Биз сайт ишлашини яхшилаш ва сизга қулайлик яратиш учун cookies-файллардан фойдаланамиз. Давом этиш орқали сиз cookies-дан фойдаланишга розилик билдирасиз Махфийлик сиёсати Kun.uz
Ўзбекистонда мавжуд йўлларга муқобил тарзда пулли йўллар қурилиши ҳақида илк бор гапирилганига анча йиллар бўлди. Жумладан «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» пулли йўлларини қуриш ҳақида илк бор 2018 йилда айтилганди. Орадан 6 йил ўтди. Бироқ ҳанузгача амалий ишлар бошланмади. Қачон бошланиши ҳам номаълум. Буёқда эса давлат назоратида қолаётган мавжуд йўлларнинг сифати ҳам ёмон ҳолатга келиб бўлган.
Ҳар бир мамлакат иқтисодиётининг ривожланиши учун автомобил йўлларининг аҳамияти жуда катта. Турли товарларнинг ташилиши ёки транзит юкларини ўтказиш, аҳолининг транспорт воситалари билан ҳаракатланиши, хизмат кўрсатиш соҳалари учун сифатли йўллар бўлиши жуда муҳим.
Бироқ бугун Ўзбекистон ўз ҳудудидаги автомобил йўлларининг сифати борасида дунёнинг ривожланаётган давлатлари у ёқда турсин, ҳатто ўз қўшнилари билан ҳам рақобатлаша олмайди.
Ўзбекистонда халқаро аҳамиятга эга 3 626 км, республика аҳамиятига эга 16 909 км йўллар бор. Бу йўлларнинг айрим қисмларини айтмаганда асосий қисми таъмирталаб аҳволда қолмоқда.
Масаланинг барча учун ёқимсиз томони таъмирталаб йўлларнинг тақдири ҳозирча мавҳум ва уларнинг қачон жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражада сифатли қилиб таъмирлаб қўйилиши аниқ эмас. Қолаверса, бу осон ҳам эмас, жуда катта маблағ ва бир неча йилларни талаб этади.
Ўзбекистондаги халқаро йўллар
Бугун Ўзбекистон ҳудудида ўн битта халқаро аҳамиятга эга йўл бор. Уларнинг энг узуни А-380 Ғузор-Нукус-Қўнғирот-Бейнов йўли – 1 204 км. Энг қисқаси А-381 Хўжайли-Тошҳовуз автомобил йўли – 12 км (Ўзбекистон ҳудудидан ўтган қисми)
Ўзбекистон ҳудудидан ўтган халқаро йўллар:
1. М-34 Тошкент – Душанбе
М-34 Тошкент-Душанбе халқаро автомобил йўли
М-34 халқаро автомобил йўли Тошкент шаҳридан бошланиб, Янгийўл, Сирдарё, Гулистон ва Ховос орқали Тожикистон ҳудудига чиқади. Сўнг қўшни давлат пойтахти Душанбе шаҳригача боради.
Мазкур йўлнинг умумий узунлиги 469 километрни ташкил этади. Ўзбекистон ҳудудидаги қисми 160 км.
2. М-37 Самарқанд – Бухоро – Туркманбоши
М-37 Самарқанд-Бухоро-Туркманбоши халқаро автомобил йўли
М-37 халқаро автомобил йўли Самарқанддан бошланиб, Навоий, Бухоро, Туркманистоннинг Чоржўй, Мари, Ашхобод шаҳарларидан ўтиб, Каспий денгизи қирғоғида жойлашган Туркманбоши шаҳригача боради.
Мазкур йўл 1933-1937-йилларда қурила бошланган. 1960-йилларда асфальт ётқизилган. Йўлнинг умумий узунлиги қарийб 1 600 км. Ўзбекистон ҳудудидан ўтган қисми 365 км.
3. М-39 Олмаота – Тошкент – Термиз
М-39 Олмаота-Тошкент-Термиз халқаро автомобил йўли
М-39 халқаро автомобил йўли минтақадаги илк қурилган халқаро йўллардан бири ҳисобланади. У ўтган асрнинг 30-йилларида қурила бошланган.
