Жамият | 21:24 / 22.05.2020
14551
8 дақиқада ўқилади

«Бутун Ўзбекистон болаларига дарс ўтиш катта масъулият юклади» — телевизион дарс ўтган устоз таассуротлари

Пандемия туфайли дунё болалари масофавий тарзда таълим олишига тўғри келди. Ўзбекистонда ҳам мактабларда IV чорак онлайн тарзда бошланиб, шу тарзда якунланмоқда.

Шарофат Тошмирзаева

Ўқувчиларни мактаб таълимидан узиб қўймаслик учун қисқа муддатда телевизион дарслар эфирга узатила бошланди.

Kun.uz мухбири ўқув йили якунида мазкур телевизион дарслар муаллифларидан бири – она тили ва адабиёт фани бўйича юқори синфларга дарс ўтган Шарофат Тошмирзаева билан суҳбатлашди.

Шарофат Тошмирзаева – Халқ таълими вазирлиги тасарруфидаги филология фанларига ихтисослашган давлат умумтаълим мактаби ва Тошкент шаҳридаги Президент мактабининг олий тоифали она тили ва адабиёт фани ўқитувчиси. У биз билан телевизион дарслар учун ўқитувчиларни саралаш ва тасвирга олиш жараёнлари ҳамда онлайн тарзда якунланаётган ўқув йили ҳақида ўз таассуротлари билан бўлишди.

Телевизион дарслар учун ўқитувчилар таркиби карантин эълон қилиниши биланоқ йиғила бошланди

– Карантин эълон қилиниб, мактаблар ёпилгач, вазият тезлик билан назоратга олингани ўқитувчи сифатида мени қувонтирди. Мактаблар 16 март кунидан ёпилган бўлса, 17 март куниёқ Тошкент шаҳридаги барча малакали ўқитувчилар Халқ таълими вазирлиги томонидан йиғилди.

Республикадаги барча ўқитувчиларни жалб қилишга эса карантин чекловлари туфайли имкон бўлмаган, назаримда.

Малакали ўқитувчилар гуруҳи ташкил қилингач, улар ҳам сараланган ҳолда телевизион дарс ўтиш учун жалб қилинди. Сўнг тасвирга олиш жараёнлари бошланиб кетди.

Коронавирусга тест топшириб, 18 кун Президент мактабида яшадик

– Телевизон дарс ўтишга таклиф қилинганимизнинг дастлабки кунлари, тасвирга олиш жараёнларининг дастлабки бир ойи МТРК Медиа марказида ташкил қилинган эди. Ҳаммамиз иссиқ жонмиз, шунинг учун дастлаб дарсларни тасвирга олиш учун телевидениега қатнаб юрганимда касаллик юқтириб олмасмиканман, деган хавотирга ҳам бордим.

Гарчи тиббий ниқоб ва ҳимоя воситалари билан таъминланган бўлсак-да, ҳайиқиш бор эди.

Бироқ маълум муддатдан сўнг тасвирга олиш ишларига жалб қилинганларнинг барчаси коронавирусга тест топширди, манфий натижа қайд этилиб, ишонч ҳосил қилингач, ўқитувчилар Тошкент шаҳридаги Президент мактабига жойлаштирилди ва шу ерда теледарсларни суратга олиш ишлари бошланди.

Президент мактабида тасвирга олиш жараёнлари тахминан 18 кун давом этди. Бу муддат давомида ўқитувчилар уйларига боришмади. Ҳамма бинони тарк этмаган ҳолда дарслар устида ишлай бошлади.

Бутун тўртинчи чорак машғулотларининг видео форматини тайёрлаш учун тун-у кун ишлашимизга тўғри келди. Баъзи кунлари фақат 2-3 соат ухлаш учун имконимиз бўлди холос. Лекин вазирлик ва Тошкент шаҳар Халқ таълими бошқармаси, Президент мактаблари агентлиги (Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги – таҳр.) ўқитувчиларнинг яхши шароитда ишлаши учун керакли барча шароитни яратишди, ёрдам беришди.

Ижтимоий тармоқлардаги танқидлар ўз устимизда ишлашга, эътиборли бўлишга ундади

– Жараённинг ўзида ҳам ўқитувчилар сараланиб борди. Масалан, айримлар 3-4та дарс ўтгандан сўнг қийналишгани ёки бошқа сабаб туфайли телевизион дарс ўтишдан воз кечишди. Баъзи ўқитувчилар эса дарсларида хато ўтгани туфайли бошқа устозлар билан алмаштирилди.

Лекин айрим ўқитувчилар  хатолари устида ишлаб, бошқа тажрибали ўқитувчиларнинг иш жараёнини кузатиб, дарс ўтишни давом эттиришди.

