“Қонунни бузмаса, нимадан қўрқади?” — жамоатчилик ЙПХ ходимларининг видеосини тарқатиш тақиқланишига қарши бўлмоқда
Расмий порталда Ички ишлар вазирлигининг таклифи юзасидан билдирилган фикрлар сони мингдан ошди, уларнинг мутлақ кўпчилиги якдил фикрда: лойиҳа қабул қилинмаслиги керак. “Агар шунча эътирозга қарамай, ҳукумат қарори кучга кирса, келгусида ҳар қандай ижобий ўзгаришлар бўлишини унутса ҳам бўлади”, дея ёзган фуқаролардан бири.
Ўзбекистонда ЙПХ ходимларини фото ва видеога олиб, уларнинг рухсатисиз интернетда тарқатиш тақиқланиши мумкин. Шу мазмундаги ҳукумат қарори лойиҳаси бўйича жамоатчилик муҳокамаси 29 мартгача давом этади. Ҳозирга қадар лойиҳа юзасидан мингдан зиёд таклиф билдирилган.
Ўзбекистонлик интернет фойдаланувчилари ушбу уринишни салбий қаршилашди. Kun.uz мавзу юзасидан ижтимоий тармоқларда билдирилган фикрларга эътибор қаратди.
“Видеога олиш, яъни жамоатчилик назорати орқали “ГАИ” ходимларининг саводхонлиги анча ошди. Илгари уларни видеога олиш мумкин бўлмаган пайтларда ходимлар билганини қиларди, ҳайдовчиларга ноҳақ “протокол” расмийлаштиришарди. Жамоатчилик назорати орқали тизим анча тартибга солинди. Энди орқага қайтиш йўқ”. — Рустам Каримов
“Таклиф этилаётган ўзгартириш адолатга эмас, балки ўз мансаб-лавозимига нолойиқ бўлган ЙПХ ходимларининг ноқонуний ҳаракатларини рағбатлантириш учун кўпроқ хизмат қилади. Ушбу қонун ҳужжатини муҳокамага қўйишнинг ўзи фуқаролик демократик жамиятини шакллантиришдаги ҳаракатларимизга болта уриши тайин”. — Эркин Каримов
“Йўл ҳаракатини тартибга солиш Ўзбекистон Республикасининг “Йўл ҳаракати хавфсизлиги тўғрисида”ги қонуни билан тартибга солинган. Мазкур қонунда Вазирлар Маҳкамасига йўл ҳаракати иштироки даврида видеотасвирга олишни тақиқлаш ваколати мавжуд эмас. Бу – масаланинг қонуний тарафи!
Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг асосий талаблардан бири очиқлик ҳисобланади. Айнан шу очиқлик натижасида йўлларда радар белгиси ўрнатилди, инспекторларга бодикамералар берилди, ЙПХ ходимларининг асоссиз текширувлар ўтказиш ҳуқуқи бекор қилинди. Хўш, яна тақиқдан мақсад нима? ЙПХ ходимлари нимадан қўрқяпти? Халқданми? Ўзи хизмат қилиши керак бўлган халқнинг ўзига юклатилган вазифани бажаришини назорат қилишдан нимага яширинмоқчи?
