Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Дарахтлар банки”, Чорвоқ бўйича ваъдалар ва IMEI машмашалари — ҳафта дайжести
Тошкентнинг яқиндагина тасдиқланган бош режасини ўзгартиришни сўраган қурувчилар истаги бажо келтирилмоқда: навбатдаги ўзгартириш нишони – дарахт кесишга мораторийми? Коррупция, навбатлар ва катта бож: IMEI машмашалари давом этяпти. Яна бир газ-заправка портлади: 4 киши ҳалок бўлиб, 15 киши жароҳатланди. Ортда қолган ҳафтанинг Ўзбекистон ҳаётига оид шу ва бошқа муҳим воқеалари – Kun.uz дайжестида.
Мурод Назаровдан дарахт кесишни қонунийлаштириш таклифи
Ўзбекистонда дарахт кесишни тақиқлаш бўйича амал қилаётган мораторийнинг олтинчи йилига келиб, уни бекор қилиш ҳақида таклифлар янграй бошлади. Таклифни қурилиш соҳасидаги таниқли тадбиркор Мурод Назаров илгари сурди. У Савдо-саноат палатасида қурилиш бизнеси вакиллари билан ўтган очиқ мулоқотда, мораторийга қарамай дарахтлар барибир кесилаётгани важи билан, тақиқдан воз кечиб, бошқа ечимлар излашга чақирди.
“Келинглар, қурувчи компаниялар ёки ҳатто учинчи шахслар “дарахтлар банки” устида ишласин. Ўша туман чегарасида дарахтларни олдиндан экиб қўяйлик. Битта катта диаметрли дарахт ўрнига нечта кичкина диаметрли дарахт тўғри келади – кўрсаткичлари бўлсин. Эртага нечта дарахт кесиш керак бўлса, ҳокимият балансига ўтказиб кетилаверади. Керак бўлса, бу билан учинчи шахслар шуғулланади. Дарахт экмаган компания бўлса, учинчи шахсдан ўша “лимит”ни сотиб олсин. Натижада дарахт экишга инвестициядек қараш бошланади”, – деди тадбиркор.
Йиғилишда қатнашаётган расмийлар бу ғояни қизиқиш билан тинглади. Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов таклифни “мантиқли ва жуда тўғри” деган бўлса, Солиқ қўмитаси раиси Шерзод Қудбиев ҳам тадбиркорнинг фикрларига хайрихоҳлик билдирди. Йиғилишдан ташқарида эса, аксарият жамоатчилик бу ташаббусни ўта салбий қарши олди. Кўплаб фаоллар ҳозиргидек экологик шароитда дарахт кесиш бўйича мораторийни бекор қилиш эмас, аксинча, унга қатъий амал қилинишини таъминлаш ва бу мораторийнинг ёнига яна битта мораторий қўшиб, Тошкент шаҳрида катта қурилишларни тақиқлашга чақирди.
“Битта чинор бироз соя бериши учун 7-10 йил вақт керак. Таклиф бераётган девелопер шунча йил олдин дарахт экиб, боғ яратдими?” – деган саволни ўртага ташлади депутат Бобур Бекмуродов. Бошқа бир депутат Жавлон Абдуллаев эса Мурод Назаровнинг “барибир кесиляпти-ку” деган фикрига жавоб берди. Экопартия вакилига кўра, 2025 йилнинг биринчи ярмида дарахт кесиш бўйича 3200 та ариза рад этилгани натижасида, 453 мингта дарахт сақлаб қолинган. Яъни агар мораторий бекор қилинса, қурувчилар йилига камида 1 миллионта дарахтни кесиб ташлаши мумкин. Жавлон Абдуллаев Ўзбекистонда ҳам ривожланган давлатлардаги каби қатъий чоралар кўриш, масалан, ноқонуний дарахт кесган девелопердан ерни олиб қўйишгача борадиган механизм жорий қилишга чақирди.
