Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФХХ) маълумотига кўра, Дуровга нисбатан «террорчилик фаолиятига кўмаклашиш» моддаси бўйича айблов қўйилган. Идоранинг таъкидлашича, Telegram маъмурияти украин махсус хизматлари, террорчилик ва экстремистик ташкилотлар томонидан диверсия, терактлар ва киберфирибгарликни мувофиқлаштиришда қўлланилаётган каналлар, чатлар ва ботларни ўчириш ҳақидаги талабларни бажармаган.
Россия ОАВ маълумотларига кўра, ФХХ материалларида 2022 йилдан буён Telegram орқали содир этилган деб баҳоланган 153 мингдан ортиқ жиноят қайд этилган. Улар қаторига «Крокус Сити Холл»даги теракт, Даря Дугина ва ҳарбий мухбир Владлен Татарскийнинг ўлдирилиши, бир қатор юқори мартабали ҳарбийларга қарши ҳужумлар, шунингдек ҳарбий комиссариатларга қилинган портлатиш ва ўт қўйиш ҳолатлари киритилган.
Роскомнадзор Telegram раҳбариятига тақиқланган контентни ўчириш бўйича 150 мингдан ортиқ талабнома юборилганини, бироқ улар жавобсиз қолганини билдирган. Шу билан бирга, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотига кўра, 2026 йил бошидан буён Telegram Россияда тақиқланган материалларни ўчирмагани учун 100 миллион рублдан ортиқ жаримага тортилган.
Айни пайтда Павел Дуров Францияда ҳам тергов остида қолмоқда. Француз терговчилари уни мессенжерда контентни етарлича назорат қилмаганлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлик қилишдан бўйин товлаганликда гумон қилмоқда. Тергов версиясига кўра, бу ҳолат Telegram орқали болалар порнографияси тарқатилиши, гиёҳванд моддалар савдоси ва фирибгарлик каби жиноятларга қарши курашни қийинлаштирган. Июл ойи бошида Дуров Парижда ушбу иш доирасида олти соатдан ортиқ сўроқ қилингани хабар қилинган.











