Жамият | 10:52 / 22.11.2025
24863
4 дақиқада ўқилади

«Видеоёзув бўйича экспертиза хулосаси чиқса танишиб, кейин кўрсатма бераман» – собиқ ИИБ бошлиғи кўрсатма беришдан яна бош тортди

Фурқат тумани ИИБ мансабдорлари устидан 21 ноябр куни бўлиб ўтган навбатдаги суд мажлисида Акмал Хўжаев ва унинг ўринбосари бўлган Жасур Расулов кўрсатмалари тингланиши керак эди. Собиқ ИИБ бошлиғининг айтишича, у солиқ инспекцияси бошлиғи уйида бўладиган «тезкор тадбир» ҳақида туман прокурорини оғзаки хабардор қилган.

Фото: Kun.uz

Кеча, 21 ноябр кунги суд мажлисида Фурқат тумани собиқ ИИБ бошлиғи ва жиноят ишидаги судланувчилардан бири Акмал Хўжаев кўрсатма беришдан аввал судга илтимоснома киритди. У ўз илтимосномасида 17 апрел куни ўтказилган тезкор тадбир ҳақида туман прокурорини оғзаки равишда огоҳлантирганини, бироқ прокурор мазкур ҳолатни инкор этаётганини билдирган. Шунингдек, Гулираъно Қосимова 22 апрел куни ўз жонига суиқасд қилганини қайд этар экан, ушбу воқеа жиноят ҳақидаги хабар сифатида рўйхатга олинган-олинмаганини аниқлаш мақсадида туман прокуроридан “Шакл-1” китобини тақдим этишни сўраб, суддан тегишли ажрим чиқаришни илтимос қилди.

Илтимоснома суд раиси томонидан қисман қаноатлантирилди.

Шундан сўнг суд раиси Акмал Хўжаевдан тезкор тадбир ҳақида кўрсатма беришини сўради. ИИБ собиқ бошлиғи барча экспертиза хулосалари билан танишиб чиққач кўрсатма беришини айтди. ИИБ бошлиғи ўринбосари Жасур Расулов ҳам экспертиза хулосалари билан танишиб бўлгач кўрсатма беришини маълум қилди.

Маълумот учун, суд Г.Қосимовага нисбатан ўтказилган тадбирда ИИБ ходимлари тасвирга олган видеоёзув, Г.Қосимова тадбир куни ушлаб турилган ИИБ биносидаги хона камера ёзуви ҳамда Г.Қосимованинг телефонидаги видеоёзувлар бўйича экспертиза тайинлаган ва уни ўтказишни Х.Сулаймонова номидаги экспертиза марказига топширган. Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов ушбу экспертизалар хулосаларини назарда тутмоқда.

Акмал Хўжаев ва Жасур Расулов суд жараёни аввалида барча гувоҳлар кўрсатмасидан сўнг кўрсатма беришини айтган эди.

Суд 25 ноябрга қадар танаффус эълон қилди.

Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилишини сўраган.  

Аввалги суд мажлисида кўрсатма берган Фурқат туман солиқ инспекцияси собиқ бошлиғи, иш бўйича жабрланувчилардан бири бўлган Қурбонали Абдураҳмонов ўзи билан бир вақтда ишлаган туман ИИБ бошлиғи Акмал Хўжаев унга милиция ходимлари кунига 20 та телевизор олиб берасан деган топшириқ берганини, у рад этганидан сўнг ИИБ бошлиғи «ИИБга қарши чиқиш қандай бўлишини кўрсатиб қўйиш» билан таҳдид қилганини эслаганди.

22 октябр куни ўтган суд мажлисида эса гувоҳ тариқасида чақирилган ИИБ ходимлари Ғайрат Отақулов ва Юсуф Ёқубов судга келмагани боис судланувчилар Акмал Хўжаев (собиқ ИИБ бошлиғи) ва Жасур Расулов (ИИБ бошлиғининг собиқ ўринбосари) гувоҳлар эшитилмай туриб кўрсатма бермасликларини айтганди.

24 октябр куни Фурқат тумани ИИБ мансабдорлари устидан навбатдаги суд мажлисида жабрланувчи аёл ечинтирилгани айтилаётган «тезкор тадбир» иштирокчиси бўлмиш ИИБ тезкор ходими Юсуфбек Ёқубов сўроқ қилинган ва «давлат сири» деган важ билан судда ОАВ иштироки чеклаб қўйилганди.

7 ноябр кунги суд мажлисида судя жабрланувчи Гулираъно Қосимовани «иш юритиш тартибини бузгани учун» суд залидан чиқариб юборган эди.

Шундан сўнг Г.Қосимова ижтимоий тармоқ орқали видеомурожаат йўллаб, судя унга нисбатан адолатсизлик қилаётганини, ИИБ собиқ амалдорларига ён босаётганини айтди. Ушбу баёнот ортида 12 ноябрдан бошлаб суд мажлиси ОАВ иштироки учун очиб қўйилди.

Муаллиф:  Сарвар Зияев

Мавзуга оид