлга қўйилади.

2028 йил якунига қадар “Қўқон — Поп — Наманган — Андижон — Марғилон — Қўқон” айланма ҳалқа йўналиши бўйлаб кунлик электропоездлар қатнови 2 баробарга оширилади.

Поп темирйўл станциясидан Наманган шаҳри автовокзалига қадар йўловчилар учун мунтазам микроавтобус қатнови йўлга қўйилади.

2027 йил якунига қадар Нукус шаҳрида йўловчи оқими юқори бўлган участкаларда BRT (тезкор автобус йўлаги) тизимини жорий этиш чоралари кўрилади.

Шунингдек, Йўловчилар учун ягона чипта тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда.