Украина ҳарбий разведкаси Россиянинг ғарбий ҳудудларида Шимолий Корея (КХДР) ракета бўлинмаси яқин вақтда жойлаштирилиши мумкинлиги ҳақида маълум қилди. Reuters агентлиги ушбу маълумотни Украина ҳарбий разведкаси вакили Андрей Чернякка таяниб тарқатди.
Маълумотларга кўра, тахминан 90 нафар шимолий кореялик ҳарбийдан иборат бўлинма аллақачон Россия томон йўл олган. У 120 та баллистик ракета ва олтита ракета учириш қурилмаси билан таъминланиши мумкин. Бўлинманинг эҳтимолий жойлашув ҳудуди сифатида Россиянинг Воронеж вилояти тилга олинмоқда.
АҚШнинг Филаделфия шаҳридаги Ташқи сиёсат тадқиқотлари институти ҳарбий таҳлилчиси Роб Лининг Reuters агентлигига билдиришича, КХДР ракеталари Украина учун жиддий хавф туғдириши мумкин. Унинг фикрича, айниқса қиш мавсумида Россия Украина энергетика инфратузилмасига ҳужумларни кучайтириши мумкинлиги ва Украина ҳаво мудофаа тизимидаги ракета танқислиги хавотир уйғотмоқда.
5 августга ўтар кечаси Россия томонидан амалга оширилган оммавий ракета ва дрон ҳужуми вақтида Украина ҳаво кучлари баллистик ва кемаларга қарши ракеталарнинг бирортасини ҳам йўқ қила олмаганини маълум қилди. Украина президенти Володимир Зеленскийнинг билдиришича, ушбу ҳужум натижасида 17 киши ҳалок бўлган, яна 44 киши турли даражада жароҳат олган.
Зеленский бундан аввал ҳам Украина қуролли кучларида ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари учун ракета захираси етишмаётганини таъкидлаб, Киевнинг халқаро ҳамкорларини ушбу камомадни янги етказиб беришлар орқали қоплашга чақирган эди.
Reuters таъкидлашича, Москва ва Пхенян ўртасидаги ҳарбий ҳамкорлик Россиянинг 2022 йилда Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин сезиларли даражада фаоллашган. 2024 йилда икки давлат ўзаро мудофаа тўғрисидаги шартномани имзолаган.
Агентлик маълумотларига кўра, КХДР Россияга миллионлаб артиллерия ўқ-дориларини етказиб берган, шимолий кореялик ҳарбийлар эса Россия армияси томонида жангларда қатнашган.
Украина манбаларига кўра, ҳозирда Россиянинг Украина билан чегарадош Курск вилоятида 9,5 минг нафарга яқин КХДР ҳарбийси жойлашган. Шунингдек, ўтган ҳафта Днепропетровск вилоятидаги Радушное қишлоғига шимолий кореяликлар ишлаб чиқарган ракета зарбаси оқибатида олти киши ҳалок бўлгани маълум қилинган.
Яқинда Россияга ташриф буюрган КХДР ташқи ишлар вазири Цой Сон Хи эса Пхенян Москвага ҳар томонлама ёрдам кўрсатишда давом этишини билдирган.











