Жаҳон | 18:33 / 09.02.2024
7418
3 дақиқада ўқилади

АҚШ ҳаво таркибидаги PM2,5 зарралари бўйича янги меъёр белгилади

АҚШ ҳаво таркибидаги PM2,5 заҳарли заррачасининг йиллик концентрацияси меъёрини 12 мкг/м3 дан 9 мкг/м3 га туширди. Кучайтирилган стандартлар 2032 йилгача 4500 тагача эрта ўлимнинг олдини олиши, 290 мингта йўқотилган иш кунини сақлаб қолиши ва соғлиқни сақлаш тизими учун 46 млрд фойда келтириши кутилмоқда.

Фото: Reuters

Биден-Ҳаррис администрацияси америкаликлар ҳаётини яхшилаш учун кучлироқ ҳаво стандартлари жорий этилишини эълон қилди. Америкада PM2,5нинг йиллик концентрацияси 2012 йилдан бери 12 мкг/м3 эди. Эндиликда бу 9 мкг/м3 га пасайтирилди.

Маълум қилинишича, кучайтирилган стандартлар 2032 йилгача 4500 гача эрта ўлим, 290 000 йўқотилган иш кунини сақлаб қолади ва соғлик учун 46 миллиард соф фойда келтиради. Ҳаво стандартини кучайтириш учун сарфланаётган 1 доллар 2032 йилда инсон саломатлиги учун 77 долларгача фойда олиб келиши мумкин.

Бу стратегия америкаликларнинг соғлом ҳаёт кечиришини самаралироқ қилиши, шу билан бирга Америкада ишлаб чиқаришнинг тикланишига хизмат қилиши маълум қилинган. 2000 йилдан бери ҳаводаги PM2,5 концентрацияси 42 фоизга камайгани билан бир қаторда, худди шу вақт ичида АҚШ ялпи ички маҳсулоти 52 фоизга ошган.

АҚШ Миллий тиббиёт ассоциациясининг 118-президенти Доктор Дорис Браунга кўра, ҳаво стандартлари учун қўйилган янги тартиб тоза ҳаво одамлар ҳаёти сақлаб қолишини кўрсатувчи илмий далилларга асосланган. PM2,5 заррачалари юрак, ўпка касалликларига чалинганлар, астма билан касалланган болалар, кексалар ҳаётини яхшилашга ёрдам беради.

Агентлик янги стандартларни жорий қилишдан олдин кенг жамоатчилик фикрини ўргангани, жумладан виртуал сўровномаларда 700 мингдан ортиқ изоҳларга таянганини маълум қилган.

Маълумот учун, ҳаво таркибидаги PM бу ягона заррача эмас, балки бир неча кимёвий моддаларнинг қўшилувидан юзага келади. Унинг меъёрдан ошиши (Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига кўра, кунлик меъёр – 5 мкг/м3) юрак-қон томир касалликлари, астма ва саратонгача сабаб бўлиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳри ҳавоси таркибида 2023 йилнинг охири ва 2024 йилнинг бошидан бери PM2,5 заҳарли дисперс заррачалари ўнлаб баробар сурункали ошиб боряпти. Бунга сабаб қилиб, АИ-80 бензинидан фойдаланувчилар кўпайгани, корхона, заводларда мазут ва кўмир ёқилгани ва бошқа омиллар кўрсатилганди.

Олдинроқ, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги Ўзбекистон ҳаво сифати бўйича ўзининг миллий стандартларини белгилашини маълум қилганди.

Мавзуга оид