Ўзбекистон | 20:03 / 05.02.2019
35250
7 дақиқада ўқилади

​«Келажак касб-ҳунар коллежлари». Ўзбекистонда касбий таълим қандай ўзгаради? 

Фото: KUN.UZ

Ўзбекистонда таълим йўналиши ўзгариб бормоқда, ислоҳотлар ҳам жуда кўп. Эндиликда таълим соҳасида қандай ўзгаришлар кутилмоқда? Ўқувчилар мактабни битиргандан сўнг касб-ҳунар коллежига бора оладими ва ўз карьерасини қура оладими?

Касб-ҳунар таълими фаолияти ислоҳотларида эътиборимизни тортган илк нарса — коллежга энди фақатгина онгини ўзгартиришга қодир инсонларгина келади ва таълим олади.

Таълим соҳасига алоқадор саволлар бўйича Олий ва ўрта махсус таълим вазири биринчи ўринбосари, касб-ҳунар таълими маркази директори Холмуҳаммедов Муродилла Маҳмудовичга юзландик.

— Касб-ҳунар таълими ўзи аслида нима? Биз уни қандай тушунишимиз керак?

— Илгари касб-ҳунар таълими деганда оддий дурадгорликни ўргатиш кабилар кўз олдимизга келарди. Касб-ҳунар таълими деганда унинг моҳиятини очиб бериш қийин, профессионал таълим деганда эса ҳақиқий профессионалларни тарбияловчи, оддийдан мураккабга қараб шакллантирувчи тизимни тушуниш мумкин бўлади.

Таълимнинг биринчи буюртмачиси ким? Албатта, иқтисодиёт. Иқтисодиётнинг ҳар бир лойиҳасини амалга ошириш учун асосий учта ресурс лозим бўлади: молиявий, моддий ва кадр ресурслари. Президентимиз бошлаб берган ислоҳотдан кейин таълимнинг янги концепцияси шакллантирила бошланди.

Мияда 6 млрд нейрон бор ва у 5 ёшга қадар шаклланади. Шунинг учун ҳам 5 ёшда индивидда илк дунёқараш шаклланади, 12 ёшда эса шахс шаклланади. Бунга қарама-қарши ўлароқ, мактабгача таълим бизда эътибордан четда қолиб кетган. Ундан кейинги меҳнат умумий ўрта таълим ҳар қанча пишиқ бўлганда ҳам пойдевор суст бўлганлиги учун кўзланган натижага эришиб бўлмаган. Индивиднинг 2-3 ёшида қилинадиган инвестиция кейин қилинадиган инвестициядан 10 чандон самаралироқ натижа беради. Шуни тушуниб етган ҳолда, мактабгача ва мактаб таълими борасида кучли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Бундан кейинги босқич эса профессионал таълим.

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube

БМТнинг касб-ҳунарни классификация қилувчи ҳужжати мавжуд. Унда профессионал таълимнинг ҳар бир босқичида ўрганиш керак бўлган кўникма ва малакалар белгиланган. Кўникма шакллангандан кейин амалга ошадиган функциялар классификацияланади. Биринчиси, стандарт амалиётни бажариш. Унга олти ойдан тўққиз ойгача бўлган таълим дастурлари белгиланади. Иккинчиси, мустақил равишда ҳужжатни ўқиб, уни амалга ошира олиш. Учинчиси, ҳолатни таҳлил қилиб, мустақил қарор қабул қила олиш ҳисобланади. Кейинги босқичда жамоада ишлаш кўникмаси шакллантирилади.

Олий ва ўрта махсус таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар доирасида меҳнат бозори ўрганилмоқда. Меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган кадрларни тайёрлаш назарда тутилмоқда.

— Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими амалда мавжуд. Келгусида бу таълим тизимининг қайси долзарб нуқталари ўзгариши, янгиланиши кутилмоқда?

— Ҳозирги ислоҳотларнинг асосий принципи — танқидий таҳлил. Танқидий таҳлил қиладиган бўлсак, касб-ҳунар таълимининг инсонлар ҳаёти, карьера қилиш йўналиши билан номутаносиблиги кўзга ташланади. Ўзини илм-фанга бағишлаб, олийгоҳга киришни мақсад қилганлар учун умумтаълим фанларини тўлиқ ўзлаштириш имкони ҳам мавжуд. Шу баробарда, профессионал таълимга ўзини бағишлаган, олий таълимни мақсад қилмаган, кичик бизнес очишни режалаштираётганлар учун ҳам таълим дастури мавжуд.

