8 октябр куни Давлат активларини бошқариш агентлиги ўтказган матбуот анжуманида Paynet тўлов тизими операторининг хусусийлаштирилиши масаласи кўтарилди.
Хусусан, 2024 йилда давлат мулкини хусусийлаштириш тўғрисидаги янги қонун қабул қилинганига қарамай, айрим давлат активлари очиқ тендерларсиз сотилгани, улар бўйича жамоатчиликка етарлича ахборот берилмагани юзасидан савол берилди.
Журналистлар Paynet’даги давлат улуши сотилгани ҳақида компания таъсисчилари ўзгарганидан кейин корхона ва ташкилотлар реестридан хабар топишгани, нима сабабдан хусусийлаштириш жараёни ва унинг шартлари ҳақида расмий изоҳ берилмаганига аниқлик киритишни сўради.
“Paynet МЧЖ бўлгани учун устувор сотиб олиш ҳуқуқи қўлланган”
Давактив директори Соҳибжон Муродовнинг тушунтиришича, Paynet масъулияти чекланган жамият шаклида фаолият юритган ва уни хусусийлаштиришда МЧЖ иштирокчиларининг устувор сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланилган.
“Paynet бўйича қонунчиликда белгиланган хусусийлаштириш усулларидан бири қўлланган. У масъулияти чекланган жамият эди. Масъулияти чекланган жамиятлар тўғрисидаги қонунга асосан, жамият иштирокчиларидан бири ўзига тегишли улушни сотмоқчи бўлса, биринчи навбатда уни бошқа улушдорларга ёки жамиятнинг ўзига сотиб олишни таклиф қилади.
Бу уларнинг қонун билан белгиланган устуворлик ҳуқуқи ҳисобланади. Paynet’даги улуш ҳам айнан шу ҳуқуқдан фойдаланган ҳолда реализация қилинган”, — деди агентлик директори.
Унинг айтишича, бундай механизм бошқа айрим масъулияти чекланган жамиятлардаги давлат улушларини сотишда ҳам қўлланади. Чунки жамиятнинг мавжуд иштирокчилари қонунчиликда белгиланган устувор сотиб олиш ҳуқуқига эга.
Муродов хусусийлаштириш усуллари илгари қонуности норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинганини, кейинчалик эса уларнинг асосий механизмлари бевосита қонунда белгиланганини таъкидлади.

“Ахборотни тез етказиб бермасак, жамоатчиликда шубҳалар туғилиши табиий”
Давактив раҳбари давлат активларини хусусийлаштиришга оид маълумотларни жамоатчиликка етказишда камчиликлар бўлганини ҳам тан олди.














