Ўзбекистон энергетика тизимидаги йирик инфратузилмавий лойиҳалардан бири — янги 500 кВли «Ҳалқа» подстанциясига кучланиш берилди.
Маълумот берилишича, мамлакатдаги энг йирик ва замонавий юқори кучланишли объектлардан бири бўлган мазкур подстанция 1602 МВА қувватга эга. Унинг ишга туширилиши Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмида электр энергияси таъминотини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, мавжуд электр тармоқларига тушаётган юкламани мақбул тақсимлаш имконини беради.
Янги подстанциянинг ишга туширилиши натижасида Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятининг бир қисмидаги электр юкламалари қайта тақсимланади. Натижада Тошкент иссиқлик электр станциясига тушадиган юклама камайиб, станцияда мазут ёқилғисидан фойдаланишга эҳтиёж қолмайди.
Умумий қиймати 171,4 млн АҚШ долларини ташкил этган мазкур инвестиция лойиҳаси Жаҳон банки иштирокида амалга оширилди. Лойиҳа доирасида 1602 МВА қувватли «Ҳалқа» подстанцияси билан бирга 220 кВли 213 км ва 500 кВли 72 км юқори кучланишли электр узатиш тармоқлари барпо этилди.
Айни пайтда янги объектларни ягона энергетика тизимига тўлиқ интеграция қилиш бўйича якуний ишлар давом этмоқда.







