Ўзбекистон миллий жамоаси 1 октябр куни Тошкент шаҳрида Сурия миллий жамоасига қарши ўртоқлик баҳсини ўтказди.

28-дақиқада Шерзод Эсанов рақиб жарима майдони ичида тўпни эгаллаб олди ва дарвозага киритди.

44-дақиқада Акмал Мозговой дарвозабон билан юзма-юз чиқиб, қулай вазиятни голга айлантирди.

49-дақиқада Ҳусайн Норчаев жарима майдонига етказилган тўпни боши билан дарвозага аниқ йўллади. 90-дақиқада унинг ўзи яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол этди.

Сўнгги сонияларда Сурия битта гол уришга муваффақ бўлди. Ҳимоячи Муҳаммад Ҳакимов тўпни бехосдан ўз дарвозасига йўллаб қўйди.

Ўзбекистон миллий жамоаси ФИФА кунларидан фойдаланиб учта ўртоқлик ўйинини ўтказади. Аввалроқ, 24 сентябр куни миллий жамоа Фарғона шаҳрида Эронни 3:1 ҳисобида мағлуб этган эди.

Энди Ўзбекистон 6 октябр куни сафарда Жанубий Корея меҳмони бўлади. Ўйин Ёнъин шаҳридаги «Миреу» стадионида ўтказилади.

Ўртоқлик ўйини

1 октябр, Тошкент, «Пахтакор» стадиони

ЎЗБЕКИСТОН - СУРИЯ 4:1

Голлар: Шерзод Эсанов (28), Акмал Мозговой (44), Ҳусайн Норчаев (49, 90) - Муҳаммад Ҳакимов (90+3 автогол)

Ўзбекистон: Абдувоҳид Неъматов, Абдуқодир Ҳусанов (Нурмуҳаммад Абдуғаниев, 86), Беҳруз Каримов (Ҳожиакбар Алижонов, 63), Жаҳонгир Ўрозов (Муҳаммад Ҳакимов, 86), Акмал Мозговой (Диёр Холматов, 78), Одил Ҳамробеков (Умарали Раҳмоналиев, 63), Азиз Амонов (Азиз Холмуродов, 78), Ҳусайн Норчаев, Аббос Файзуллаев (Жасурбек Жалолиддинов, 63), Шерзод Эсанов, Маҳмуд Маҳамаджонов.

Бош мураббий: Фабио Каннаваро (Италия)

Сурия: Элиас Ҳадая, Аҳмад Фақа, Айҳам Ҳанз Усу, Абдуллоҳ аш-Шомий (Холид Курдўғли, 58), Жан Яҳё Мустафо (Маҳмуд ал-Мавос, 58), Маҳмуд ал-Асвад (Элмар Абраҳам, 46), Муҳаммад Усмон (Висом Духон, 88), Аҳмад Ёсин ад-Далий (Закариё Ҳаннон, 46), Йоҳаннес Данҳо (Абдурраззоқ ал-Муҳаммад, 58), Нуҳ Леон (Умар ас-Сома, 58), Алоуддин Ёсин ад-Далий (Муҳаммад ал-Ҳаллоқ, 46)

Бош мураббий: Хосе Лана (Испания)

Огоҳлантиришлар: Маҳмуд ал-Асвад (11), Маҳмуд Маҳамаджонов (77)