Қурилиш соҳасидаги тадбиркор Мурод Назаровнинг дарахт кесишга жорий этилган мораторий ўрнига компенсацион экиш ва “дарахтлар банки” тизимини жорий этиш ҳақидаги таклифига Экология вазирлиги муносабат билдирди.

Вазирликнинг қайд этишича, Ўзбекистон денгиз ва океанларга чиқиш имкониятига эга бўлмаган мамлакат сифатида, кислород манбалари ва карбонат ангидридни ютиш имкониятидан маҳрум. Шу билан бирга, мамлакат ҳудудининг 60 фоизидан ортиғи чўл ва ярим чўллардан иборат бўлиб, иқлим ўзгаришларига нисбатан жуда заиф ҳисобланади.

Шунингдек, Марказий Осиё минтақасида иқлим исиши глобал ўртача кўрсаткичлардан икки баравар тезроқ кетмоқда. Сўнгги 30 йилда минтақада ҳарорат 1,5°C га кўтарилган бўлса, бу глобал ўртача 0,7°C га тенг. Шундай шароитда яшил ҳудудлар экологик мувозанатни сақлашда ҳаётий аҳамиятга эга бўлиб, дарахт кесишга қарши мораторий айнан шу мақсадни кўзлаган, демоқда вазирлик.

Баёнотда айтилишича, ривожланган давлатлар тажрибаси дарахт кесишга қатъий чекловлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва барқарор шаҳарлашувнинг самарали воситаси эканини кўрсатмоқда:

  • Германияда нафақат ўрмонлар, балки шаҳар дарахтлари ҳам қонун билан муҳофаза қилинган. Жамоат жойларидаги ноқонуний кесилган ҳар бир дарахт учун 50 минг еврогача жарима белгиланади. Бундай ҳолатларда компенсацион чоралар қатъий назорат остида бўлади.
  • Буюк Британияда дарахтни сақлаб қолиш бўйича берилган ордер (Tree Preservation Order) талаблари бузилган тақдирда, 20 минг фунтгача жарима ёки чекланмаган жарима ва озодликдан маҳрум қилиш жазоси белгиланган. 2023 йилда машҳур Sycamre Gap дарахтини кесган шахс 4 йилдан ортиқ қамоқ жазосига ҳукм қилинган.
  • Қозоғистонда Жиноят кодексининг 340-моддасига кўра, ноқонуний дарахт кесиш ойлик ҳисоблаш кўрсаткичининг 160 баравари (тахминан 1 181 доллар) миқдорида жарима ёки 40 кунгача ҳибс жазоси билан жазоланади. Мулк мусодара қилиниши ҳам мумкин.
  • Россияда Жиноят кодексининг 260-моддаси асосида 1 млн рублгача (12 770 доллар) жарима ёки 4 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси мавжуд. Шунингдек, техника мусодара қилиниши ва зарар компенсацияси ҳам талаб қилинади.

“Бу мисоллар шуни кўрсатадики, ҳаттоки иқлими қулайроқ давлатларда ҳам дарахтларни муҳофаза қилиш бўйича қаттиқ чора-тадбирлар мавжуд.