Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Зеленский тинчлик бўйича музокараларда иштирок этадиган Украина делегацияси таркибини тасдиқлади
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак ушбу делегацияга бошчилик қилади. Шунингдек, у ТИВ билан келишган ҳолда музокараларга бошқаларни ҳам жалб этиши мумкин.
Украина президенти офиси раҳбари Андрей Ермак Россия билан урушни якунлаш бўйича ўтказиладиган музокараларда иштирок этувчи делегацияга бошчилик қилади. Шунингдек, Ермакнинг ўринбосари Павло Палиса, ташқи ишлар вазири Андрей Сибига ва мудофаа вазири Рустем Умеров ҳам делегация таркибидан ўрин олади. Ушбу таркибни президент Володимир Зеленский тасдиқлади. Улар 11 март куни Саудия Арабистонида АҚШ билан ўтказилган музокараларда ҳам иштирок этган эди.
Таъкидланишича, делегация халқаро шериклар билан ҳамкорлик қилиш ва «адолатли тинчликка эришиш» мақсадида тузилган. Зарур бўлса, Ермак Ташқи ишлар вазирлиги билан келишган ҳолда унинг таркибини ўзгартириши, шунингдек, давлат органлари ходимлари, илмий маслаҳатчилар ва экспертларни ишга жалб қилиши мумкин. Жидда музокаралари чоғида Украина АҚШнинг 30 кунлик сулҳ таклифига рози бўлди, бироқ Россия президенти Владимир Путин бунга дарҳол рози бўлишдан бош тортди ва аввало тафсилотларни муҳокама қилиш кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у Украина ушбу даврда қурол-яроғ қабул қилиш, сафарбарлик ўтказиш ва ҳарбий тайёргарликни тўхтатиши кераклигига оид шартларни илгари сурди.
АҚШ президенти Доналд Трамп Кремл ўз позициясини 17 мартда аниқлаштиришини кутмоқда. Ўз навбатида, Зеленский Россия жараённи атайлаб чўзаётгани, чунки у жанг майдонида ўз ҳолатини яхшилашни мақсад қилганини билдирди. Шунга қарамай, Украина аллақачон эҳтимолий сулҳни тайёрлаш ва мониторинг қилиш учун масъул бўладиган жамоани шакллантирмоқда. Унинг асосий вазифаси – ўт очишни тўхтатиш режимига қандай риоя этилишини назорат қилишдир.
«Бу жуда қийин. Бизда аччиқ тажриба бор: 25 марта ўт очишни тўхтатиш эълон қилинган, аммо уларнинг барчаси Россия томонидан бузилган... Шу боис биз улар томонидан провокацияларни кутишимиз мумкин ва фронт чизиғини ёки ҳозирги босқичда фронт деб ҳисобланиши мумкин бўлган ҳудудни назорат қилиш учун тегишли механизм зарур», — дейди ТИВ раҳбари Андрей Сибига. Шунингдек, унинг таъкидлашича, ҳар куни 1300 километр узунликдаги фронт чизиғида тўқнашувлар содир бўлмоқда ва мониторингни таъминлаш учун «қандайдир халқаро ташкилот» ҳомийлигида кузатувчиларни жалб қилиш керак.
Шунингдек, у Россияга босим ўтказиш ва уни ўт очишни тўхтатиш таклифини қабул қилишга мажбурлашга чақирди. Бу эса келгусида музокаралар столига ўтириш ва узоқ муддатли ҳамда адолатли тинчликка эришиш йўлини излаш имконини беради.
Бундан ташқари, Сибига у «дунёнинг ҳеч бир давлати украин халқининг исталган иттифоққа қўшилиш ҳақидаги танловига тўсқинлик қилишга ёки мамлакатнинг ҳарбий имкониятларига чеклов қўйишга ҳақли эмас»лигини қайд этди.
Мавзуга оид
18:44
Украина дронлари Россиянинг камида 14 регионига ҳужум қилди
10:02 / 13.06.2026
Украина армиясида кенг кўламли ислоҳотлар бошланди
23:16 / 12.06.2026
Европа Иттифоқи Украина ва Молдова аъзолиги бўйича музокараларни бошлайди
17:21 / 12.06.2026