Қонунчиликка кўра, умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида тақиқланмаган қурол ва усуллар ёрдамида 5 кг гача балиқни бепул овлаш мумкин. Бу имконият бекор қилинмайди ва пулли қилинмайди, деб маълумот берди Балиқчиликни ривожлантириш маркази.

Президентнинг 2026 йил 2 июлдаги 122-сон фармони асосида жорий этилиши кўзда тутилган «Фишермен ID» эса спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм соҳасидаги пулли хизматларни ягона платформада жамлашга қаратилган.

Балиқ овлаш учун махсус шароит яратган хўжаликлар ўз хизматларини платформага ихтиёрий жойлаштириши мумкин. Фойдаланувчилар эса сув ҳавзасининг манзили, шароитлари, хизмат нархи ва бўш жойлар ҳақида маълумот олиб, жойни олдиндан банд қилади. Пулли хизмат танланган тақдирда тўловдан сўнг QR-кодли электрон чек берилади.

Таъкидланишича, «Фишермен ID» умумий фойдаланишдаги сув ҳавзаларида 5 кг гача балиқни бепул овлаш тартибига дахл қилмайди. Тизим фақат махсус ташкил этилган спорт-ҳаваскор балиқ овлаш ва экотуризм хизматларидан фойдаланишни қулайлаштириш учун мўлжалланган.