М-39 автомобил йўлининг умумий узунлиги қарийб 1 500 км бўлиб, шундан 808 км Қозоғистон, 628 км Ўзбекистон ҳудудидан ўтади. Йўл Олмаота шаҳридан бошланиб, Тошкент, Сирдарё, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятлари орқали ўтиб, Термиз шаҳригача етади.
Сурхондарё ҳудудида Афғонистон билан чегарадаги Ҳайратон кўпригига олиб борадиган йўл ҳам М-39 йўлининг шохобчаси ҳисобланади.
4. М-41 Бишкек – Душанбе – Термиз
М-41 Бишкек-Душанбе-Термиз халқаро автомобил йўли
М-41 халқаро автомобил йўли нафақат Марказиё Осиёдаги, балки жаҳондаги денгиз сатҳидан энг баланд жойлардан ўтган йўллардан бири ҳисобланади.
Мазкур йўл Қирғизистоннинг Бишкек шаҳридан бошланади ва Ўш шаҳри орқали Тожикистон ҳудудига ўтади. Сўнг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти маркази Хорог ва мамлакат пойтахти Душанбе шаҳри орқали Ўзбекистонга, Сурхондарё вилоятига чиқади ва Термиз шаҳригача боради.
Мазкур йўлнинг катта қисми Помир тоғларидан, денгиз сатҳидан 4 минг метр баландликдан ўтади ва шу кўрсаткич бўйича у дунёдаги ноёб йўллардан ҳисобланади.
М-41нинг умумий узунлиги 1 600 км атрофида бўлиб, шундан 191 км йўл Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. М-41 Тожикистон билан чегарадош бўлган Сариосиёдан бошланиб, Денов, Қумқўрғон, Жарқўрғон туманлари орқали Термиз шаҳригача боради.
5. А-373 М-39 халқаро йўли – Гулистон – Ўш
А-373 Гулистон-Ўш халқаро автомобил йўли
А-373 халқаро автомобил йўли М-39 халқаро автомобил йўлининг Сирдарё вилоятидан ўтган қисмидан бошланиб, Гулистон, Бўка, Оҳангарон, Ангрен, Қўқон, Шаҳрихон ва Андижон шаҳарлари орқали ўтиб, Қирғизистоннинг Ўш шаҳригача боради.
Оҳангарондан Тошкентгача бўлган 45 км, Қўқон шаҳригача бўлган 66 км йўл ҳам А-373 йўлининг шохобчалари ҳисобланади. Шу сабабли айни пайтда мазкур йўл Тошкент-Ўш йўли деб ҳам аталмоқда.
Мазкур йўл барча шохобчалари билан 586 километрни ташкил этади. Унинг бир қисми гўзал табиатга эга бўлган Қамчиқ довони орқали ўтади.
6. А-376 Қўқон – Жиззах
А-376 Жиззах-Қўқон халқаро автомобил йўли
А-376 халқаро автомобил йўли Қўқон шаҳридан бошланиб, Тожикистоннинг Сўғд вилояти орқали Жиззах шаҳригача келади.
Мазкур йўл Қўқон, Бешариқ, Конибодом, Хўжанд, Бекобод, Ховос орқали ўтади ва Жиззах шаҳрида тўхтайди.
Йўлнинг умумий узунлиги қарийб 350 км бўлиб, унинг 168 километри Ўзбекистон ҳудудидан ўтади.
7. А-377 Самарқанд – Айний
А-377 Самарқанд-Айний халқаро автомобил йўли
А-377 халқаро автомобил йўли Самарқанд шаҳридан бошланиб, Тожикистоннинг Сўғд вилояти Айний туманигача боради ва шу ерда М-34 Тошкент-Душанбе халқаро автомобил йўли билан туташади.
Йўлнинг умумий узунлиги қарийб 160 км бўлиб, унинг 37 километри Ўзбекистон ҳудудида жойлашган. Йўл Тожикистон ҳудудигача Самарқанд, Тойлоқ ва Ургут туманларидан ўтиб боради.
8. А-378 Самарқанд – Ғузор
А-378 Самарқанд-Ғузор халқаро автомобил йўли
А-378 халқаро автомобил йўли Самарқанд шаҳридан бошланиб, Қашқадарё вилоятининг Ғузор тумани марказигача боради. Йўлнинг умумий узунлиги 138 км. У Самарқанд вилоятининг Самарқанд, Нуробод, Қашқадарё вилоятининг Кўкдала ва Қамаши туманлари орқали ўтиб Ғузор шаҳрига етади.