Вазир Шерзод Шерматовнинг ўзи ҳам дарсларимизни кузатиб, қайта ишлашимиз керак бўлган ўринларни, камчиликларини доимий таҳлил қилишимизга ёрдам берди. Мана шу шаклда дарсдан дарсга камчиликларимизни бартараф этишга ҳаракат қилиб бордик.

Ижтимоий тармоқларда айрим телевизион дарсларнинг танқид қилиниши ҳолатлари ҳам кузатилди. Булар ўз устимизда ишлашга, эътиборли бўлишга ундади.

Камера қаршисида дарс ўтиш осон бўлмади

– Гарчи ҳар куни тасвирга олиш жараёнларида қатнашган бўлсак-да, камера олдида гапириш озгина қийин бўлди. Дарсларни бутун республика болалари кузатаётганини ҳис қилиш ҳам масъулият юклади.

«Хато қилиб қўйсам-чи», деган хавотирни ҳам ҳис қилдик. Баъзида дарс ўтаётганимизда нутқимиз узилиб қолиши ёки дудуқланиб қолиш каби ҳолатларга ҳам тушдик.

Лекин, менимча, режиссёрлар, операторлар ёрдами билан бу камчиликларни енгиб ўтдик. Охирги дарсларимиздан анча кўнглимиз тўлди.

Синфхонада ўқувчилар билан дарс ўтишга, улар билан доимий савол-жавоб қилишга одатланганимиз учун телевизион дарсларда қийналдик. Бу, асосан, мавзу доирасида болаларга савол беришимиз керак бўлган ўринларда жуда билинди. Чунки савол берилгандан сўнг жавоб олиниши керак, бироқ ёлғиз ўқитувчи дарс ўтган шароитда жавоб қайтарилмаслиги аниқ.

Бунда ўқитувчидан «Мен биламан, сиз тўғри жавобни топдингиз. Ҳа, тўғри жавоб мана бу –...», дея ҳолатни чиройли якунлаш талаб қилинади. Тўғри, бу бироз табиийликдан йироқ бўлиши мумкин. Лекин дарслар тайёр бўлгач, бизни телевизор қаршисида ўқувчилар кузатишини ҳис қилиб, улар билан мулоқот қилишга ҳаракат қилдик.

Камера ўқувчиларимизнинг кўзлари эмас, республика бўйича минглаб, миллионлаб ўқувчиларни бизга яқинлаштирувчи бўлиши мумкин, бироқ барибир табиийлик, ҳарорат етишмагани бор гап.

Бу йилги ўқув йили якуни бошқаларидан фарқ қилади

– Ҳар доим ўқув йили якунида болалар меҳрини уларнинг кўзларидан ҳис қилиб турардик. Бу йилги якунда эса мана шу нарса етишмади.

Тасвирга олиш жараёнининг охирги кунида сўнгги қўнғироқ қўшиғи ҳам суратга олинди. Биз, ўқитувчилар ўзимиз ўқувчиларимиз ўрнига бу йилги «Хайр, мактабим» қўшиғини куйладик. Шу мусиқага «Онлайн мактабнинг қалдирғочлари» деган жумлалар қўшилди.

Мана шу жараёнда кўзимизга ёш келди. Чунки биз биринчи марта ўқув йилини ўқувчиларсиз якунлаяпмиз.

Биз устозлар онлайн дарс ўтиш тажрибаси кейинчалик сақланиб қолса-да, сўнгги қўнғироқ жаранглайдиган куни ўқувчиларнинг ўзлари юзма-юз тарзда ўқув йилини якунлашини хоҳлаймиз.

Телевизион дарслар ҳақида умумий хулоса

– Республиканинг интернет етиб бормаган ҳудудларига телевидение етиб борган. Менимча, деярли барча ўқувчиларда телевизор орқали таълимни давом эттириш имкони бор. Агар улар диққат билан дарсларни кузатиб боришган бўлса, давлат таълим стандарти бўйича ўқув дастурини ўзлаштира олишган.

Бундан ташқари, телевизион дарсларга тажрибали муаллимлар жалб қилинди. Уларнинг дарслари кўп ўқитувчилар учун маҳорат дарслари бўлди, менимча.

Шунингдек, тўртинчи чорак учун деярли барча фан учун кўргазмали қурол базаси яратилди. Кейинги йилларда ҳам улардан ўқитувчилар мавзуни тушунтириш жараёнида фойдаланиши мумкин. Чунки дарсликларда тушунтириш мураккаб бўлган мавзулар ҳам бор. Бу каби мавзуларни ўтишдан олдин ўқитувчилар изланишди, тушунтиришнинг осон усулларини топишга ҳаракат қилишди. Бу ҳам ёш ўқитувчилар учун тажриба бўлади.

Фикримча, карантин даври тугагандан сўнг ҳам бу тажрибани давом эттириш, бутун республикадан энг тажрибали ўқитувчиларни жалб этиш орқали теледарслар базасини яратиш мумкин.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Мавзуга оид