Бир йил ичида асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархи қандай ўзгарди?
Расмий статистика асосидаги ҳисобларга кўра, охирги 1 йилда Ўзбекистонда кунгабоқар ёғи 26,9 фоизга, пахта ёғи 28,9 фоизга, шакар 36,6 фоизга, суякли мол гўшти 8,5 фоизга қимматлашган.
2022 йилнинг март ойида истеъмол секторидаги товарлар ва хизматлар ўртача 1,5 фоизга қимматлашиб, йиллик инфляция даражаси 10,5 фоизга (мос равишда озиқ-овқат маҳсулотлари секторидаги инфляция даражаси 14,5 фоизни ташкил қилган) етди.
Ўтган ойда нархлар ва тарифлар ўсишида етакчи ўринларни озиқ-овқат маҳсулотлари эгаллаб, ой давомида уларнинг нархлари ўртача 2,5 фоизга ошган. Kun.uz Статистика қўмитаси тақдим қилган маълумотлар асосида асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари нархлар ўзгаришини таҳлил қилиб чиқди.
Кунгабоқар ва пахта ёғи
2021 йилнинг март ойига нисбатан кунгабоқар ёғи 26,9 фоизга, пахта ёғи нархи эса 28,9 фоизга ошган. 2022 йилнинг 30 март ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 литр кунгабоқар ёғи 14-25 минг сўм оралиғида сотилаётгани қайд этилган. Март ойи давомида кунгабоқар ёғи 3,1 фоизга қимматлашган.
Маълумот учун, 1 апрелдан бошлаб Россиядан хорижга кунгабоқар экспорт қилиш тақиқланди. Шунингдек, 15 апрелдан кунгабоқар ёғи экспортига 1,5 млн тонналик квота киритилиши мумкин. Чекловларнинг 31 августгача амал қилиши кўзда тутилган. Ўзбекистонда ўсимлик ёғига йиллик эҳтиёжнинг ярмига яқини импорт ҳисобига қопланиши, умумий импортнинг эса қарийб 2/3 қисми Россия ҳиссасига тўғри келиши ички бозордаги нархлар қимматлашишига таъсир ўтказиши мумкин.
Шакар
Шакар нархи йиллик нисбатда олинганда 36,6 фоизга, 2021 йилнинг декабрь ойига нисбатан 14,5 фоизга, жорий йилнинг март ойида эса 12,8 фоизга қимматлашган.
2022 йилнинг 30 март ҳолатига кўра, республиканинг марказий бозорларида 1 кг шакар 8,5-14 минг сўм оралиғида сотилмоқда.
Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги маълумотларига кўра, март ойида шакар нархининг кескин қимматлашишига Россия ҳукумати томонидан шакар экспорти учун жорий қилинган чекловлар ва чакана савдо тармоғида кутилаётган узилишлар сабаб ички бозорида сунъий талаб босимининг ошиши таъсир қилган. Қўшимча қилинишича, маҳаллий ишлаб чиқариш қувватлари ички талабни тўлиқ қондира олади.
Гуруч ва буғдой уни
Йиллик нисбатда гуруч нархи 0,4 фоизга арзонлашган, буғдой уни эса 11,2 фоизга ошган. Март ойининг ўзида буғдой уни 2 фоизга қимматлашган.
Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълумотларига кўра, 2021 йил якунига қадар 2 млн 771 минг тонна буғдой дони ва 357,7 минг тонна ун хусусий сектор томонидан асосан Қозоғистондан импорт қилинган. Қозоғистон қишлоқ хўжалиги вазири Ербол Карашукеевга таяниб, хабар берилишича, қўшни республика ички бозорни ҳимоя қилиш учун буғдой ва ун экспортига вақтинчалик чекловлар киритиш устида иш олиб бормоқда. Бу ун маҳсулотлари баҳосига қўшимча босим ўтказиши мумкин.
Суякли мол гўшти
Қайд этилишича, суякли мол гўшти 2021 йилнинг март ойига нисбатан 8,5 фоизга қимматлашган.
Статқўм маълумотларига кўра, 2022 йил 30 март ҳолатига суякли мол гўштининг 1 килограмми республиканинг марказий бозорларида 45-70 минг сўм оралиғида сотилмоқда.
Йиллик нисбатда олинганда қўй гўшти ҳам 8,1 фоизга ошган, ўтган март ойи давомида эса нархларда ўзгариш содир бўлмаган. Статқўмнинг охирги маълумотлари бўйича, бозорларда қўй гўшти 55-80 минг сўм оралиғида сотилмоқда. Расмий маълумотлар шуни кўрсатадики, гўшт маҳсулотлари асосан Ўзбекистондаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан етиштирилади. Нархларнинг қимматлашишига арпа, буғдой ва бошқа чорва озуқалари нархларининг ошиши таъсир кўрсатиши мумкин.
Маълумот учун, 2021 йил давомида Ўзбекистонга 188 миллион доллар қийматидаги (2020 йилга нисбатан ўсиш 84 фоиз) гўшт маҳсулотлари (товуқ гўшти) импорт қилинган.
Тухум, сариёғ ва сут
Ўтган йилнинг март ойидан бери тухум 4,4 фоизга, сариёғ 13,4 фоизга, сут нархи эса 16,4 фоизга кўтарилган. Бу кўрсаткични 2021 йилнинг декабрь ойи билан солиштирсак, тухум нархи 3,7 фоизга арзонлашган. Сариёғ нархи 4,2 фоизга, сут нархи 4,7 фоизга қимматлашган.
Бундан ташқари, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги таҳлилларига кўра, жорий йилнинг 1-31 март кунлари бозорда киви 2 500 сўмга, мандарин 1 500 сўмга, мош 1 250 сўмга, картошка (импорт), лавлаги, турп 500 сўмга ҳамда гуруч (аланга) 250 сўмга арзонлашган. Шу билан бир қаторда, узум 12 500 сўмга, булғори қалампири (қизил) 10 000 сўмга, бодринг (орзу нави) 8 000 сўмга, анор 5 500 сўмга, апельсин ва булғори қалампири (яшил) 5 000 сўмга, помидор 4 000 сўмга, нўхот 3 000 сўмга, саримсоқ пиёз 2 500 сўмга, қовун, гуруч (лазер) ҳамда помидор (пушти) 2 000 сўмга, пиёз 1 200 сўмга, нок ва лимон 1 000 сўмга ҳамда карам 850 сўмга қимматлашган.
Маълумот учун, 2022 йилнинг январь-февраль ойларида Ўзбекистонга импорт қилинган озиқ-овқат маҳсулотлари таркибидаги юқори улушга эга бўлган маҳсулотлар:
- Буғдой – 113,1 млн долларга;
- Шакарқамиш – 59,6 млн долларга;
- Маргарин маҳсулотлари – 52,1 млн долларга;
- Қорамол гўшти – 26,5 млн долларга;
- Ўсимлик ёғи – 22,5 млн долларга;
- Картошка – 21 млн долларга;
- Какао ва шоколад – 19,6 млн долларга;
- Буғдой уни – 16,4 млн долларга.
Мавзуга оид
11:20 / 22.11.2024
“Қани депутатлар, нега қарамаяпти?” — пропан нархидан ҳайдовчилар хавотирда
11:31 / 18.11.2024
Хитой Ўзбекистонда озиқ-овқат ва асбоб-ускуналар ишлаб чиқариш масаласини кўриб чиқяпти
13:41 / 02.11.2024
Тошкент вилоятида болалар учун берилган озиқ-овқатни боғчадан олиб кетаётган мудира ушланди
08:10 / 02.11.2024