9. А-379 Навоий – Учқудуқ
А-379 Навоий-Учқудуқ халқаро автомобил йўли
А-379 халқаро автомобил йўли фақат Навоий вилоятида жойлашган. Ушбу йўл Навоий шаҳридан бошланиб, Зарафшон шаҳри орқали «тиллачилар шаҳри» Учқудуққача боради. Йўлнинг умумий узунлиги 289 км.
10. А-380 Ғузор – Нукус – Қўнғирот – Бейнов.
А-380 Ғузор-Нукус-Бейнов халқаро автомобил йўли
А-380 Ўзбекистон ҳудудидаги энг узун халқаро автомобил йўли ҳисобланади. У Қашқадарё вилоятидаги Ғузор шаҳридан бошланиб Қарши, Муборак, Бухоро, Газли, Тўрткўл, Нукус ва Қўнғирот шаҳарлари орқали ўтиб, Қозоғистондаги Бейнов шаҳригача боради. Йўлнинг умумий узунлиги 1 204 км.
Мазкур йўлнинг Қўнғиротдан Ўзбекистон чегарасигача бўлган қисми жуда ёмон аҳволда қолмоқда ва бу маҳаллий ва хорижлик ҳайдовчиларнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
11. А-381 Хўжайли – Тошҳовуз.
А-381 Хўжайли-Тошҳовуз халқаро автомобил йўли
Ўзбекистон ҳудудидаги энг қисқа халқаро йўл А-381 Хўжайли-Тошҳовуз ҳисобланади. Бу йўлнинг бор-йўғи 12 километри Ўзбекистон ҳудудида. Қолгани Турманистоннинг Тошҳовуз вилоятида.
Ўзбекистондаги йўлларнинг сифати
Бугун Ўзбекистонда нафақат халқаро йўллар, балки республика ва вилоят аҳамиятидаги ҳамда маҳаллий йўлларнинг асосий қисми таъмирталаб ҳолга келиб қолган.
Сўнгги йилларда ҳудудларда бюджет маблағлари сарфланиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида «Open budjet» лойиҳаси бошланди. Аҳоли томонидан бу лойиҳага турли ҳудудлардаги маҳаллий аҳамиятга эга бўлган йўлларни таъмирлаш ҳам киритилмоқда.
Шунингдек, жорий йилдан «Open budjet»да «Менинг йўлим» лойиҳасига старт берилди ва яқинда унинг дастлабки ғолиблари аниқланди.
Бироқ халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллар борасида бундай деб бўлмайди. Сўнгги йилларда бундай йўллар анча эътибордан четда қолмоқда. Оқибатда, уларнинг асосий қисми таъмирталаб аҳволга келиб бўлди.
Шу сабабли халқаро ва республика аҳамиятидаги йўллардаги ҳолат нафақат ҳамюртларимизни, балки Ўзбекистонга саёҳат қилиш мақсадида келаётган ёки мамлакатимиздан транзит сифатида фойдаланувчи хорижлик ҳайдовчиларнинг ҳам ҳақли эътирозларига сабаб бўляпти.
Бугун ҳукумат йўлларни сифатли таъмирлаб қўймасдан иқтисодий ривожланиб бўлмаслигини, шунингдек, ёмон йўллар сайёҳликни ривожлантиришга ҳам яхшигина тўсиқ бўлишини тушуниб етиши керак.
Сўнгги йилларда қўшни Қозоғистон, Қирғизистон ва Тожикистондан Ўзбекистонга келаётган сайёҳлар сони кескин ошди. Агар йўллар сифатли таъмирлаб қўйилса, улар ўзларининг транспорт воситалари билан айланиб кетишади ва натижада сайёҳларнинг мамлакатимизда бўлиш кунлари ошади.
2019 йилда Бухорода Самарқанддан бу кўҳна шаҳарга хорижий сайёҳларни олиб борган автобус ҳайдовчилари билан гаплашган эдим. Ўшанда улар Ўзбекистонга келадиган хорижий сайёҳлар йўлларимизнинг ёмонлигидан ёзғиришини айтишганди.
