Жамият | 08:28 / 23.05.2021
14606
8 дақиқада ўқилади

Вакциналар инсон организмига қай йўсинда таъсир қилади?

Дмитрий Рогулин / ТАСС / Sipa / Scanpix / LETA

Ҳозиргача Ўзбекистонга уч хил вакцина олиб келинди. Дастлаб, 16 мартда COVAX дастури орқали AstraZeneca вакцинаси келтирилган бўлса, 27 март куни Ўзбекистон-Хитой ҳамкорлигида ишлаб чиқилгани айтилган ZF-UZ-VAC 2001 вакцинасининг 1 миллион дозаси келтирилди. Орадан бир ойча ўтиб, 23 апрелда Н.Ф.Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий-тадқиқот маркази томонидан ишлаб чиқилган «Спутник V» вакцинаси олиб келинди. Май ойи давомида ўзбек-хитой вакцинасидан яна икки партия келди.

Kun.uz аввалроқ вакциналар тарихи ва вакцинацияга оид савол-жавобларни ҳам ёритганди.

Хўш, вакциналарнинг қандай турлари бор? Бизга келтирилган ва келтирилиши мумкин бўлган вакциналар инсон организмига қай йўсинда таъсир қилади?

Коронавирус вакциналари қандай таъсир қилишини англаб олишдан аввал инсон танаси касалликка қарши қандай курашишини билиб олиш зарур. Вирус каби микроблар организмга ёпишганда, улар ҳужум қилади ва кўпая бошлайди. Мана шу ҳужум инфекция деб аталади ва у касалликка сабаб бўлади. Организм касалликка қарши курашиш учун бир неча инструментларни ишга солади. Қонда тўқима ва аъзоларга кислород етказиб берувчи қизил ҳужайралар, оқ ёки иммун ҳужайралари мавжуд. Ана шулар инфекцияга қарши курашади. Қоннинг турли хилдаги оқ ҳужайралари инфекцияга қарши бир неча йўл билан курашади.

Макрофаглар – микроб ёхуд ўлган (ўлаётган) ҳужайраларни ютиб юбориб ҳазм қиладиган қоннинг оқ ҳужайралари. Макрофаглар ўзидан ҳужум қилган микробларнинг бир қисмини қолдиради ва улар «антигенлар» деб аталади. Организм антигенларни хавфли деб топади ва антитаначаларни уларга ҳужум қилишга ундайди.

Б-лимфоцитлар қоннинг оқ мудофаа ҳужайралари. Улар макрофаглар қолдириб кетган вирус қолдиқларига ҳужум қилувчи антитаначаларни ишлаб чиқаради.

Т-лимфоцитлар қоннинг оқ мудофаа ҳужайраларининг яна бир тури. Улар организмнинг касалланган ҳужайраларига ҳужум қилади.

Инсон COVID-19 касаллигига сабаб бўлувчи инфекция билан шикастланганда, организм инфекцияни енгувчи микробга қарши инструментларни яратиб олиш ва ишга тушириши учун бир неча кун ёки ҳафта керак бўлади. Инфекция билан зарарлангандан кейин инсон иммун тизими шу касалликдан қандай ҳимояланишни эслаб қолади.

Тана бир неча Т-лимфоцитларни сақлаб туради – улар организмга бирор вирус яна тушганда тезда ишга киришадиган «хотира ҳужайралари»дир. Таниш антигенлар учраган тақдирда, Б-лимфоцитлар уларга ҳужум қилиш учун антитаначалар ишлаб чиқаради. Мутахассислар бу хотира ҳужайралари COVID-19га сабаб бўлувчи вирусга қарши қанча муддат туриб бера олишини ўрганишмоқда.

Айни дамда вакцина яратишда асосан уч хил ёндашув мавжуд. Ёндашувлар иммунизация учун нимадан фойдаланишга қараб фарқланади: бутун вирус ёки бактерия асосида; иммун жавобини қўзғатувчи микроорганизм бўлаклари; бутун вирус эмас, балки таркибида аниқ оқсиллар синтези учун код мавжуд бўлган генетик материал.

Инактивлаштирилган вакцина

Вакцина яратишнинг бу усулида касаллик тарқатувчи вирус ёки бактерия ёхуд уларга жуда ўхшаш микроорганизмлардан фойдаланилиб, улар кимёвий реагентлар, иссиқлик ёки радиация ёрдамида инактивлаштирилади (ўлдирилади). Бу усул инсонга самарали таъсир кўрсатиши исботланган бўлиб, асосан грипп ва полиомелитга қарши вакцина яратишда қўлланади ва препаратни кенг миқёсда ишлаб чиқариш имконини беради.

Бироқ уни қўллаш учун вирус ёки бактерияни хавфсиз етиштириш мумкин бўлган махсус лаборатория бинолари керак. Уни ишлаб чиқариш цикли нисбатан узоқ давом этиши, иммунизация учун икки ёки уч доза қилиниши керак бўлади.

Инактивлаштирилган вакциналар: CoronaVac (Sinovac, Хитой), Covaxin (Bharat Biotech, Ҳиндистон), Sinopharm (Sinopharm/Хитой), «КовиВак» (Чумаков маркази/Россия), BBIBP-CorV (Sinopharm/Хитой).