Касб-ҳунар таълими илгари фақатгина тўққизинчи синф битирувчилари учун мўлжалланган эди. Ҳарбий хизматга бориб келганлар ёки иккинчи мутахассисликни ўзлаштирмоқчи бўлганлар учун имконият мавжуд эмас эди.

Ҳозир белгилаб берилган тизим эса ҳамма учун очиқ, ихтиёрий ёшда ихтиёрий йўналиш бўйича таҳсил олиш мумкин. Меҳнат бозоридаги талаб, шунингдек, шахсий карьера борасидаги режаларнинг ўзгариши натижасида танлов имконияти мавжуд.

— Бу таълим тизими доирасидаги хизматлар одамларга қай тартибда таништирилади? Кимга пулли ва кимга бепул?

— ЮНЕСКО талаби бўйича 9 йиллик мажбурий таълим тавсия қилинади. Бизда эса 11 йиллик кафолатланган таълимга ўтилди. Маълум ижтимоий муҳофазага муҳтож аҳоли қатламлари учун бу таълим молиялаштириб берилади. Қолган ҳолларда молиялаштириш манбалари сифатида шахсий жамғармалар, таълим кредитлари, кадрга буюртмачи бўлган корхоналарнинг тўлови хизмат қилиши мумкин. Бу ҳам халқаро талабга мос, ҳам янгича ёндашув.

— Унинг давомийлиги, ўқитилиш шароитлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз.

— Олдинги таълим стандарти фақат уч йиллик бўлган. Қайси йўналиш бўлишидан қатъий назар. Ваҳоланки, тиббиёт йўналишида эгалланиши керак бўлган кўникма билан қурилиш соҳасида ўрганиладиган билимлар турлича муддатни талаб қилади.

Ҳозирда ўзлаштириладиган билимнинг ҳажмидан, кадр бажариши керак бўладиган меҳнат операциясининг мураккаблик даражасидан келиб чиққан ҳолда ўқув муддати белгиланади. Касбий таълим, касбга ўргатиш босқичлари бўйича ўргатилади. Касбий таълимнинг ҳам бир неча босқичлари бор: бошланғич касб таълими, ўрта касб таълими, ўрта махсус таълим, олий профессионал таълим.

Халқаро амалиётда қўшимча касб таълими ҳам ўргатилади. Шуларнинг барчаси профессионал кадрни тайёрлаш структурасини ташкил этади.

— Илгари касб-ҳунар таълимида мавжуд бўлган муаммоларга қандай ечимлар таклиф қилинмоқда? Мисол учун, ўқитувчи кўргазмали ўқув қуролларисиз дарс ўта олмаслиги мумкин...

— Таълим жараёнини фақатгина аудиторияда, синф хонасида назарий билимларни ўқитиш, амалий кўникмаларни шакллантиришнинг эса назардан четда қолиб кетиши ҳам танқидга сабаб бўлган жиҳатлардан бири бўлди.

Ҳар қандай таълимнинг пировард натижаси рақобатбардош кадрнинг пайдо бўлиши ҳисобланади. Билим ва кўникма бир нуқтада бирлаштирилгандагина меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, ялпи ички маҳсулотнинг ортишига хизмат қиладиган кадр шаклланишига эришиш мумкин.

Илгариги коллежлардан қолган моддий-техник базадан олий таълим тизимини такомиллаштириш мақсадида фойдаланиш кўзланмоқда. Меҳнат бозори талабларига жавоб берадиган, ҳар бир соҳа бўйича алоҳида вазирликка бириктириладиган коллежлар ҳам ишламоқда. Яна бири қишлоқ ҳудудларида ташкил этилаётган, Ўзбекистон учун янгилик ҳисобланган кластерларга кадр ресурсларини етказиб берувчи муассасалар.

Илгари коллеж фақат диплом беради деб танқид қилинарди. Билим, амалий кўникма, ҳар қандай янгиликни қабул қила олиш ва мослашиш қобилиятлари шакллантирилиши керак. Тан олиш керак, авваллари ўқув жараёни фақат синф хонасида назарий тушунтириш билан олиб бориларди. Ҳозир эса ўз соҳаси бўйича бевосита жараённинг ўзида иштирок этиб, кўникма ҳосил қилиш принципи етакчилик қилмоқда. Таълим технологияларининг янгича форматдаги авлодини жараёнга татбиқ қилиш масаласи ҳам кўрилмоқда.

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди

Мавзуга оид

Эълонлар

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

Ўзбекистонда смарт ГТП: газ тақсимлашда самарадорлик ва хавфсизликнинг янги босқичи

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди