Россия ҳукумати Воронеждаги колонияда жазо муддатини ўтаётган 32 ёшли америкалик собиқ денгиз пиёдаси Роберт Гилманни озодликка чиқарди. Reuters хабарига кўра, Владимир Путин Гилманни гуманитар сабабларга кўра афв этган. Аввалроқ Вашингтон Москвани америкалик фуқарони ватанида даволаниши учун озод қилишга чақирган эди.

Гилман қийноқлар ва онгни ўзгартирувчи дорилар юборилаётганидан шикоят қилгани учун оиласи унинг аҳволидан хавотирда эди. Яқинларининг таъкидлашича, Гилман июнь ойидан бери руҳий тушкунликка тушиб қолган. Собиқ денгиз пиёдаси зонд орқали овқатлантирилаётгани хабар қилинди. Унинг синглиси акасини ўлим ёқасида бўлиши мумкинлигини тахмин қилганди.

Reuters манбаларининг даъво қилишича, 11 август куни Гилман уни Вашингтонга олиб кетиши керак бўлган Давлат департаменти самолёти бортида бўлган. Агентлик суҳбатдошларидан бири собиқ маҳбусни кўрганини, унинг юргани ва гапирганини айтган.

Гилманнинг россиялик адвокати “Интерфакс”га унинг озод этилиши эҳтимоли ҳақида маълумотга эга эмаслигини, бироқ буни истисно этмаслигини маълум қилди. “Мен ҳеч нарса билмайман, лекин катта эҳтимол билан шундай. Менга ҳали ҳеч ким хабар бергани йўқ. Маълумотларимга кўра, у шифохонада қолмоқда (июль ойи бошида Гилман фуқаролик шифохонасининг психиатрия бўлимига ўтказилган эди) ва мени ҳамон унинг олдига киритишмаяпти”, — деди Ирина Бражникова.

Кейинроқ Гилманнинг озод этилганини Россия президентининг махсус вакили Кирилл Дмитриев ва АҚШ етакчиси Доналд Трамп ҳам тасдиқлади.

32 ёшли Роберт Гилман Россияда ҳибсда сақланаётган камида ўн нафар америкаликдан биридир. 2022 йил январ ойида у Россиянинг Воронеж шаҳрида полициячи билан бўлган можародан кейин қўлга олинган. Россия ҳукумати уни полиция ходимига ҳужум қилишда айблади. Дастлаб у 4,5 йил қамоқ жазосига ҳукм қилинди. Кейинчалик унга нисбатан ахлоқ тузатиш муассасаси ходимларига ҳужум қилишда янги айбловлар пайдо бўлди ва умумий жазо тахминан 10 йилга оширилди.