Улар сайёҳлар поездда юриш ёки самолётда учишдан кўра автобусларда юришни ёқтиришини, бироқ Самарқанддан Бухорога етиб олгунча ҳафсаласи пир бўлишини таъкидлашганди.
Бухородан Хивага боргунча Газли шаҳри яқинидаги йўлнинг жуда хароб аҳволдалиги ва шундоққина тарихий шаҳар биқинидаги йўлнинг ёмонлиги мамлакат имижига ҳам доғ бўлаётганини билдиришганди. Маълум бўлишича, Газли яқинидаги йўл ҳали ҳам таъмирланмаган.
Шунингдек, сўнгги йилларда Қорақалпоғистоннинг ғарбий қисмида, Устюртда жойлашган А-380 Ғузор - Нукус - Қўнғирот – Бейнов автомобил йўлининг 300 километрдан ошиқроқ қисми жуда ёмон аҳволга келиб қолган.
Ғузор-Нукус-Бейнов халқаро автомобил йўлининг Қорақалпоғистондаги қисми
Мамлакатимизга шимолдан кириб келаётган ўзбекистонлик ва хорижлик ҳайдовчилар таъмирталаб бўлган бу йўлдан юрак ҳовучлаб ўтишларини айтишади.
Интернет тармоқларида бу йўлдан ўтаётганида машинаси носоз ҳолга тушган ўзбекистонлик ва хорижлик ҳайдовчиларнинг кўплаб видеолари бор.
Сифатли йўлларнинг иқтисодий тараққиётдаги роли
Ҳар бир давлатда автомобил йўллари мамлакат тараққиёти учун муҳим рол ўйнайди. Фуқароларнинг транспорт воситаларида ҳаракатланиши, одам ва юк ташиш соҳалари, шунингдек, йўллар ёқасида хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ташкил этилиши кабилар иқтисодиётнинг ўсишига хизмат қилади.
Бироқ бу учун аввало сифатли йўллар керак. Йўлларни таъмирлаб қўймасдан туриб унинг ёқасида инфратузилмаларни ривожлантириш ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас.
Таъмирталаб йўллар ёқасида хизмат кўрсатиш соҳаларини ташкил этиш қийин ва мураккаб. Чунки ёзда чанг қишда лойга ботиб ётган йўл ёқасида ҳеч ким ошхона ёки бошқа хизмат кўрсатиш жойларини очмайди.
Энди рақамларга эътибор қаратамиз. Прогнозлаштириш ва иқтисодий тадқиқотлар институти маълумотларига кўра, 2017-2022 йиллар оралиғида Ўзбекистонда автомобилларда юк ташиш ҳажми 1,5 баробарга ошган.
Жумладан, 2017 йилда автомобил транспорти орқали юк ташиш ҳажми 13,6 млрд тонна километрни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 20,2 млрд тонна километрга етган.
2017 йилда автомобил транспорти орқали 5 млрд 591 млн 300 минг нафар йўловчи ташилган бўлса, 2022 йилга келиб бу кўрсаткич 6 млрд 17 млн 2 минг нафар йўловчига етган.
2017 йилда йўловчи айланмаси 130 млрд йўловчи-километр бўлган. 2022 йилда 144 млрд 7 млн йўловчи-километрга ошган.
2022 йилда йўловчи ташишда автомобил транспортининг улуши 97,5 фоизни ташкил этган. 2021 йилда бу кўрсаткич 98,1 фоизни ташкил этган ва йил давомида автомобил транспорти орқали 5 млрд 914 млн 200 минг киши ташилган.
Агар қолган транспорт турларида ташилган йўловчилар сонига эътибор берилса, шаҳар электр транспортида (трамвай, троллейбус ва метро) 104 млн 600 минг, темирйўл орқали 7 млн 900 минг, ҳаво транспортида 3 млн йўловчи ташилган.
Юқоридаги рақамлардан ҳам кўриш мумкин, бугун Ўзбекистонда йўловчиларнинг ва юкларнинг асосий қисми автомобил транспорти орқали ташилмоқда.
