Кўксарой қароргоҳида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ва Озарбойжон президенти Илҳом Алиев тор доирада учрашув ҳамда Олий давлатлараро кенгашнинг учинчи йиғилишини ўтказди.
Музокараларда Ўзбекистон – Озарбойжон стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантириш масалалари кўриб чиқилди.
Ўзбекистон раҳбари Озарбойжон президентининг бу галги давлат ташрифи тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.
– Саммит якунида Абадий дўстлик тўғрисидаги шартноманинг имзоланиши бунинг тасдиғи бўлади. Энг муҳими, стратегик шериклик ва иттифоқчилигимизнинг ҳар бир банди аниқ натижалар ва амалий ҳаракатларда ўз ифодасини топади, – деди Шавкат Мирзиёев.
Етакчилар икки томонлама алоқалар жадал ривожланиб бораётганини қайд этдилар. Парламентлар, ҳукуматлар ва тармоқлар ўртасида мунтазам мулоқот йўлга қўйилган.

Ташрифга тайёргарлик доирасида Ҳукуматлараро комиссия, Ишбилармонлар кенгаши йиғилишлари ва Ҳудудлар форуми муваффақиятли ўтказилди.
Сўнгги беш йилда ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 баробарга ортди. Энергетика, кимё, кончилик, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, шаҳарсозлик ва бошқа йўналишларда кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжудлиги қайд этилди. Аниқ чора-тадбирларни ўз ичига олган дастур қабул қилинаётгани мазкур муҳим маррага эришиш учун мустаҳкам замин яратади.

Йиғилиш доирасида янги кооперация лойиҳаларини бажаришга старт берилади. Бундай ташаббусларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Қўшма инвестиция компанияси маблағларини фаол жалб этиш муҳимлиги таъкидланди.
Икки мамлакат ўртасидаги ўзаро боғлиқликни кучайтириш, Ўрта йўлакни биргаликда ривожлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Етакчилар маданият, таълим, ёшлар сиёсати ва спорт соҳаларидаги фаол алмашинувларни давом эттиришга келишиб олдилар.
Бугун Низомий Ганжавий номидаги Миллий педагогика университетининг янги биноси очилади ҳамда Янги Тошкентда “Озарбойжон” боғини барпо этиш ишлари бошланади.


















