Жамият | 21:35 / 28.09.2020
42343
14 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда фирибгарлик жиноятлари бир йилда икки баробарга кўпайди. Бунга сабаб нима?

Ижтимоий турмушда инсонлар ўзаро бир-бирлари билан муомала қилар экан, улар орасида турли хил муносабатлар ўрнатилади. Айримлар соф, ҳалол йўл билан, ўзгалар ҳақидан қўрққан ҳолда бу муносабатни ўрнатса, айримлар инсонларнинг соддалиги, ишонувчанлигини суиистеъмол қилади. Бундайларнинг ҳам жамиятда ўз номи бор: фирибгарлар ва товламачилар.

Сўнгги вақтларда фирибгарлик, товламачилик билан боғлиқ жиноятлар ортгани сир эмас. Охирги 4 йилда ушбу жиноят билан боғлиқ бир нечта шов-шувли ишлар ОАВ орқали ёритилди. «Аҳмадбой иши», «Human» ва бошқа қатор хусусий бандлик агентликлари билан боғлиқ ишлар шулар жумласидан. «Straus House» МЧЖ, «Avto 60 ой», Auto Rental каби қатор фирма ва тадбиркорлик субъектлари билан боғлиқ ишларга ҳам кўп бўлгани йўқ. Ушбу кўрсатув тайёрланиши чоғида эса, Қашқадарёда дунёга машҳур компанияларнинг сохта акциялари, яъни қимматли қоғозларини сотиш орқали 2 мингга яқин кишини 9 млн АҚШ долларига чув туширган уюшган жиноий гуруҳ қўлга олингани хабар қилинди.

Ачинарлиси шундаки, шунча воқеалардан кейин ҳам фирибгарлик жинояти ёхуд фирибгар ва ё товламачи қармоғига илинаётган ватандошлар сони камайиб қолаётгани йўқ. Қолаверса, тараққиёт юксалгани сари фирибгарликнинг янгидан янги турлари ҳам қайд этилмоқда. Ахборот технологиялари, интернет орқали амалга оширилаётган фирибгарликлар ҳам кўп учраяпти. Сўнгги 20 йилликларнинг яна бир фирибгарлиги – бу фарзандининг олий ўқув юрти талабаси бўлиши орзусидаги ота-онага нисбатан қилинмоқда.

Бундан ташқари, Kun.uz сайти томонидан оғир хаста ватандошларимизга ёрдам бериш ва савоб ишларга васила бўлиш мақсадида ташкил этиб келинадиган хайрияларда тушган маблағларни беморларнинг пластик карточкаларидан ёлғон-яшиқ сўзлар билан, беморлар ишончига кириб олиб, ўмариш ҳолатлари ҳам бир неча маротаба рўй берди.

Хўш, бундай жиноятларнинг келиб чиқиш сабаблари нимада? Фирибгарлар домига тушаётганлар шунчалик соддами ёки фирибгарлар бошқаларни ўта гўл ҳисоблашадими?

Биз шу ва бошқа саволлар билан имом-домла, ИИВ ЖҚББ оператив ходими, Тергов департаменти вакили ва психологга мурожаат қилдик.

Даставвал, фирибгарлик билан боғлиқ статистика ҳақида. ИИВ Жиноят-қидирув бош бошқармаси тақдим этган маълумотларга кўра, 2019 йил январь-июль ойида республика бўйича 1954та фирибгарлик жинояти рўйхатга олинган бўлса, 2020 йилнинг шу даврида бу рақам 3881тани ташкил этган. 2019 йилда 1748 киши қўлга олиниб, фирибгарлик жиноятини очиш 98,2 фоизни ташкил этган бўлса, 2020 йилда бу рақам 95,9 фоиздан иборат бўлмоқда.

Статистика маълумотлари билан танишар эканмиз, фирибгарлик жиноятини содир этиш услублари диққатимизни тортди. 2020 йил 7 ойи давомида содир этилган фирибгарликларнинг жами 2151таси пул олди-бердиси билан боғлиқ бўлса, 336таси чет элга ишга юборишни ваъда қилиш мазмунига эга, 331таси ўқишга киритишга доир алдовдир.

Жиноятларни кимлар содир этмоқда, деган саволга ҳам статистика маълумотида жавоб берилган. Унга биноан, 463таси аёллар, 511таси муқаддам судланганлар томонидан содир этилган бўлса, 1277та ҳолатда ишламайдиганлар фирибгарликка қўл ургани қайд этилган.

