Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаси матбуот хизмати хабарига кўра, ҳолат Экополициянинг Мирзо Улуғбек тумани бўлими ходимлари ўтказган навбатдаги рейд давомида аниқланган.

Текширувда Қорасув-6 даҳасида жойлашган компютерхонанинг ертўласида ёввойи ҳайвон сақланаётгани маълум бўлган. Ҳолат юзасидан тегишли чоралар кўрилиб, маймун белгиланган тартибда ҳайвонот боғига топширилган.

Бошқарма ёввойи ҳайвонларни зарур шароит ва мутахассислар назоратисиз сақлаш уларнинг соғлиғи ҳамда ҳаётига хавф туғдириши мумкинлигини эслатган. Шунингдек, бундай ҳолатлар аҳоли хавфсизлигига ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги таъкидланган.

Расмий хабарда маймуннинг тури, ертўлада қанча вақт сақлангани ва уни сақлаган шахсга нисбатан қандай чора кўрилгани очиқланмаган.