Булар халқ хизматчилари бўлишадими ёки йўл хўжайинлари? Зеро, сир эмаски, айнан очиқлик натижасида инспекторлар орасида тартиб пайдо бўла бошлади! Бу – президентимиз олиб бораётган сиёсатнинг ижобий натижаси. Аммо эски гвардия ёки аввалги тузумни қўмсаб қолган айрим виждонсизлар яна халққа қарши чеклаш ва тақиқлаш механизмларини таклиф этишяпти. Бу ҳужжатни умуман чиқармаслик керак”. — Азизбек Қурбонов
“Таклиф этилаётган ўзгаришга қаршиман. Бу – ошкораликни чеклаш ва ходимнинг хизмат пайтида ноқонуний хатти-ҳаракат қилиш эҳтимолини оширади. Хизмат фаолиятининг видеосини омма кўриши мумкинлигини ҳис қилиб турган ходим ўз хизмат вазифасини имкон қадар қонун доирасида олиб боришга интилади. Қонун ижроси таъминланиши бу – энг устувор вазифа”. — Баҳодир Ғафуров
“Тақиқлашга уринишаётганининг сабаби интернетда тарқалаётган аксарият ЙПХ ходимларининг саводсизлиги ва муомала маданияти йўқлиги кўриниб қолмоқда, ИИВдагилар шундан қўрқиб қолишди”. — Меҳриддин Саидов
“Қонуний ишлашса, нимадан қўрқишади?! Асаби кўтармаса, жамоатчилик назаридаги касбда ишлашмасин! Тақиқлашга эришишса, хоҳлаганини қилишади, жамоатчилик назорати уларни озгина тартибга солган эди”. — Иномжон Тешабоев
“Ҳеч бир ходим рухсат бермайди тармоққа ўзи ҳақида видеоролик чиқаришга, айниқса, у хизмат вазифасидан ташқарига чиққан бўлса. Яхшиси, ходимлар ўзларининг бодикамераларини ёқиб юришсин, фуқаронинг видеога олишидан қўрқадиган жойи ҳам қолмайди. Шу ўзгартириш билан жаноб Ғиёсов ўзини ва ходимларини тармоқлардаги негатив муносабатлардан асраб қолмоқчи. Ўзгартириш киритишга қаршиман”. — Азиз Абдуллаев
“ЙПХ ходимларининг ўзи тўғри ишласа бўлди-ку, ўзлари тўғри ишламаганиданми бу қарорлар?!” — Адҳам Деҳқонов
“Таклиф этилаётган норманинг қонунчиликка киритилиши бошқа бир қонун (ҳуқуқ) принципи бузилишига олиб келади. Яъни фуқароларнинг жамоатчилик назоратини олиб боришга нисбатан ҳуқуқи чекланади. Шу нуқтайи назардан ушбу нормани бошқача мазмунда, яъни ЙПХ ходимининг хизмат вазифасини олиб бориш жараёни фото ва видео тасвирларини интернетга жойлашда унинг шахсга доир маълумотларини (юзи, ФИШ) ошкор этмаслик талабини қўйиш керак”. — Умид Ражабов
“Самарқандда солиқчи билан билан рўй берган воқеада бодикамера тасвирларини қирқиб, монтаж қилинганини ҳам кўрдик”. — Шерзод Ортиқов
“Ходимларга боди-камера олиб беришди. Лекин иш судга ошадиган бўлса, боди-камерадаги тасвирлар монтаж қилинганини кўрдик. ЙПХ ходимларини видеога олиш орқали тизимдагилар ўз айбларини беркитишмоқчи, бунга қаршилик қилишимиз керак. Индамай қараб турсак, булар кўп нарсани хоҳлашади”. — Тўрахўжа Валисов
“ЙПХ ходимларининг бодикамерасини интернетга улаш керак. Улар қандай ишлашини ҳамма кўрсин”. — Ҳамдам Суюнов
“Видеога олиш тақиқлангудек бўлса, жамоатчилик назорати йўқ бўлиб кетади-ку!?” — Алижон Низомиддинов
“Интернетга қўйилаётган видеоларда ходимларнинг шахси очиқланмаса ва юзи аниқ кўрсатилмаса-чи?” — Жўрабек Иброҳимов
“Ходимлар қонун доирасида ишлашсин, нимадан қўрқишади? Электрошокерни қонунга зид ҳолатларда қўллагани акс этган видеолар тарқалиб, уларга нисбатан одамларда нафрат уйғонаётганидан хавотирланишяптими?” — Мубинахон Шайхзода