Биз фирибгарлик жиноятларини камайтириш борасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар томонидан қандай ишлар амалга оширилаётганига қизиқдик.

Фирибгарликнинг ҳуқуқий тавсифи

Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддасига кўра, ўзгани алдаш ёки унинг ишончини суиистеъмол қилган ҳолда унинг мулкини ёки мулкига бўлган ҳуқуқини қўлга киритиш фирибгарлик ҳисобланади. Фирибгарлик бошқа мулкий жиноятлардан фарқи – фирибгарликда жабрланганлар фирибгарга мол-мулкини, мол-мулкка бўлган ҳуқуқини ўз хоҳиши билан топширади.

Фуқаролар маблағларини ўзлари олиб келиб берган бўлса-да, фирибгарга жазо тайинланади.

Фуқаролар пулларини ўз қўллари билан олиб келиб беради. Улар енгил бойиб кетиш, мулкка эгалик қилиш мақсадида шундай ҳаракатларни содир этишади. Фирибгарлар маълум бир соҳани эгаллаб, билимга эга бўлишади. Шунингдек, уларда актёрлик қобилияти ҳам бўлади. Шу сабабли фирибгарлик ақлли жиноятлар турига кириб, уни ақл-заковатли инсонлар содир этади.

Бугунги кунда фирибгарликка қўл урган шахсни, айби исботланса, нималар кутмоқда? Унга қандай жазо муқаррар? Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти масъул ходими капитан Адҳам Абдуллаев сўз юритади.

Адҳам Абдуллаев

Пул эҳромлари ҳақида

– Фирибгарлик жинояти таркибини оладиган бўлсак, объектив ва субъектив томони бўлади. У бошқа фуқаролик муносабатларидан фарқли ўлароқ, фуқаро жабрланувчининг мулкига эгалик қилишни олдиндан қасд қилиши керак. Фирибгарлар тергов қилинганда жуда камдан-кам ҳолатда фирибгарлик қилиш нияти бўлганини тан олади. Жиноят иши қўзғатилгандан кейин сўроқ жараёнида ҳужжатлар тақдим қилинади, ҳужжатларнинг қаерида камчилиги борлиги текширилади. Гумонланувчи шахс жабрланганлар билан юзлаштирилганда «Пул эҳромлари» каби режа асосида ишлашаётган бўлиб чиқишади.

Фирибгарлик учун қандай жазо белгиланган?

– Жиноят кодексининг 168-моддасида кўрсатилган фирибгарлик 5та қисмга бўлинган. Уларнинг 4та қисмида жиноятни қайси ҳолларда оғирлаштирувчи малакалаш кўрсатилган. Бешинчи қисмида енгиллаштирувчи ҳолатлар баён қилинган. Яъни жиноят содир қилингандан кейин етказилган зарар тўлиқ қопланса, айбланувчи, гумонланувчи ёки судланувчига озодликдан маҳрум қилиш жазоси қўлланилмаслиги мумкин.

Охирги нуқта суднинг қарори билан қўйилади. Жиноят кодексида фирибгарлик жинояти учун максимал 8 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланади.

Фирибгарлик турлари

– Ҳозирда кўп учрайдиган фирибгарлик турларидан бири – чет элга ишга жўнатиш, чет элдаги 3-шахслардан сизнинг маълум миқдордаги пул мукофотини ютиб олганингиз ҳақидаги келадиган хатлар ҳисобланади. Шунингдек, хайрия маблағлари учун ташкил қилинган пластик карталардан пул ечиб олиш ҳолатлари ҳам бўляпти.

Ер, уй олди-сотдиси бўйича фирибгарликлар ҳам кўп учраб туради. Фирибгарлар ҳокимиятда таниши борлигини айтиб, уй олиб беришга ишонтириб, одамларнинг пулларини олиб қўйиш ҳолатлари кузатилмоқда. Шунингдек, ўқишга ёки ишга киритиш мақсадида ота-оналарни ишонтириб, пул олиш ҳолатлари ҳам охирги вақтда кўп учраб турибди.

***

Ўзбекистонда аксарият аҳоли Ислом динига эътиқод қилиши, Исломда бир-бирини алдаш, бировнинг ҳақини ейиш гуноҳ экани нуқтайи назаридан фирибгарлик иллатига доир саволлар билан «Бодомзор» жоме масжиди имом хатиби Раҳматуллоҳ Сайфуддиновга мурожаат қилдик.