Кейинроқ Экология вазирлиги ҳам дадил баёнот билан чиқди. Вазирликка кўра, ҳеч қанақа кўчат вояга етган катта дарахтнинг ўрнини босолмайди, қолаверса, “дарахтлар банки” амалиёти коррупция ва спекуляцияни юзага келтирилиши мумкин. Вазирлик ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларни “жаноб Назаровнинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувлари”ни тўлиқ текширишга чақирди. “Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради”, дейилади баёнотда.
Танқидлар ёмғири остида қолган Мурод Назаров Kun.uz'га интервю бериб, жамият дарахтларга бефарқ эмаслигидан хурсандлиги, лекин мораторийни бекор қилиш масаласи эртами-кечми барибир кўтарилишини айтди.
“Сизга битта аччиқ ҳақиқатни айтаман: барибир бу нарса бир куни кўтарилади. Ҳозир мени қоралашади, ёмонлашади, лекин шу видеони эртага 5-10 йилдан кейин кўтаргандан кейин, барибир қарашса, шу нарса ишлаб чиқилган бўлади. Бу нарса шунчаки тақиқ билан давом этолмайди. Тақиқ баъзи нарсаларга ечим эмас. Шаҳар барибир жонли нарса”, – деди у.
Пойтахт бош режаси ўзгармоқда
Қурилиш соҳасидаги катта бир тадбиркорнинг дарахт кесишга мораторийни бекор қилишни сўраши фаолларда хавотир уйғотгани бежиз эмас. Чунки қурилиш лоббисининг кучини шу кеча-кундузда бошқа бир мисол яққол кўрсатиб турибди: Тошкент шаҳрининг бош режасига зид қурилиш лойиҳалари бирин-кетин потирлаб чиқиб келиши ортидан, тасдиқланганига эндигина ярим йил бўлган бош режа ўзгариш арафасида турибди.
Мурод Назаров пайшанба кунги шов-шувли чиқишида пойтахтнинг бош режасига “тузатиш” киритилаётганини ҳам айтди ва ўзгарган бош режа яқин кунларда чиқиб қолишига умид билдирди. Бу масала кун тартибида турганини ўтган ҳафта Қурилиш вазирлиги ҳам тасдиқлаган эди. Вазирлик бошқарма бошлиғининг Spot нашрига маълум қилишича, ўзгаришлар айрим мавзеларда биноларнинг рухсат этилган баландлигига тааллуқли бўлади. “Масалан, бош режада 5 қаватгача мумкин дейилган, амалда эса бу ҳудудларда 16 қаватгача қурилиш қилса бўлади”, деган вазирлик расмийси.
Шу тариқа, жамоатчилик муҳокамасига чиқарилмасдан, 7 йил кутиб тасдиқланган бош режа 7 ойга бормай ўзгарадиган бўлди. Бу ўзгаришга сабаб бўлаётган катта лойиҳалардан ҳозирча тўрттаси маълум. Шаҳарнинг марказий нуқталари бўлмиш Бешёғоч бозори, собиқ Геология қўмитаси биноси ва Grand Mir меҳмонхонаси ўрнида 30 қаватли бинолар, Ислом Каримов кўчасидаги “Фотон” заводи ўрнида эса 53 қаватли бино қуриш лойиҳалари ишлаб чиқилган. Бу лойиҳаларнинг баландлиги бош режада рухсат этилганидан бир неча баробарга юқори. Эътиборлиси, йил бошида бир компания Бешёғоч бозори ўрнида осмонўпар бинолар қуриш ниятини билдирганида, Қурилиш вазирлиги “мумкин эмас, бу бош режага зид” деб чиққан эди. Кейинчалик худди шу жойга шаҳар ҳокимлигининг ўзи 30 қаватли бино қуриш таклифи билан чиққанида, вазирлик бунга муносабат билдирмади.
Чорвоқ курорт-шаҳарга айлантирилади. Жамоатчилик экологиядан хавотирда
Қурилишларнинг экологияга таъсири бўйича охирги ҳафталарнинг энг кўп муҳокамадаги мавзуси – Чорвоқ сув омбори атрофида курорт шаҳар қурилиши билан боғлиқ. Озарбойжонлик тадбиркор Эмин Агаларов Боку шаҳрининг яқинида, Каспий денгизи соҳилида барпо қилган “Sea Breeze”, яъни “Денгиз шабадаси” номли катта лойиҳасини Чорвоқда ҳам такрорламоқчи. У 10 млрд долларга баҳолаётган лойиҳасини декабр ойидан бери президент Шавкат Мирзиёевга икки марта тақдимот қилишга улгурди. Биринчи босқичда 5 млрд доллар инвестиция киритиш кўзда тутилган ва ўтган ойда бу борада Ўзбекистон ҳукумати билан битим ҳам тузилди.
Агаларов қурилиш ишларининг фаол босқичини шу йил ёзда бошлашни режа қилган. Лекин жамоатчиликда Чорвоқнинг келажаги борасида жиддий хавотирлар бор. Бу ерлар ўзбекистонликлар учун жуда қадрдон ва қимматли. Тошкентликлар айнан Чорвоқ сув омборидан сув ичади. Жамоатчилик кўл атрофида бутун бошли шаҳар қурилишини ҳудуд экологияси учун катта хавф деб кўряпти. Хусусан, экофаоллар лойиҳани мустақил экспертизадан ўтказишга чақиряпти.
Бу ҳафта Эмин Агаларов бир гуруҳ журналистлар ва фаолларни Бокуга таклиф қилиб, у ердаги Sea Breeze лойиҳаси билан таништирди ва Чорвоқдаги лойиҳа ҳақидаги саволларга жавоб берди. У Каспий денгизи қирғоқларининг бу қисми бир вақтлар қаровсизгина жой бўлгани, одамлар худди Чорвоқдаги каби оқова сувларни денгизга оқизгани, 2006 йилдан бошланган курорт-шаҳарни бунёд қилиш билан ҳудудга канализация тармоғи тортилиб, пляждаги сувни тозалашга эришилгани, 20 йил ичида бу ерларга миллионлаб дарахтлар экилганини гапириб берди.
“Бугун Чорвоқ хавф остида. Сувнинг сифати ёмонлашяпти. Биринчидан, оқова сувлар тўпланмайди. Иккинчидан, тартибсиз қурилишлар [канализация мақсадида] чуқурлардан фойдаланяпти. Агар Чорвоқ шу аҳволда қоладиган бўлса, унинг келажаги ягона мастер-план ва дизайн-кодга эга бўлмаган хаотик қурилишлардан иборат бўлади”, – деди у.
Агаларовнинг айтишича, лойиҳа доирасида сув омборининг периметри бўйлаб оқова ва канализация сувларини тўплаш учун умумий коллектор ўрнатилади. Бизнесмен Чорвоқ атрофига кўпдан кўп дарахтлар экиши, қурилиш чиқиндиларини махсус компаниялар олиб чиқиб кетиб утилизация қилиши, бўлажак шаҳарда қуёш энергияси ва энергия тежовчи ақлли технологиялардан фойдаланилиши, ҳамма кириши мумкин бўлган бепул пляжлар ҳам бўлишини айтди. Шунингдек, мустақил халқаро экологлар кенгашини йиғиб, уларнинг маслаҳати асосида иш қилишга ваъда берди. Агаларов экологик экспертиза ва бошқа керакли ҳужжатларсиз, қурилишни бошламаслиги ва Чорвоқ аҳолиси билан очиқ мулоқотлар ўтказишини ҳам айтиб ўтди.
Пресс-турда қатнашган экология вазири Азиз Абдуҳакимов Чорвоқдаги Sea Breeze лойиҳаси худди Италия курортларидаги каби экологик стандартлар асосида бўлишини ваъда қилди. “[Сув омбори атрофидаги] ҳозирги хаосни, режасиз ва назоратсиз қурилишларни тўхтатиш керак”, – деди Абдуҳакимов.
