Лойиҳага кўра, янги шаҳар соҳил бўйлаб 7,2 километрга чўзилади ва қарийб 20,6 квадрат километр майдонни эгаллайди. Денгиз билан боғланган сув ҳавзалари тармоғининг умумий узунлиги эса 22 километрни ташкил этади.

Шаҳарнинг бош режасини SOM — Skidmore, Owings & Merrill халқаро меъморлик бюроси ишлаб чиққан. Буюртмачи — Қатарнинг Qatari Diar компанияси.

Лойиҳанинг асосий ғояси денгиз бўйидаги муҳитни шаҳар ичкарисигача олиб киришдан иборат. Сув ҳавзалари турар жойлар, меҳмонхоналар ва жамоат бинолари орасида жойлашади. Натижада сув бўйида сайр қилиш, дам олиш ва белгиланган жойларда чўмилиш имконияти соҳилдан ичкарироқдаги ҳудудларда ҳам пайдо бўлади.

Мисрда қурилиши режалаштирилган Алам ал-Рум шаҳрининг компютерда тайёрланган кўриниши / © SOM.

Сув ҳавзалари ёмғир пайтида ҳосил бўладиган оқимларни бошқаришга ҳам хизмат қилади. Улар шаҳарнинг ёмғир сувларини йиғиш ва йўналтириш тизимига қўшилади.

Меъморлар Мисрнинг шимолий соҳилига хос иқлим ва ер тузилишини ҳисобга олган. Уйлар, кўчалар ва жамоат майдонлари денгиздан эсадиган шабада ҳамда кундузги табиий ёруғликдан унумли фойдаланиш мумкин бўлган тарзда жойлаштирилади.

Соҳил шароитлари ўзгариши мумкинлигини ҳисобга олиб, қурилиш майдонларини денгиз сатҳига нисбатан баландроқ қилиш режалаштирилган. Қирғоқни ҳимоя қилиш учун ўсимликлардан ҳимоя тасмалари яратилади, қумтепалар мустаҳкамланади ва соҳилнинг табиий муҳити тикланади.

Мисрда қурилиши режалаштирилган Алам ал-Рум шаҳрининг компютерда тайёрланган кўриниши / © SOM.

Шунингдек, ёмғир сувларини йиғиб, табиий усулда тозалашга ёрдам берадиган ботқоқли майдонлар ташкил этилади. Бу ечимлар янги шаҳарни атрофдаги табиат ва соҳил шароитларига мослаштиришга қаратилган.

Алам ал-Румда пляжлар ва сув ҳавзалари бўйида турар жойлар, меҳмонхоналар, дам олиш мажмуалари ҳамда гольф майдонлари қурилади. Таълим масканлари учун алоҳида ҳудуд ва ишбилармонлик маркази ҳам кўзда тутилган.

Шаҳарнинг асосий йўналиши кенг марказий кўча бўлади. У денгиз соҳилидаги халқаро яхта бандаргоҳини — яхталар тўхтайдиган махсус жойни — шаҳар ичкарисидаги транспорт алмашув маркази билан боғлайди. Йўловчилар бу марказда бир транспорт туридан бошқасига ўтиши мумкин бўлади.