Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Тошкент халқаро молия маркази учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади
Ўзбекистонда Тошкент халқаро молия маркази фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солувчи Конституциявий қонун қабул қилинди. Ҳужжатга мувофиқ, марказ учун махсус ҳуқуқий режим жорий этилади, унинг расмий тили инглиз тили этиб белгиланади.
«Тошкент халқаро молия маркази тўғрисида»ги Конституциявий қонунга кўра, марказ алоҳида ҳуқуқий мақомга эга ҳудуд ҳисобланади. Унинг дастлабки чегаралари Тошкент халқаро молия марказини ташкил этиш тўғрисидаги президент фармони билан белгиланади.
Қонуннинг асосий мақсади марказнинг ҳуқуқий мақомини белгилаш, унинг ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни жорий этиш ҳамда молия маркази фаолияти соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Ҳужжатга мувофиқ, Молия марказининг ҳар бир қарори кучга киришидан олдин унинг расмий реестрида эълон қилиниши шарт.
Шунингдек, қонун талабларига ёки Молия маркази қарорларига зид равишда тижорат ёки молиявий фаолият юритган иштирокчиларга 10 миллион АҚШ долларигача, ёки қоидабузарликка сабаб бўлган битим ёки фаолият қийматининг 10 фоизидан ошмайдиган миқдорда жарима қўлланилиши мумкин.
Қонунга кўра, Тошкент халқаро молия марказининг органлари қуйидагилардан иборат бўлади:
-
Молия маркази кенгаши;
-
Молия маркази маъмурияти;
-
Молиявий хизматлар бошқармаси;
-
Тошкент халқаро тижорат суди.
Бундан ташқари, марказнинг ҳар бир органи молия йили якунланганидан кейин тўрт ой ичида йиллик шаффофлик ҳисоботини эълон қилиши лозим.
Ҳужжатга мувофиқ, инглиз тили Тошкент халқаро молия марказининг расмий тили этиб белгиланган.
Конституциявий қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 10 кун ўтгач кучга киради.