IMEI машмашалари
IMEI-кодлар машмашаси қайтадан кўтарилган сўнгги кунларда, бу бошоғриқ тизим коррупцияга ҳам шароит яратаётгани яна бир бор ўз тасдиғини топди. Жума куни Давлат хавфсизлик хизмати Намангандаги “Учқўрғон” постининг божхона инспектори қўлга олинганини хабар қилди. Маълум қилинишича, у 57 та iPhone 16 Pro Max телефонини IMEI-коди бўйича рўйхатдан ўтказиб бериш эвазига ҳар бири учун 100 доллардан, жами 5700 доллар сўраган ва шундан 1900 долларини бўлиб-бўлиб, уч кун давомида банк картаси орқали олган. Учинчи кунги транзакциядан кейин, ҳуқуқ идоралари уни ашёвий далиллар билан қўлга олган.
Ҳафта давомида IMEI мавзуси бошқа хабарлар сабабли ҳам кун тартибида турди. Аввалига интернетда IMEI-кодларни рўйхатдан ўтказиш нархи ошиб кетгани ҳақида миш-миш тарқалди ва Божхона қўмитаси буни рад этиб чиқди. Қўмитага кўра, регистрация қиймати БҲМнинг 20 фоизи, яъни 75 минг сўмлигича қоляпти, лекин ўтган йили октябрдан кучга кирган тартибга асосан, агар фуқаро мобил қурилмани олиб киришда божхона декларациясини тўлдирмаган бўлса, унда IMEI-кодини рўйхатдан ўтказиш учун 30 фоиз миқдорида бож тўлаши керак. Масалан, декларация қилмасдан олиб кирилган телефоннинг божхона қиймати 1000 доллар бўлса, уни рўйхатдан ўтказиш учун 300 доллар харажат қилишга тўғри келади. “IMEI нархи энди 100 доллардан 400 долларгача бўлди” деган мазмунда тарқалган миш-миш катта эҳтимол билан мана шу бож билан боғлиқ.
Бу воқеадан бир неча кун ўтиб, “аэропортда IMEI можароси” деган сарлавҳа билан тарқалган видео Божхона қўмитасини яна изоҳ беришга мажбур қилди. Видеода Тошкент аэропортида IMEI сабабли навбатлар юзага келганини кўриш мумкин. Бунга жавобан қўмита мобил қурилма олиб келган йўловчиларнинг божхона декларацияларини тўлдириб тақдим этишлари жараёнида кузатилган “қисқа муддатли навбатлар” бартараф этилганини маълум қилди.
Дарвоқе, душанбадан бошлаб, Ўзбекистон аэропортларида бундай навбатлар кўпайишини кутиш мумкин. Шу санадан бошлаб, 1 ёки 2 кунга хорижга чиққанлар ўзи билан олиб келаётган барча товарлари учун бож тўлашига тўғри келади. Ёдингизда бўлса, 1 майдан бошлаб самолётда келаётган жисмоний шахслар нотижорат мақсадда божсиз олиб кириши мумкин бўлган товарлар қиймати 2000 доллардан 1000 долларга, поездда келаётганлар учун эса бу лимит 1000 доллардан 500 долларга пасайтирилган эди. Автомобилда ёки пиёда кириб келаётганлар учун 300 долларлик лимит ўзгаришсиз қолганди. Ўша қарорда, 20 июлдан бошлаб кучга кирадиган банд ҳам бор эди. Унга кўра, эндиликда фуқаролар ўзи ёки яқинлари учун олиб келаётган товарни божсиз олиб кириш ҳуқуқидан фойдаланиш учун, автомобилда ёки пиёда кириб келаётганида Ўзбекистонни тарк этганига 2 кундан ошган бўлиши керак. Самолётда келувчилар учун эса бу муддат 3 кунни ташкил этади.
Бу ҳафта яна нималар рўй берди?
Президент администрациясида кўплаб кадр ўзгаришлари рўй берди. Администрация раҳбари Саида Мирзиёевага 5 нафар ўринбосар тайинланди, улар орасида мактаб вазири Ҳилола Умарова ҳам бор. Унинг ўрнига вазир лавозимини ким эгаллаши ҳали маълум эмас. Сардор Умрзоқов президентнинг стратегик ривожланиш бўйича маслаҳатчиси, Абдулазиз Комилов эса ташқи сиёсат бўйича маслаҳатчиси лавозимига кўтарилди. Президент маслаҳатчилари сифатида ишлаб келган Азиз Мағрупов, Дониёр Қодиров ва Алишер Султонов эса нисбатан қуйироқ лавозимларга туширилди. Шунингдек, Администрациянинг 8 та департаментига раҳбарлар тайинланди; Тошкент шаҳри прокурори Эркин Йўлдошев фаолиятини администрациянинг комплаенс хизмати бошлиғи сифатида давом эттирадиган бўлди.