Заифлаштирилган тирик вакцина

Тирик вакцинада заифлаштирилган ёки жуда ўхшаш вирусдан фойдаланилади. Бундай вакцинага мисол тариқасида қизамиқ, эпидемик паротит, қизилча каби касалликларга қарши вакциналарни келтириш мумкин. Бу усулда инактивлаштирилган вакцинага ўхшаш технологиядан фойдаланилади ва ялпи ишлаб чиқариш учун фойдаланилса бўлади. Бироқ бу вакцинани заиф иммунитетли одамлар қабул қила олмаслиги мумкин.

Вирусли вектор вакцина ёки аденовирусли вакцина

Бундай вакцинада тегишли микроорганизмнинг суб-унсурлари (оқсиллари)ни етказувчи зарарсиз вирусдан фойдаланилади ва шу тариқа иммун жавоби қўзғатилади ҳамда инсон касалликка чалинмайди. Шу мақсадда зарарсиз вирус ичига тегишли патогеннинг муайян қисмларини шакллантириш учун код киритилади. Бундай зарарсиз вирус кейинчалик организм оқсилини етказиш учун платформа ёки вектор вазифасини ўтайди. Ўша оқсил иммун жавобини фаоллаштиради. Бу каби вакциналар қисқа муддатда ишлаб чиқилади, масалан, Эболага қарши вакцина.

Вирусли вектор ёки аденовирусли вакциналар: Гам-КОВИД-Вак («Спутник V», Гамалея маркази, Россия), Convidicea (CanSino Biologics, Хитой), AZD1222 (Oxford/AstraZeneca) (AstraZeneca/Оксфорд университети, Швеция/Буюк Британия), COVID-19 Vaccine Janssen (Johnson & Johnson, Нидерландия/АҚШ).

Суб-бирлик вакцина

Суб-бирлик вакциналарда вирус ёки бактериянинг иммун тизими таний оладиган фақат махсус қисмларидан фойдаланилади. Уларда бутун вектор сифатида микроорганизм ёки зарарсиз вируслар бўлмайди. Суб-бирлик сифатида оқсил ёки шакардан фойдаланилиши мумкин. Болаларга қилинадиган вакциналарнинг аксари суб-бирлик ва кўкйўтал, қоқшол, ичтерлама ва менингитдан муҳофазалайди.

Суб-бирлик вакциналар: BCG vaccine (Мельбурн университети/ Неймеген университети, Нидерландия/АҚШ/Австралия), COVI-VAC (Codagenix/АҚШ/Ҳиндистон),

Генетик материал (нуклеин кислоталар) асосидаги вакцина

Заифлаштирилган ёки яшашга қодир бўлмаган бутун микроорганизмлар ёхуд уларнинг қисмлари асосида яратилган вакциналардан фарқли ўлароқ, нуклеин кислоталар асосидаги вакцина таркибида муайян оқсилларни ишлаб чиқарувчи генетик тузилма соҳасидан фойдаланилади. ДНК ва РНК организмимиздаги ҳужайралар оқсил ишлаб чиқариши учун керак бўладиган код мавжуд. Бунда ДНК аввал информацион РНКга айланади, кейин махсус оқсилларни ишлаб чиқиш учун дастур сифатида фойдаланилади.

Нуклеин кислота асосидаги вакцина инсон организмидаги ҳужайраларга ДНК ёки мРНК кўринишидаги йўриқномалар тўпламини жўнатади ва уларга махсус оқсилни синтез қилдиради. Буни организм танийди ва унга иммун жавобини қайтаради.

Генетик материалдан фойдаланиладиган технология вакцина яратишда янги усул. Коронавирус пандемиясига қадар бирор вакцина одамларда фойдаланиш учун текширувларнинг барча босқичларидан ўтмаганди. Пандемия туфайли бу соҳада ишлар тезлашиб кетди ва мРНК асосидаги вакциналардан фойдаланишга рухсат берилди.

Генетик материал (нуклеин кислоталар) асосидаги вакцина: Comirnaty (Pfizer/BioNTech/Fosun Pharma, АҚШ/Германия/Хитой), Moderna (Moderna/NIAID, АҚШ).

Рекомбинант оқсил вакцинаси

Бундай вакциналарни спайк-оқсил асосидаги рекомбинант вакциналар, RBD (инглизча Receptor-binding domain) асосидаги вакциналар ва вирусга ўхшаш қисмлар (инглизча VLP, virus-like particle) асосидаги вакциналарга бўлиш мумкин.

Рекомбинант оқсиллар турли ҳолатларда: ҳашаротлар ҳужайраларида, сутэмизувчилар ҳужайраларида, хамиртуруш ва ўсимликларда синтез қилиниши мумкин. Қўлга киритилган модификацияларнинг натижалари ва турлари синтезнинг тизимига боғлиқ.  

Рекомбинант оқсил вакциналари: ЭпиВакКорона («Вектор» маркази, Россия) ва ZF2001 (шу жумладан, ZF-UZ-VAC 2001) (Хитой/Ўзбекистон).

Мавзуга оид