Учрашувда Ўзбекистон элчиси Равшан Усмонов ҳамда MAG компаниясининг корпоратив масалалар бўйича директори Рис Уолли икки мамлакат ўртасидаги транспорт алоқаларини ривожлантириш ва «Тошкент – Манчестер» йўналишида тўғридан тўғри рейсларни йўлга қўйиш истиқболларини муҳокама қилди.
Британия томони Манчестер аэропорти мамлакатнинг шимоли ва Шимолий Европадаги энг йирик транспорт-логистика марказларидан бири эканини таъкидлади. Қайд этилишича, аэропорт орқали ҳар йили 32 миллиондан ортиқ йўловчи ҳаракатланади ва мавжуд инфратузилма бу кўрсаткични келгусида 70 миллион нафаргача ошириш имконини беради.
Музокараларда Ўзбекистонда авиация соҳасининг жадал ривожланаётгани ва маҳаллий авиакомпаниялар имкониятлари кенгайиб бораётгани мазкур йўналишни очиш учун муҳим омил экани қайд этилди.
Рис Уолли янги авиақатнов икки давлат ўртасидаги бизнес ва туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, Ўзбекистоннинг Европа билан транзит авиабоғлиқлигини кенгайтиришга хизмат қилишини таъкидлади. Шу билан бирга, у ўзбекистонлик авиакомпанияларни қўллаб-қувватлаш ва лойиҳани амалга оширишда зарур кўмак кўрсатишга тайёрлигини билдирди.
Учрашув якунида томонлар тўғридан тўғри авиақатновларни йўлга қўйиш билан боғлиқ ташкилий масалаларни ҳал этиш юзасидан яқин ҳамкорлик қилишга келишиб олди.