Раҳматуллоҳ Сайфуддинов

Исломда фирибгарлик муолажаси

– Муолажа учун аввал дардни даволаш керак. Фириб, фирибгарлик – булар ҳаммаси ёлғоннинг шохчалари ҳисобланади. Aллоҳ Қуръони Каримда: «Молларингизни ўзаро ораларингизда ботил йўл билан еманглар», – деган. Ботил йўлга барча ҳаром ишлар: алдов билан тортиб олиш, ўғрилик, қимор, рибо, судхўрлик кириб кетади.

Имом Муслимдан келтирилишича, Aбу Ҳурайра ҳикоя қилиб берган ҳадисда шундай дейилади:

«Бир кун Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан бозор оралаб кетаётганларида бир таом сотаётган кишининг қопига қўлларини суқиб кўрдилар. Тагидан нам чиқди. «Бу нимаси эй, мол эгаси», – дедилар. Мол эгаси: «Ёмғир тегибди-да», – деб ўзини оқлади. Шунда Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамлар кўриши учун ёмғир теккан жойини юқорисига қўйсанг, бўлмасмиди? Ким бизни алдаса, мендан эмасдир», – дедилар.

Биз бу ҳадисдан раҳбар кишининг бозорларни назорат қилиб туриши, ҳалолликка чақириб туриши, ҳаромга қарши курашиши кераклиги каби фойдаларни оламиз.

Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисда фирибгарликка қарши курашяптилар. Бугун бозорларда буни мисолини кўп кўрамиз. Масалан, растага чиройли анорларни териб қўйишади, унинг тагида бошқа анор туради. Фирибнинг ҳар қандай тури ҳаром бўлиб, ман қилинган. Чунки фирибгарликда бир томон фойда топса-да, иккинчи томон зарар кўрмоқда. Динимизда эса зарар бериш ҳам йўқ, зарар кўриш ҳам йўқ.

Биз ризқимизнинг манзилини билмасак-да, ризқимиз бизнинг манзилимизни яхши билади. Фирибгарликка ҳеч ҳожат йўқ.

Соддалик фазилат эмас

– Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин одам содда бўлади ва тез алданади», – деганлар. Бу дегани содда бўлиб алданиб қолиш керак, дегани эмас. Бу бизнинг фитратимиз. Чунки софлик соддаликни тақозо қилади. Ўта пишиқ бўлишда соддалик бўлмайди.

Мўмин зийрак бўлади

– Шу билан бирга, мўмин одам зийрак бўлиши афзал ҳисобланади. Фиқҳимизда бу масала баён қилинади. Aйтиладики, бир одам бошига жароҳат етиб, савдода тез алданиб қоладиган бўлади. Унга биз қиёс қилиб содда одамни олишимиз мумкин. Шу кишига эслатма қилиб, Пайғамбаримиз: «Aлданиб қоладиган ҳолатда бўлсанг, шеригингга Исломда алдаш йўқлигини эслатиб тургин», – деганлар.

***

Албатта, ҳар бир жиноят содир этилишида унинг мотиви, сабаби бўлади. Жиноятчи ҳам ўз-ўзидан жиноятчи бўлиб қолмайди ёки онадан жиноятчи бўлиб дунёга келмайди. Хўш, фирибгарлик психологияси нима? Оддий, содда бир инсоннинг фирибгарлар қурбони бўлиб қолмаслиги мумкинми? Бу каби саволларга психолог Зебинисо Аҳмедова жавоб берди.

Зебинисо Аҳмедова

Фирибгарлик шахсият муаммосими ёки жамият?

– Жамият индивидуалликдан шаклланган. Яъни битта хусусийлик вужудга келиб умумийликка айланган. Шу хусусийликнинг ичида товламачилик, фирибгарлик, бировнинг ҳақидан қўрқмаслик уруғланса, бу юқумли бўлади. «Aҳмадбой воқеаси»да ҳам бир киши келиб, шу ишни қилди. Жуда катта натижага эришдим деганидан кейин унга бошқалар эргашди. Бу оломон психологияси дейилади.

Қачонки, жамиятнинг ичида фильтр, яъни ўз хавфсизлигини таъминлаш, қонун устуворлигига шахсан ҳар бир инсон ўзи жавобгар эканлиги тан олинмаган тақдирда оломон психологияси ишлаб кетади.

