Россиядаги Бутунроссия давлат кинематография институти операторлик факултетига ҳужжат топшираётган абитуриентларга Россия Мудофаа вазирлиги билан бир йиллик шартнома тузиб, учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар) қўшинларида хизмат қилиш эвазига 2027 ўқув йилидан бошлаб бепул таълим олиш имконияти таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда «Эхо» нашри хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, мазкур таклиф оператор Михаил Агранович устахонаси ҳузурида ташкил этилаётган «махсус гуруҳ»га қабул ҳақидаги эълонда эълон қилинган. Эълон операторлик факултетининг «ВКонтакте» саҳифасида жойлаштирилган.

Шартнома тузган абитуриентларга бепул талабалар турар жойи, жанговар ҳаракатлар қатнашчиси мақоми ва унга тегишли ижтимоий имтиёзлар, шунингдек, талабалик давридаги ижодий суратга олиш ишларини амалга ошириш учун қўшимча техник ҳамда молиявий имкониятлар ваъда қилинган.

Эълонда таъкидланишича, мазкур хизмат муддати мажбурий ҳарбий хизматга тенглаштирилади. Бироқ нашр эслатишича, амалда Россия Мудофаа вазирлиги билан тузилган ҳар қандай шартнома 2022 йил сентябрида Владимир Путин эълон қилган «қисман сафарбарлик» бекор қилинмагунча автоматик равишда узайтирилади.

Нашрнинг қайд этишича, Россия олийгоҳларида талабалар ва абитуриентларни шартнома асосида ҳарбий хизматга жалб қилиш амалиёти сўнгги йилларда кучайган. Уларга турли имтиёзлар, пул мукофотлари ва бепул таълим таклиф этиб келинмоқда.

2026 йилда эса Россия фан ва олий таълим вазири Валерий Фалков мамлакатдаги университет ва коллежлар раҳбарларидан талабаларнинг камида 2 фоизини Украинадаги урушга юбориш вазифасини қўйгани ҳақида хабарлар тарқалган.

Хусусан, Россиянинг Олий иқтисодиёт мактаби ҳам 2026 йил ёзида БАРС (жанговар армия захираси) бўлинмалари ва дрон қўшинларида махсус шартнома асосида бир йил хизмат қилган талабаларга бепул таълим беришни ваъда қилган.