Тошкент ва Ҳинд океанидаги орол-давлат Маврикий ўртасида илк тўғридан тўғри авиақатнов 2026 йил 26 декабр куни амалга оширилиши режалаштирилмоқда. Бу ҳақда “Дунё” ахборот агентлиги Туризм қўмитасининг uzbektourism.uz портали маълумотларига таяниб хабар берди.
Янги авиайўналишни ташкил этиш масаласи Тошкентда Ўзбекистон ва Маврикий туризм бизнеси вакиллари иштирокида ўтказилган очиқ мулоқотда муҳокама қилинган.
Тадбир Ўзбекистоннинг Prestige Travel компанияси ташаббуси билан Туризм қўмитаси ҳамкорлигида ташкил этилди. Унда Маврикийнинг етакчи сайёҳлик компаниялари ва меҳмонхона брендлари вакиллари, шунингдек, Ўзбекистоннинг маҳаллий туроператорлари қатнашди.
Учрашувда икки мамлакат ўртасида сайёҳлик алоқаларини кенгайтириш, қўшма туристик лойиҳаларни ишга тушириш ва янги авиайўналиш орқали сайёҳлар оқимини кўпайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Режага мувофиқ, авиақатновлар биринчи босқичда чартер ёки синов шаклида чекланган миқдорда амалга оширилади. 26 декабр ва 2027 йил январ ойида Тошкент–Маврикий–Тошкент йўналишида жами тўртта рейс ташкил этиш кўзда тутилган.
Кейинги босқичда эса авиақатновларни мунтазамлаштириш режалаштирилмоқда. Хусусан, 2027 йил июн ойидан Тошкент ва Маврикий ўртасида ҳафтасига бир марта мунтазам парвозларни йўлга қўйиш мўлжалланган.
Тошкентдан Маврикийгача бўлган янги ҳаво йўналишининг узунлиги қарийб 7 минг километрни ташкил этади.
Янги йўналиш Ўзбекистон туризм саноати учун Африка йўналишида янги бозорни очиши кутилмоқда. Шу билан бирга, у Тошкентнинг Марказий Осиё ва МДҲ давлатларидан Маврикийга сафар қилувчи йўловчилар учун транзит авиация маркази сифатидаги аҳамиятини ошириши мумкин.
Хусусан, келажакда Қозоғистон, Россия ва бошқа МДҲ мамлакатларидан келадиган сайёҳлар Тошкент орқали Маврикийга парвоз қилиш имкониятига эга бўлиши кўзда тутилган.
Авиақатновларни йўлга қўйиш 2026 йилдан бошлаб ҳар йили июн–август ойларида амалга ошириладиган “Очиқ сайёҳлик мавсуми” дастури билан ҳам боғлиқ.
Ушбу дастур янги халқаро туристик йўналишларни очиш ва Ўзбекистонга хорижий сайёҳлар оқимини кўпайтириш мақсадида туризм бозори иштирокчиларини молиявий рағбатлантириш чораларини назарда тутади.
Жумладан, янги авиайўналишларни очган авиаташувчиларга ҳар бир жалб қилинган хорижий сайёҳ учун 100 доллар миқдорида субсидия бериш ҳамда аэропорт хизматларига 20 фоизлик чегирма тақдим этиш белгиланган.
