Олийгоҳларга кириш имтиҳонлари бошланди. Абитуриентлар сони йилдан йилга камайишда давом этяпти. Бу йил охирги 7 йилдаги энг кам – 671 мингта абитуриент имтиҳонда қатнашяпти. Бу – ўтган йилгидан 17 фоизга, икки йил олдингидан 29 фоизга кам. Абитуриентларнинг 64 фоизи – бу йилги битирувчилар. Республика бўйича 11-синфни ўтган ойда тамомлаган ёшларнинг 94 фоизи олий таълимга киришни ният қилган.
Қашқадарёданинг Кўкдала туманида мудҳиш портлаш содир бўлди. 16 июл куни соат 14:40 ларда Еттитом шаҳарчасида аҳоли уйларига етказиб бериладиган газбаллонларни тўлдириш станциясининг портлаши оқибатида 4 киши, хусусан станция раҳбари ҳалок бўлди, яна 15 киши жароҳатланди. Воқеа жойига борган Kun.uz мухбирига кўра, станцияга туташ ресторан ҳам бутунлай ёниб кетган, қурбонларнинг айримлари шу ерда бўлган. Кўкдала тумани ҳокимлигига кўра, қурбонларнинг оила аъзоларига 100 млн сўмдан, жароҳатланганларга эса 50 млн сўмдан компенсация тўлаб берилмоқда.
Андижон вилояти Хонобод шаҳри ҳокими ўринбосари 20 минг доллар олганида қўлга тушди. ДХХ хабарига кўра, у 4 гектар ерни аукционга чиқариб, тадбиркорнинг номига ютиб беришни ваъда қилган. Бошқа бир ҳолатда, Андижон тумани ҳокимининг собиқ ўринбосари ва Андижон шаҳар статистика бўлими бошлиғи нақ 150 минг доллар олганида ушланди. Улар ҳам завод қурмоқчи бўлган тадбиркорга 6 гектар ерни аукцион орқали олиб бермоқчи бўлган. Тошкентда эса, Миробод тумани ички ишлар бошқармаси бўлинма бошлиғи қўлга олинди. Қамоқдаги шахсни чиқартириб бераман деб, 18 минг доллар олган подполковник, ваъдасини бажаролмай, пулнинг бир қисмини қайтараётган вақтида қўлга тушган.
Наманганда кўз кўриб, қулоқ эшитмаган жиноят тафсилотлари ойдинлашди. Автомобилини сотмоқчи бўлган юзлаб одамлар алданиб, уларнинг машиналари ички ишлар ходимларининг аралашуви билан ноқонуний тарзда давлат рўйхатидан ўтказилган ва машиналар гумдон қилинган. Алданган айрим фуқароларнинг бўйнига кредит ҳам илиб кетилган. Бу ишда жиноятчилар, айниқса ички ишлар ходимларида отнинг калласидек юрак бўлганига “қойил қолмай” илож йўқ. Қонунлар билан бошқариладиган Ўзбекистонда бундай ишлар бўлаётгани одамни ўйлантириб қўяди. Тафсилотлар билан ушбу мақола ёки YouTube каналимиздаги видео орқали танишинг.
Муаллиф – Комрон Чегабоев
Доимий бошловчи – Бобур Акмалов
Сурдотаржимон – Эъзоза Аҳмедова
Тасвирчи – Шоҳруз Абдурайимов
Мавзуга оид
18:27 / 10.01.2026
Тошкентда катталар учун ҳоспис очилади
13:53 / 10.01.2026
Тошкентда тунги рейд: автомашина йўловчисидан шубҳали модда топилди
12:00 / 10.01.2026
Тошкентда кучли таъсир қилувчи дориларнинг ноқонуний савдоси фош этилди
11:57 / 09.01.2026