Ўзбекистон | 15:50 / 29.05.2019
23376
4 дақиқада ўқилади

Президент топшириғи: Олий таълимда янги Концепция, флагман университетлар ва E-Minbar тизими

Ўзбекистон Президенти олий таълимни ривожлантириш йўлида 2030 йилгача бўлган муддатни ўз ичига қамраб олувчи янги Концепцияни ишлаб чиқишга доир топшириқ берди. Концепцияда белгиланган йўналишларга кўра, Ўзбекистонда флагман университетлар ташкил этилади, бўлажак илм-фан вакиллари орасидан зиёлилар қатлами шакллантирилади ва E-Minbar тизими орқали ҳар бир машғулотни онлайн кузатиш имкони пайдо бўлади. Kun.uz мухбири Бош вазирнинг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари Азиз Абдуҳакимовдан олинган маълумотлар асосида шу ҳақида хабар берди.

“Ўзбекистонда флагман даражадаги университетларни ташкил этиш, масалан, Миллий университет, Политехника университети ёки Самарқанд университетини жаҳон рейтингларига киритишга оид аниқ топшириқ берилди. Шу билан бирга, университетлар ўз-ўзини бошқаришда уларга кўпроқ мустақиллик ва янги имкониятлар бериш вазифаси ҳам топширилди. Ҳозир бутун дунёда “Университет – 3:0” деган янги шакл оммалашмоқда, яъни бу ОТМларда нафақат таълим бериш, балки уларнинг қошида тадқиқот институтлари, технопарклар, катта лабораториялар ва музейлар ташкил этишни кўзда тутади. Ўзбекистондаги олийгоҳларини ҳам шундай янги шаклга ўтказишга доир вазифа қўйилди”, - деди Абдуҳакимов.

Бундан ташқари, Президент олий таълим сифатини оширишга оид топшириқлар ҳам берган. Бу ўринда E-Minbar, яъни ҳар бир аудиторияда бўлиб ўтаётган машғулотни тўғридан-тўғри онлайн тарзда тарқатиш тизимини ташкил этиш таклиф қилинган. Бу олий таълим тизимида бўлмаган ёшлар ҳам ушбу онлайн-курсларда ўзларига керакли билимларни олиш имконига эга бўлишади. Шу билан бирга, таълим сифатига баҳо бериш имкони ҳам пайдо бўлади.

Вазирлар Маҳкамаси юқоридаги топшириқларни инобатга олган ҳолда, уч ой муддатда Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш Концепциясини ишлаб чиқиб, тақдим этади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Олий таълим вазирлиги педагог кадрларнинг узлуксиз малакасини ошириш ва уларни табақалаштирган ҳолда рағбатлантириш тизимини жорий этиш бўйича бир ой муддатда аниқ таклифларни киритади.

Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов ва Олий таълим вазири Ином Мажидов ҳар бир ректор билан аниқ ва мукаммал режалар тузишни йўлга қўяди. Бу режаларда 2019 йилда нима бўлиши, 2020 йилда қандай аниқ чора-тадбирлар амалга оширилиши қайд этилади.

Азиз Абдуҳакимов бундан буён икки асосий масала билан шуғулланади:

·      Академик олимлар, профессор ўқитувчиларнинг ижтимоий ҳимояси;

·      Талабаларга шарт-шароит яратиш ва улар орасидан бўлажак илм-фан вакилларини селекция қилиб, мамлакатда зиёлилар қатламини шакллантириш.

Бу борада “Ёшларни илм-фан соҳасига жалб қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси тайёрланди.

Шунингдек, топшириқларни ижро этишда Бош вазир ўринбосарининг БААга сафари доирасида орттирган тажрибаси ва мавжуд имкониятларни қўллаш тавсия этилди.

Бош вазир ўринбосарининг маълум қилишича, олий таълим тизимида тўрт доимий комиссия иш бошлайди. Биринчи комиссия илмий-тадқиқот муассасалари фаолияти таҳлили билан шуғулланиб, уларнинг муаммоларини ҳал қилишда амалий ёрдам кўрсатади. Иккинчи комиссия олий таълим муассасаларидаги ўқув жараёни ва таълим сифатини таҳлил қилиб, баҳо беради. Учинчиси маънавий-маърифий ишлар таҳлили ва олий таълим муассасаларида Президентнинг беш ташаббусини амалга ошириш билан шуғулланади. Тўртинчи комиссия олдига эса хорижда олий таълим ва илм-фан соҳасида сезиларли муваффақиятларга эришган юртдошларимизни жалб қилиш вазифаси қўйилади.

Мавзуга оид