Ўзбекистон | 17:06 / 18.12.2019
27086
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистондаги 4та партия ЕОИИга аъзоликни ёқлашини яна бир бор тасдиқлади

Ўзбекистонда мавжуд бешта сиёсий партиядан тўрттаси мамлакатнинг Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кириши тарафдори бўлиб қолмоқда.

ЎзЛиДеП, «Адолат» ва Халқ демократик партиялари ҳамда Экологик партия вакиллари бугун, 18 декабрь куни хорижлик дипломатлар билан бўлган учрашувда ЕОИИга кириш тарафдори эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, учрашувда Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев партия номзодларининг мазкур масаладаги фикрлари билан қизиққан.

«Сиёсий партияларнинг халқаро ташкилотларга нисбатан муносабати ҳақида савол берилди. Жавоблардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, аввало халқаро иқтисодий ташкилотларга асосий эътибор қаратилмоқда. Шунга қарамай, номзодлар томонидан хавфсизлик масалалари ҳам жуда муҳимлиги айтиб ўтилди. Ҳа, Ўзбекистон Афғонистон билан чегарада жойлашган. Афғонистонга нисбатан ҳурмат сақлаган ҳолда, у ерда уруш кечаётганини ҳам унутмаймиз.

Албатта, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти – аввало сиёсий ташкилот. Лекин хавфсизлик масалалари билан шуғулланадиган бошқа ташкилотлар ҳам бор, хусусан Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти.

Иқтисодий интеграция борасида билдирилган фикрларга қайтиб, номзодларга савол билан мурожаат қилмоқчиман. Ҳозир Ўзбекистоннинг Евроосиё Иқтисодий Ҳамжамиятига аъзо бўлиши қанчалик мақсадга мувофиқлиги юзасидан қизғин муҳокамалар кетмоқда. Қатор партиялар аллақачон бу борада ўз фикрларини билдиришган. Мен депутатликка номзодларнинг фикрларини бевосита уларнинг ўзларидан эшитишни хоҳлардим», – деди Тюрденев.

Саволга жавобан биринчи бўлиб «Миллий тикланиш» демократик партияси вакили Илҳом Абдуллаев сўз олиб, партия бу борада ҳали якуний қарорга келмаганини билдирди, аммо шахсан ўзи ЕОИИга киришга «икки қўлини кўтариб» рози эканини таъкидлади.

«Мамлакатнинг халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлиги – ташқи сиёсатнинг жуда муҳим масалаларидан. Мен партиямиз номидан гапираман ва бу фикрларим давлатники билан бир хил бўлмаслиги мумкин.

ЕОИИ – анча истиқболли ва эффектив ташкилот. Кўпчилик бизнинг бу ташкилотга аъзо бўлишимизнинг кўплаб плюс томонларини дарҳол санаб бериши мумкин. Лекин бу – кўп қиррали ва мураккаб масала. Шундай экан, мамлакат бундай муҳим қадамни ташлаш олдидан барча плюс ва минусларни тарозига тортиб кўриши керак.

Биз партиямизда шундай экспертлар гуруҳини туздик. Мазкур масалани муҳокама қилиб, якунда биз бундан нима ютамиз ва нимани бой беришимиз мумкинлигини ҳисоб-китоб қиляпмиз.

Мен ахборот соҳаси мутахассиси сифатида бунга икки қўлимни кўтарган ҳолда розиман. Чунки ЕОИИ давлатлари ва Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ривожланиш даражасига қарайдиган бўлсак, объектив статистик кўрсаткичларга кўра бизнинг натижаларимиз пастроқ. Ташкилотга аъзо бўлиш мамлакатга ахборот соҳасини шиддат билан ривожлантириш, телефон қўнғироқлари нархини тушириш, интернет магистрал каналларига уланиш ва шу каби бошқа имкониятларни беради.

Аммо яна бир бор таъкидлайман, масала – кўп қиррали ва уни биз кўзимизни юмганча қайсидир санагача кечиктириб қўяётганимиз йўқ. Биз буни кўриб чиқяпмиз. Барча плюс-минусларни аниқ тушунган ҳолда қарор қабул қиламиз», – деди Илҳом Абдуллаев.

Қолган тўрт партия вакиллари ҳам Евросиё Иқтисодий Иттифоқига кириш фикрини қўллаб-қувватлашини билдирдилар.

Тадбирда рус элчисидан ташқари Хитой Халқ Республикасининг Ўзбекистондаги муваққат ишлар вакили Чжан Вэн Чуань, Шанхай Ҳамкорлик Ташкилоти Бош котиби ўринбосари – ШҲТнинг Ўзбекистондаги сайловларни кузатиш бўйича миссияси раҳбари Се Сяоюн ҳамда МДҲ кузатувчилар миссияси раҳбари Евгений Козяк иштирок этди.

Чапдан ўнгга: Евгений Козяк (МДҲ), Чжан Вэн Чуань (Хитой), Владимир Тюрденев (Россия), Се Сяоюн (ШҲТ)

Эслатиб ўтамиз, мазкур форматдаги савол-жавобда ўтган ҳафта АҚШ, Буюк Британия ва Жанубий Корея элчилари ҳамда БМТнинг Ўзбекистондаги бош координатори иштирок этган эди.

Мавзуга оид