Яқинда Ўзбекистонда янги хусусийлаштириш дастури бошланади.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг маълум қилишича, янги дастур доирасида 100 триллион сўмлик 1,3 мингта кўчмас мулк, 8 минг гектар ер майдони ва 66 та корхонадаги давлат улушлари савдога чиқарилади.

Давлат активини олган тадбиркор учун аванс тўлови 30 фоиздан 15 фоизга камайтирилади. Қолган суммани фоизсиз бўлиб тўлаш имконияти берилади.

Давлат раҳбари ҳозир 22 триллион сўмлик 3 мингта давлат объекти аукционда турганини айтаркан, ҳокимларда давлат мулкларини сотиш бўйича тизим йўқлигини танқид қилди.

Президент банклар балансидаги сотилмай турган мулкларга ҳам алоҳида тўхталиб ўтди. Унга кўра, ҳозир банклар балансида 9 триллион 300 миллиард сўмлик 2 411 та мол-мулк сотилмай турибди.

Ҳар бир обектнинг банк балансида асосли тургани таҳлил қилинади; харидори бор, лекин сунъий ушлаб турилган обектлар бўйича қонун устуворлиги таъминланади, дейилади расмий хабарда.

Аввалроқ бўлиб тўлашга сотилган объектлар бўйича устама ҳисоблаш тўхтатилиши хабар қилинганди.