Муаммонинг ечими ёхуд «туя гўшти еган» хусусий йўллар
Исталган мамлакатда йўллар сифатини ва шунга ҳамоҳанг хизмат кўрсатиш соҳалари ва инфратузилмаларни ривожлантиришда пулли йўлларнинг аҳамияти беқиёс.
Ўзбекистонда мавжуд йўлларга муқобил тарзда пулли йўллар қурилиши ҳақида илк бор гапирилганига анча йиллар бўлди. Бироқ ҳанузгача амалий ишлар бошланмади. Қачон бошланиши ҳам номаълум.
Жумладан, 2018 йилда Тошкентда Давлат автомобиль йўллари қўмитаси раҳбари Абдураҳмон Абдувалиев ва Германиянинг GP Papenburg AG компанияси бошқаруви раиси Гюнтер Папенбург ўртасида учрашув бўлиб ўтганди.
Унда Ўзбекистонда давлат-хусусий сектор ҳамкорлиги тамойиллари асосида автомобиль йўлларини қуриш муҳокама қилинганди. Ўшанда Ўзбекистонда 2020 йилга келиб биринчи пулли йўллар пайдо бўлиши мумкинлиги айтилганди.
2018 йил сентябр ойида Инвестициялар бўйича давлат қўмитасида қўмита раисининг биринчи ўринбосари Лазиз Қудратов Туркиянинг Cengiz — Kolin — Kalyon компаниялар консорциуми билан учрашуви бўлиб ўтганди
Учрашувда Тошкент – Самарқанд йўналиши бўйича давлат - хусусий шериклик принципларида автомобиль йўлини қуриш масаласи муҳокама қилинганди.
2019 йил 29 апрел куни «Mahalla» газетасида пулли йўллар ҳақида хабар берилди. Кўп ўтмай ушбу хабар ЎзАда ҳам эълон қилинди.
«2019 йил 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Республика иқтисодиётига тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш механизмларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори эълон қилинди. Ушбу ҳужжатга кўра, яқин йилларда «Тошкент – Андижон» ва «Тошкент – Самарқанд» йўналишлари бўйлаб пулли автомобиль йўллари қурилиши белгиланди», деб ёзилган эди хабарда.
Орадан бир неча ой ўтиб, 2019 йил 11 октябр куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Транспорт вазирлиги мутасаддилари қурилиши режалаштирилган пулли йўллар бўйича маълумот берилди.
Жумладан, «Тошкент-Андижон» пулли йўли бўйича Жаҳон банки томонидан грант ажратилгани, бу масалада «Pricewaterhouse Coopers» хорижий компанияси лойиҳавий ўрганиш ишларини амалга ошираётганини айтилганди.
Шунингдек, мазкур компания томонидан «Тошкент – Андижон» пулли йўли, шунингдек Қамчиқ довонида 16,4 километрлик туннел қуриш режалаштирилгани айтилганди.
Бундан ташқари, анжуманда «Тошкент – Самарқанд» йўли лойиҳаси Европа Тикланиш ва тараққиёт банки тендери кўмагида амалга оширилаётгани айтилган. Россиянинг «Спектрум» консултантлар гуруҳи томонидан лойиҳа ҳужжатлари ишлаб чиқиш бўйича музокаралар олиб борилаётгани таъкидланганди.
2019 йил ноябр ойида Олий Мажлис Сенатининг 24-ялпи мажлисида сенаторлардан бири Бош вазири ўринбосари Элёр Ғаниевдан хорижлик ҳамкорлар билан бирга амалга оширилиши айтилган «Тошкент – Самарқанд» йўналишидаги пулли йўл қурилиши қайси босқичда экани, нега ушбу лойиҳани амалга ошириш чўзилиб кетгани ҳақида сўрайди.
«Тошкент – Самарқанд» йўлини қуриш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Бу йўл пулли бўлиши керак. Аммо қурувчилар фойдаланувчилардан ундириладиган ҳақни жуда катта белгилашяпти. Бу бизга умуман тўғри келмайди. Айни пайтда бу борада ўнга яқин лойиҳаларни ўрганиб чиқяпмиз», деб жавоб беради Элёр Ғаниев.
