Абдуқодир Ҳусанов бир ойдан бери «Манчестер Сити» сафида майдонга тушгани йўқ. У охирги марта 30 март куни, Англия кубоги чорафиналида «Борнмут»га қарши ўйиннинг танаффусида захирага олинганди ва шундан кейин жамоанинг барча турнирлар доирасидаги олти ўйинида бирор дақиқа ҳам ўйнамади.

Ўтган вақт давомида бу мавзу ўзбекистонлик футбол мухлислари диққат марказида бўлиб турди, ўйинсиз сериянинг сабаблари ҳақида турлича тахминлар билдирилди, ақлга сиғмас даражадаги версиялар ҳам бўлди. Қуйида Абдуқодир жамоасининг асосий таркибидан тушиб қолиши атрофида қандай гаплар бўлиб ўтганини эслаймиз.

Ўзбекистонга сафар

Ёмон тасодиф шундаки, Ҳусанов захирага олиниши Ўзбекистонга келиб кетиши ортидан рўй берди – табиий равишда мухлислар ўртасида, футбол жамоатчилигида бу икки воқеани ўзаро боғлаш авж олди.

Лекин Ҳусановнинг Тошкентга ташрифи чоғидаги турли ролик ва тадбирларда кўрингани учун мураббий томонидан жазоланмоқда ёки спорт формасини йўқотиб қўйган, деган фаразлар вақт ўтиб асосини йўқотди, дейиш мумкин. Чунки майдонга тушмаётган бўлса-да, Ҳусанов «Лестер»га қарши ўйинни ҳисобга олмаганда кейинги барча учрашувларда қайдномага киритилмоқда. Бирор тарбиявий қарор ёки спорт формаси тушиб кетгани сабаб бўлганида, Гвардиола уни биратўла асосий жамоадан вақтинча четлатган бўларди. Зеро мураббийнинг ўзи таркиб катталиги ва баъзи футболчилар рўйхатдан тушиб қолаётгани ҳақида алоҳида гапирди ҳам. Яъни, айни дамда «Сити» таркибида нафақат асосий таркибда, балки қайдномада ҳам Абдуқодирнинг ўрнини эгаллаши мумкин бўлган футболчилар етарли.

Жароҳат

Футболчида жароҳат борлиги ҳақидаги маълумот Ўзбекистон миллий жамоаси устози Тимур Кападзе тилидан янграганди. У Ҳусановнинг ўзи билан гаплашгани, жаҳон чемпионати саралаш ўйинлари учун узоқ сафарлардан кейин тикланиш талаб этилгани, шу туфайли «Борнмут»га қарши ўйиннинг биринчи бўлимида бошқа жамоадошлари каби унинг ҳам ўйини чиқмагани, сариқ карточка олгани учун Гвардиола уни алмаштиргани, қолаверса, ўйиндаги тўқнашув чоғида оёғидан кичик жароҳат олганини айтиб берганди.

Аммо кейинроқ бу аслида жиддий сабаб эмаслиги маълум бўлди. Унда енгил лат ейиш кузатилган бўлиши мумкин, лекин бу таркибдан тушиб қолишга сабаб бўладиган даражадаги жароҳат эмасди. Ҳар ҳолда, клуб ҳам ундаги жароҳат ҳақида хабар бермаган, футболчи эса мунтазам равишда машғулотларда қатнашишда давом этиб келмоқда.