“Тасаввур қилинг, ҳайдовчини каттароқ жарима билан қўрқитиб, зўрға пора ундиряпсиз. Ёки қўлингиз ва оғзингизга эрк бериб, фуқарони хумордан чиққунча сўкиб-уриб турибсиз-да, сизни шу вазиятда тасвирга олишяпти. Худди Каттақўрғонда солиқчини уриб ўлдиргандай. Ёки ҳайдовчининг саволларига жавоб беролмай, интернетга чиқиб шарманда бўляпсиз. Алам қилади-да”. — Улуғбек Одил
“Ходимларнинг боди-камераси бор-ку, кимдир уларга туҳмат қилса, исботлашга ақли етмасмикан?” — Ғиёсиддин Ражабов
“Бу қарор тасдиқланишига қаршиман, кўп ҳолларда ЙПХ ходимлари зўравонлик қилишганига гувоҳи бўламиз. Бунақа ҳолатларнинг олдини олиш учун улар билан бўлган мулоқотни тегишли жойга юбориш, шунингдек, тармоққа жойлаштириш ҳуқуқи бизда қолдирилиши керак”. — Элдор Ҳожиев
“Умуман нотўғри таклиф. ЙПХ ходимлари давлат бюджетидан ойлик олади ва бу бюджет халқ тўлаган солиқлар орқали тўлдирилади. ЙПХ ходимлари (ва бошқа давлат ишчилари) иш жараёнида шаффофликни таъминлаши зарурлиги Ўзбекистон Республикаси президенти томонидан ҳам бир неча маротаба таъкидлаб ўтилган. Агар ЙПХ ходимлари ҳалол ва қонун доирасида иш қилса, нимага видеоёзувлардан уялиши керак? Улар хизматда, шахсий ҳаёти эмас”. — Ислом Жамолов
“Нима учун ушбу “тузатишлар” халқ манфаати учун эмас, фақат маълум бир тоифа манфаатига хизмат қилиши керак?” — Нодир Усмонов
“Очиғи, айрим ЙПХ ходимлари ҳайдовчилар билан худди жиноятчидай муомала қилишади”. — Сардор Жумақулов
“Бу қарор ЙПХ ходимларининг халқдан устунлигини, ҳуқуқлар тенг эмаслигини кўрсатади”. — Мансур Аллаяров
“Видеога олиш учун ЙПХ ходимининг рухсати нимага керак? Мен бу ўзгартиришга қаршиман. Бу ўзгартириш фуқароларнинг ҳуқуқларни чеклаш ҳисобланади, жамоатчилик назоратига хавф солади”. — Маъмура Мархоева
“Агар қабул қилинадиган бўлса, рейд ва бошқа ҳолатларда ҳайдовчи ва йўловчиларнинг розилигисиз уларнинг фото ва видео тасвирлари телевидение, сайт ва тармоқларда тарқатилиши хам тақиқлансин. Рейд ва бошқа ҳолатларда олинган фото ва видеоматериаллар тармоқ орқали бериб борилмоқда-ку. Фото ва видеоматериаллар ЙПХ ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари олдини олиш, уларни жамоатчиликдан бекитишга йўл қўймаслик учун олиниши ҳам мумкин-ку”. — Шарофиддин Ҳукумов
“Ҳалол, пок ишлаган, хизмат қилганлар ҳеч нарсадан қўрқмайди. Ҳалоллик йўқ жойда шармандали ҳолатни яширишга уриниш бўлади”. — Саидбурҳон Баҳриддинов
“Фуқаролар томонидан ЙПХ ходимларини видеога олишни тақиқлаш учун бекорга ҳаракат қилишмаяпти. Охирги вақтларда бодикамералар тўлиқ ишламаяпти, яъни номигагина кўкрак нишонга айланган. Фойдаси бўлгани учун шунча ваҳима қилишмоқда. Агар бу ўзгаришдан фуқароларга фойда бўлганда бунча ваҳима қаерда дейсиз?” — Ибрагим Раимқулов
“Ходимларни видеотасвирга олишнинг салбий томони йўқ, аксинча, яхши томони бор. ЙПХ ходими нотўғри ҳаракат қилса, унга нисбатан далил бор. Агар ходимга фуқаро туҳмат қилса, бу видео унга қарши далил бўлади! Яъни видеога олиш имконияти ким ҳақ, ким ноҳақлигини кўрсатиб беради. Шундай вазиятда ходимларни видеога олишни тақиқлаб, ҳақиқатни яшириш кимга керак бўлиб қолди? Асосий савол – шу”. — Ҳасан Маҳамадмуродов
“Ички ишлар органлари ва ЙПХ ходимларининг хизмат вазифалари очиқ бўлса, ноқонуний ҳаракат содир этишмаса, уларни видеотасвирга олишни нима учун тақиқлаш керак? Аксинча, бу орқали айрим нопок ходимларнинг қонунга зид қилмишлари олди олинади-ку. Қонунчиликка киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлардан энг аввало халқ манфати кўзланиши керак”. — Зоир Бадалов.
