Миллий статистика қўмитаси 2026 йил август ойи учун Ўзбекистон ҳудудларида бир килограмм палов тайёрлашга кетадиган маҳсулотлар қийматини ҳисоблаб чиқди.

Маълумотларга кўра, палов тайёрлаш энг қимматга тушадиган ҳудуд Тошкент шаҳри бўлган — 130 285 сўм. Кейинги ўринларда Фарғона вилояти — 126 711 сўм ва Тошкент вилояти — 124 226 сўм билан қайд этилган.

Самарқанд вилоятида бир килограмм палов учун зарур маҳсулотлар 123 498 сўмга, Қашқадарё вилоятида 122 257 сўмга, Сурхондарё вилоятида эса 121 367 сўмга тушган.

Навоий вилоятида бу кўрсаткич 120 850 сўм, Бухоро вилоятида 120 600 сўм, Хоразм вилоятида 119 940 сўм, Наманган вилоятида 119 776 сўм ва Жиззах вилоятида 119 372 сўмни ташкил этган.

Нисбатан паст кўрсаткичлар Сирдарё ва Андижон вилоятларида қайд этилган. Сирдарёда бир килограмм палов учун маҳсулотлар қиймати 115 398 сўм, Андижонда эса 115 377 сўм бўлган.

Энг арзон кўрсаткич Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган — 109 605 сўм. Шу тариқа, энг қиммат ва энг арзон ҳудуд ўртасидаги фарқ 20 680 сўмни ташкил этган.

Ҳисоб-китоб учун 1 килограмм лазер гуручи, 1 килограмм сабзи, 700 грамм мол гўшти, 300 грамм пиёз, 0,3 литр кунгабоқар ёғи, 100 грамм нўхат, 10 грамм зира ва 20 грамм ош тузи қиймати инобатга олинган.

Миллий статистика қўмитаси ушбу рақамлар ҳудудларда сотилаётган тайёр паловнинг бир килограмм нархини англатмаслигини таъкидлаган. Кўрсаткичлар фақат палов тайёрлаш учун зарур бўлган маҳсулотларнинг чакана нархлари асосида ҳисобланган.