Қадимги майялар оғир металлардан фаол фойдаланган: улар суюқ симоб ва киновар қазиб олган. Бу минерал бинолар, идишлар ва дафн жойларини безашда қизил бўёқ сифатида қўлланган.

Аввал ҳам археологлар майялар яшаган жанубий пасттекисликлардаги тупроқ ва шаҳар сув омборларидан симоб изларини топган. Дастлаб тарихчилар заҳарли материаллардан фақат зодагонлар маросимлар ўтказишда фойдаланган, деб ҳисоблаган. Вақт ўтиши билан тадқиқотчилар оддий майялар ҳам заҳарланишдан азият чеккан бўлиши мумкинлигини тахмин қила бошлаган.

Бироқ бунинг атроф-муҳитга етказган ҳақиқий зарари номаълумлигича қолган. Мутахассисларда ифлосланиш сув ўсимликлари ва ҳайвонлари учун заҳарли даражага етган-етмагани ҳақида етарли маълумот бўлмаган.

Тадқиқотчилар сувнинг ифлосланиш тарихи ва унинг биологик оқибатларини ўрганишга қарор қилган. Натижалар Science Advances журналида эълон қилинган.

Таҳлил учун археологлар Юкатан яриморолидаги қадимий манзилгоҳлар яқинида жойлашган икки сув ҳавзаси — Коба кўли ва Шканче сенотининг туб чўкиндиларидан узун, устунсимон намуналар — кернлар олган. Аввало, олимлар ёғоч ва кўмир парчаларини радиоуглерод усулида саналаш орқали лойқа қатламларининг ёшини аниқлаган. Кейин турли тарихий қатламлардаги умумий симоб концентрациясини ўлчаб, замонавий хавфсизлик меъёрлари билан солиштирган. Кўл фаунасидаги ўзгаришларни кузатиш учун қўшимча равишда сувўтлар, бактериялар, шиллиққуртлар ва ҳашаротларнинг микроскопик қолдиқларини санаб чиққан.

Мезоамерика харитаси ва тадқиқот ўтказилган жойлар / © Matthew Neal Waters et al./Science Advances (2026)

Ўлчовлар кимёвий ифлосланиш даражаси юқори бўлганини кўрсатган. Коба кўлида симоб миқдори милодий тахминан 40 йилдан бошлаб оша борган ва 250–300 йиллар орасида энг юқори даражага етган. Концентрация ҳар граммда 2,3 микрограммни ташкил этган. Бу замонавий меъёрларда оғир экологик зарар учун белгиланган чегарадан юқори бўлган. Шканче сенотида вазият янада оғир бўлган: тахминан 720 йилда симоб миқдори энг юқори даражага чиқиб, ҳар граммда 18 микрограммга етган.

Симоб миқдори заҳарли даражага етган қатламлардаги биологик маркерлар озиқ занжири издан чиққанини кўрсатган. Фотосинтез қилувчи бактериялар ва сувўтлар йўқолган, уларнинг ортидан майда сув жониворлари ҳам қирилиб кетган. Коба кўлининг заҳарли лойқа қатламларида шиллиққуртларнинг чиғаноқлари ва қисқичбақасимонларнинг қобиқлари бутунлай йўқолган. Таққослаш учун текширилган яна икки кўлда олимлар симоб топмаган. Бу эса ифлосланиш табиий атмосфера ёғинлари билан боғлиқ деган тахминни истисно қилган.