“Ўзи хон, кўланкаси майдон бўлиб юрмоқчими “ГАИ”лар?! Бу мумкин эмас! Бу эркатойлар халқ пулидан отни калласидек маош олиб юрган, яна ҳаддидан ошиб кетмаслигига ким кафолат беради? Ёки яна камерасиз, яширин пора тизимини йўлга қўйишмоқчими?!” — Мақсуд Жуманиязов
“ЙПХ ходими қонунни яхши билса, фуқаро хоҳлаганича видеотасвирга олаверсин, у эса қонун доирасида чора кўраверсин. Аксинча, ИИВ интернетда тарқалаётган видеолар асосида қоидабузарларга нисбатан қонуний чора кўра олган ва ҳайдовчининг саволларига қонун доирасида жавоб бера олган ЙПХ ходимларининг рейтингини тузиб борса, мақсадга мувофиқ бўлади”. — Ҳамидулла Рўзиев
“Агар шунча эътирозларга қарамай, ҳукумат қарори кучга кирса, келгусида ҳар қандай ижобий ўзгаришлар бўлишини унутса ҳам бўлади. Шундоғам ижтимоий тармоқларда пайдо бўлган нисбий сўз эркинлиги борган сари қисқариб бормоқда”. — Шуҳрат Рустамов
Эслатиб ўтамиз, ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шоҳрух Ғиёсов 2020 йил декабрда ички ишлар ходимлари ишига халақит бермаган ҳолда тасвирга олиш ва хоҳлаган платформага видеони қўйиш мумкинлигини таъкидлаганди. “Биз ички ишлар органлари – давлат хизматчисимиз. Давлат хизматчисини хоҳлаган одам, хоҳлаган вақтида тасвирга олиши мумкин ва хоҳлаган платформага ушбу видеони қўйиши мумкин. Бу ҳеч қаерда тақиқланмаган”, деганди ўшанда Ғиёсов.
Шу йилнинг февраль ойида ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев ОАВга берган интервьюсида хизмат вазифасини бажариш жараёнидаги ходимларни видеотасвирга олгандан сўнг унинг рухсатисиз ижтимоий тармоқларда тарқатганларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланишини айтганди.
14 март куни жамоатчилик муҳокамасига қўйилган лойиҳа ҳақида ИИВ на сайтида ва на ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида маълум қилгани йўқ.
Аввалроқ блогерлар ҳам ИИВнинг ушбу ташаббусини танқид қилиб чиқишганди. Медиа-ҳуқуқшунос Мадина Турсунова ЙПХ ходимларини тасвирга олишни тақиқлаш қандай оқибатларга олиб келишини таҳлил қилиб берганди.
Мавзуга оид
17:59 / 20.11.2024
Президент норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари жамоатчилик билан муҳокама қилинмаётганига эътироз билдирди
16:11 / 17.11.2024
Пробация бўлинмалари ходимларининг ваколатлари кенгайтирилди
16:25 / 19.09.2024
«Судга ижтимоий босимнинг олдини олиш учун жараён ёпиқ ўтказиляпти» – Судялар олий кенгаши Азиз Воитов иши ҳақида
15:31 / 12.09.2024