Харкив вилояти прокуратурасининг маълум қилишича, Россия қўшинлари Чугуев туманидаги Бугаевка қишлоғини артиллериядан ўққа тутган. Ҳужум оқибатида турар жой биноси вайрон бўлган ва беш киши ҳалок бўлган.
Прокуратура 10 август куни Telegram орқали тарқатган маълумотида зарба турар жойлар жойлашган ҳудудга берилганини билдирган.
Харкив вилояти ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълумотига кўра, бир сутка давомида вилоятдаги 24 та аҳоли пункти Россия томонидан турли қуроллар билан ўққа тутилган.
Унинг қайд этишича, ушбу ҳужумлар натижасида тўққиз киши жароҳатланган. Шунингдек, фуқаролик инфратузилмасининг кўплаб объектлари шикастланган ёки бутунлай вайрон бўлган.
Жумладан, фермер хўжаликлари, корхоналар, савдо дўконлари, хусусий ва кўп қаватли турар жойлар, дон омборлари ҳамда маъмурий биноларга зарар етган.
Шу билан бирга, 10 августга ўтар кечаси Россия Қуролли кучлари Суми шаҳридаги фуқаролик инфратузилмасига бошқариладиган авиабомбалар билан беш марта зарба берган.
Суми вилояти давлат маъмурияти раҳбари Олег Григоровнинг билдиришича, ушбу ҳужумлар оқибатида камида 14 киши турли даражада жароҳатланган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари эса 10 августга ўтар кечаси мамлакат ҳудудига кенг кўламли ҳаво ҳужуми амалга оширилганини маълум қилди.
Украина томони маълумотига кўра, Россия кучлари ҳужум давомида Х-59/69 русумли бошқариладиган авиация ракетаси, учта «Бандероль» барражловчи ўқ-дориси, шунингдек, жами 126 та Shahed, «Гербера» туридаги ҳужумкор ва нишонни чалғитувчи дронлардан фойдаланган.
Украина ҳаво мудофааси бўлинмалари 92 та дрон ва учта «Бандероль» барражловчи ўқ-дорисини уриб туширган ёки радиоэлектрон воситалар ёрдамида бостирганини билдирган.
Шу билан бирга, 22 та ҳудудда 31 та ҳужумкор дрон нишонга теккани, яна икки жойда уриб туширилган аппаратларнинг парчалари қулаб тушгани қайд этилган.
Украина Ҳарбий-ҳаво кучларига кўра, Россия томонидан учирилган Х-59/69 авиация ракетаси ҳаво мудофааси ва бошқа қарши чоралар натижасида ўз нишонига етиб бормаган.












