Фарғонада ИИБ ходимлари томонидан таҳқирланган Гулираъно Қосимова иши доирасида навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди. Унда солиқ инспекцияси бошлиғининг хизмат уйида ўтказилган “тезкор тадбир” иштирокчилари Ғайрат Отақулов, Юсуф Ёқубов, Тоҳир Баширов, Соҳиб Назаров, Аъзам Ҳамиджонов, Азиз Мамажонов, Элбек Муҳаммаджонов, Дилшод Қаҳҳоров ҳамда Муҳаммаджон Ортиқов гувоҳ тариқасида сўроқ бериш учун қатнашди.
Дастлаб “тезкор тадбир”нинг бевосита иштирокчиси бўлган, ўша пайтда Фурқат тумани ИИБнинг терроризм бўлимида тезкор ходим бўлиб ишлаган Юсуфбек Ёқубовнинг кўрсатмаси тингланди:
“2025 йил 17 апрел куни туман солиқ инспекцияси бошлиғи хизмат хонасига мактаб ўқувчисини олиб кириб кетди, деган хабар келиб тушди. Бу хабарни рўйхатдан ўтказмаганман. Тезкорлик билан ўша ерга бордик. Биз ҳовлига эшикдан кирдик, девордан сакраб ўтмаганмиз. Эшикдан кирган заҳоти 2-қаватга кўтарилдик. 2-қаватда солиқ бошлиғи ва мактаб директорини қип-яланғоч ҳолатда кўрдик. Бизга хабар берган шахс хизмат уйига мактаб формасидаги ёш қиз кириб кетди деганди. Кўрдикки, у ерда мактаб ўқувчиси эмас, мактаб директори экан. Шундан кейин бошлиқ ўринбосари Жасур Расулов бизга ҳаммаси жойида пастга тушаверинглар, деди”, дея кўрсатма берди Юсуфбек Ёқубов.
Шундан сўнг ЖИБ Қува тумани суди раиси Авазбек Раҳимов тезкор ходимлар кўрсатмасида давлат сири борлигини айтиб, гувоҳ тариқасида чақирилган тезкор ходимларнинг кўрсатмаси ёпиқ тарзда эшитилишини маълум қилиб, Kun.uz мухбирини суд залидан чиқариб юборди.
Маълумот учун, очиқ суд мажлисида оммавий ахборот воситаларидан фақат Kun.uz мухбири иштирок этмоқда.
Кейинроқ суд иши 29 октябрга қадар танаффус эълон қилгани маълум бўлди.
Эслатиб ўтамиз, Kun.uz олдинроқ Фурқат туманида мактаб директори бўлган Гулираъно Қосимова билан содир бўлган ҳолат ҳақида суриштирув эълон қилганди. Унда Фурқат тумани ИИБ ходимлари аёлни калтаклаб, кийимларини йиртиб, яланғоч ҳолда тасвирга олгани ҳақида гап боради. Ҳолат Сенат қўмитаси томонидан назоратга олинган. Омбудсман Фурқат тумани ИИБнинг 4 нафар масъул ходими жиноий жавобгарликдан озод этилганини маълум қилиб, ҳолатга алоқадор бўлган ҳар бир шахснинг қилмиши тўлиқ ва холисона ўрганилишини сўраган