Элёр Ғаниев
2020 йил январ ойида Давлат-хусусий шериклик ривожлантириш агентлиги «Тошкент — Андижон» пулли автомобиль йўлини қуриш лойиҳаси тайёрланаётганини айтганди.
Агентликка кўра, лойиҳани амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб топилганда, 2021 апрелгача тендер ҳужжатлари тайёрланиб, 2022 йил апрелгача тендер босқичлари амалга оширилиши ҳамда тендер ғолиби билан 2022 йил апрел ойида давлат-хусусий шериклик асосида битим имзоланиши кутилаётганини маълум қилганди.
Кейинчалик ҳам «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» пулли йўллари ҳақида кўп бор гапирилди, турли маълумотлар берилди. Бироқ амалий ишлар «туя гўштини ейишда» давом этаверди.
«Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» пулли йўллари ҳақида сўнгги бор 2022 йил октябр ойида Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлиги директори Зокир Бозоров гапирганди.
У 2022-2026 йилларда транспорт соҳасида амалга оширилиши режалаштирилган 5 та йирик лойиҳа бўйича ҳужжатлар тайёрлаш ва ўрганиш ишлари давом этаётганини айтганди.
Шу бешта лойиҳа ичида «Тошкент – Самарқанд» ва «Тошкент – Андижон» пулли йўлларининг қурилиши ҳам бор.
Зокир Бозоров
Мана ҳаш-паш дегунча 2023 йилнинг 4 ойи ортда қолди. Бемалол юраверсак 2026 йил ҳам бир зумда келиб қолади. Вазият шу зайлда давом этаверса Зокир Бозоров айтиб ўтган бешта лойиҳани 2026 йилгача қуриб битказишнинг иложи бўлармикан?
Бир неча юз километрдан иборат иккита йирик йўлни нолдан қуриш осон иш эмас. Бу ёқда эса вақт эса кутиб турмайди. Ҳатто қурилиш ишлари ҳозир бошланса ҳам, иккита йўл 2026 йилгача битмаслиги мумкин.
Ёки ўша пайтга бориб лойиҳаларни амалга ошириш муддати 2030 йилга узайтирилганини айтишармикан? Ахир турли лойиҳаларни битказишни пайсалга солиб, сўнг муддатни кечиктиришга ўрганиб қолдик-ку!
Бу саволга баралла «йўқ» деб жавоб берса бўлади. Чунки мустақилликдан сўнг ўтган ўттиз бир йилда ҳам таъмир кўрмаган халқаро ва республикага аҳамиятига эга йўлларимиз бор.
Бугун оддий фуқаро ҳам, йўл қурилиши масаласида академик даражасига чиққан одам ҳам Ўзбекистон келажакда ўз ҳудудидаги йўлларни ўз маблағлари ҳисобидан сифатли қилиб таъмирлаб қўя олмаслигини билиб турибди.
Чунки йўлларга доимий равишда қараб туриш керак ва бу учун катта маблағ керак бўлади. Бугун таъмирланган йўл бир неча йилдан сўнг яна яроқсиз ҳолга келиб қолиши мумкин. У ёқда эса узоқ ҳудудлардаги йўлларни таъмирлашга навбат ҳам етиб бормаяпти.
Шу сабабли йўлларнинг бир қисмини пулли йўлларга айлантириш ва шу йўл билан уларнинг сифатини ушлаб туриш мумкин. Бу учун эса Америка очиш шарт эмас. Шунчаки анча йиллардан буён пулли йўллар қуриб ишлатиб келаётган хорижий давлатлар тажрибасини тезлик билан амалиётга киритиш, соҳага хорижий инвесторларни жалб қилиш кифоя.
Хитойдаги пулли йўлга ўтиш жойи
Бунда одамларнинг тўлов қобилияти пастлигини баҳона қилиш ярамайди. Ҳатто аҳолининг турмуш даражаси биздан анча паст бўлган қўшни Тожикистонда пулли йўллар пайдо бўлганига анча йиллар бўлди.
Қолаверса, ҳайдовчилар носоз йўлларда юриб машинасига жиддий шикаст етказиб, сўнг уни катта пулга таъмирлатгандан кўра пулли бўлса ҳам сифатли йўлларда юришни афзал билишига заррача гумоним йўқ.