Тарбия инсонни фирибгар қилади

– Бола раҳмсизликка ўргатилса, у раҳмсизликни ўрганади. Ота-она болани калтаклаб, раҳм қилмай жабр етказса, болада раҳмсизлик шаклланади. Бола ичидаги аламзадалик, нафратни бошқа йўллар билан ўзгаларга қўллай бошлайди. Яъни бир инсон пешона тери билан топган пулини, уйсиз қолаётганини олдиндан билса-да, ниятидан қайтмайди.

Фирибгарлик қандай пайдо бўлади?

– Бола ўз қарорини, таҳлилий фикрлаш қолбилиятини йўққа чиқариб тарбияланса, унда фирибгарликка мойиллик пайдо бўлади. Бола бирор нарсага дуч келганда бу нима, бу қонунийми, менга керакми, деган танқидий саволларга жавоб бериши керак. Болада бу нарса йўқ қилинса, фильтр йўқолади. Болага бирор киши бирор нарсани таклиф қилганда, бола ўз чегарасини билиб, таклиф қилинган нарсани инкор қила олиши керак.

Фарзанддаги шу чегаранинг ичида «менинг ориятим бор, менинг мулким бор», деган инкор қилиш қобилиятини ота-она шакллантирмаса, жамиятда шаклланиши жуда қийин бўлади. Бу қобилият фақатгина йўқотишлар, азобланишлар билан шаклланади ёки шаклланмай, ўша фирибгарликка дучор бўлган инсоннинг ўзи ҳам бошқаларга фирибгарлик қилиб, йўқотганларини қайтадан топиш илинжи билан яшашни бошлайди.

Жамиятнинг ривожланиши ота-оналарга боғлиқ. Улар фарзандларига раҳм, меҳр, қонун устуворлиги туйғусини тарбия асоси қилишса, бола ҳаётда ўзи ҳам товламачи ҳам, жабрдийда ҳам бўлмайди.

Осон йўл билан пул топиш тарғиботи – нотўғри

– Телевидениеда меҳнат қилмасдан эришиладиган кир ювиш машинаси ютиб олишга, енгил автомобиль соҳибига айланишга тарғиб бўляпти. Телевидение, радио бир хил йўналишга ўтиб олишган.

Инсон ўзини алдамаслиги керак. Ҳар бир имзо, ҳар бир қадам таҳлил орқали қўйилиши керак. Aлданмайдиган инсонлар кўп бўлса, алдайдиганлар ҳеч нима қилолмайди.

***

Фуқаролар фирибгарлар домига қандай илиниб қолмоқда?

Айни саволга бевосита фирибгарлардан жабр кўрганлар қандай жавоб беришади? Kun.uz мухбирлари бу иш борасида жуда кўплаб жабрдийдалар билан учрашган, улар билан мулоқот қилган. Уларнинг сўзларидан қилинадиган хулоса шуки, мақсадга қандай бўлмасин эришиш ҳамда ҳаддан ортиқ ишонувчанликлари ва мавжуд маълумотни текшириб кўрмаслиги, бирор ҳуқуқшунос билан маслаҳатлашмаслигидир.

Хўш, фирибгарларнинг ўзлари ҳам ўзларини «фирибгар» деб билишадими, тан олишадими? Йўқ, албатта. Уларнинг ҳеч бири қилмишини тан олмайди, аксинча, мақсади одамларга ёрдам бериш бўлганини таъкидлашади.

Кўрсатув интиҳосини «Фирибгарга шайтоннинг ҳаваси келар», «Заргар фирибгар бўлса, олтин занглар» сингари халқ мақоллари билан якунлаш ниятидамиз. Ҳақиқатдан ҳам фирибгар ўзи қилаётган иш қанчалик чиркин эканини англамас экан, бу жиноят билан боғлиқ рақамлар, улардан жабр кўрганлар сони кўпаймайди, деб ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Биз жамият сифатида мақсадга кимнидир алдаш ёки қайсидир фирибгарга мурожаат қилиш билан эмас, мушкул ва мураккаб кўринса-да, ҳалол меҳнат орқали эришишни тарғиб қилишимиз, фарзандимизни тўғри йўналтиришимиз лозим.

Сўнгсўзимиз эса, фирибгарга алданманг, ўзингизни ва яқинларингизни асранг!

Толиб Раҳматов тайёрлади.

Мавзуга оид