Ўзбекистон | 17:00
621
3 дақиқада ўқилади
Реклама

Ўзбекистон хавфсизлик ва ҳимоя технологиялари бўйича Европа бозорида ўзини намойиш этди

Electronic Autonomous Solutions (EAS) компанияси Париждаги Eurosatory 2026 кўргазмасида ўз ишланмаларини тақдим этди ва Форс кўрфази, Африка, Жанубий Осиё, шунингдек, Мексика мамлакатларидан бўлган ҳамкорлар билан бир қанча келишувга эришди.

Фото: Electronic Autonomous Solutions

Eurosatory 2026 - 1967 йилдан бери Парижда ўтказиб келинаётган, дунёдаги энг йирик ва энг қадимий бўлган қуруқлик ва ҳаво хавфсизлиги тизимлари кўргазмаларидан бири бўлиб, унда Electronic Autonomous Solutions (EAS) компанияси ўзининг тизимларини тақдим этди.

Жорий йилнинг 15–19 июнь кунлари ўтказилган ушбу кўргазмада 2 000 дан ортиқ компаниялар ҳамда 60 дан ортиқ давлатдан 350 дан зиёд расмий делегациялар иштирок этдилар.

Electronic Autonomous Solutions компанияси УУАларни аниқлаш ва зарарсизлантириш тизимлари қаторида Hard Kill синфидаги ечимни намойиш этди (дронни жисмонан зарарсизлантириш ёки тутиб олиш технологияси - сигналга “юмшоқ” радиобосим беришдан фарқли ўлароқ) - EAS ижрочи директори Дилшод Мурадовнинг сўзларига кўра, айнан ушбу ечим хорижий делегацияларнинг катта қизиқишини уйғотди.

Eurosatory 2026’да иштирокимиз EAS маҳсулотларининг глобал бозордаги рақобатбардошлигини тасдиқлади ва айнан Hard Kill ечимига билдирилган алоҳида қизиқиш биз тўғри йўналишда ҳаракатланаётганимизни кўрсатди”, - деди Дилшод Мурадов.

Беш кун давомида Дилшод Мурадов, Бехзод Сулаймонов ва Ҳаким Баҳрамовдан иборат EAS делегацияси хорижий ҳамкорлар ва тегишли идоралар вакиллари билан бир қатор учрашувлар ўтказдилар. Технологиялар трансфери бўйича музокараларда Форс кўрфази, Африка, Мексика ҳамда Жанубий Осиё мамлакатларидан бўлган компаниялар энг фаол иштирок этди - уларнинг бир қисми билан қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқиш учун тегишли шартномалар аллақачон имзоланди.

Бундай даражадаги кўргазмада Ўзбекистондан биринчи компания сифатида бизнинг мамлакатимизнинг муҳандислик мактаби, дунёдаги энг талабчан бозорда рақобатлаша олишини кўрсатиш биз учун муҳим эди», — деб таъкидлади EAS вакиллари.

Маълумот учун: EAS - Ўзбекистондаги учувчисиз учувчи аппаратларига (УУА) қарши тизимлар (C-UAS) бўйича сертификатланган ишлаб чиқарувчи ҳисобланади. Компания тўлиқ циклдаги комплекс ечимларни: RF сенсор (дрон ва унинг бошқарув пульти ўртасидаги радиосигнал орқали уни аниқлайди) ва EO/IR (дронни визуал ва иссиқлик диапазонида, жумладан, тунда ҳам “кўрадиган” оптик-электрон ва инфрақизил камералар) технологияларига асосланган аниқлаш тизимлари қаторини, дронларга босим бериш воситаларини ҳамда Hard Kill синфидаги ечимларни ишлаб чиқаради.

Моҳидил Абдуллаева
Тайёрлаган Моҳидил Абдуллаева
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш