Ўзбекистон | 16:32 / 15.12.2018
13723
3 дақиқада ўқилади

Сенаторлар бош вазир ўринбосарига ҳам парламент сўрови жўнатади

Фото: KUN.UZ

Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун шароитларнинг етарли эмаслиги муаммоси кўтарилди ва айни масалада Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга парламент сўрови жўнатиш бўйича қарор қабул қилинди. 

Азиз Абдуҳакимов
Фото: Халқаро пресс-клуб

Сенаторлар имконияти чекланган шахсларнинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, «Таълим тўғрисида»ги, «Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида»ги, «Ўзбекистон Республикасида ногиронларни ижтимоий ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган билим олиш ҳуқуқларидан тўлиқ фойдалана олмаётганига эътибор қаратишди.

«Менинг кўзим ожиз эмас, ҳеч кимдан кам жойим ҳам йўқ...»

Сенат аъзолари республикада ягона Брайль алифбосидаги босмахона имкониятлари мамлакат бўйича кўзи ожизларнинг эҳтиёжларини қамраб ололмаётгани, имконияти чекланган ёшларнинг ўзини жамиятнинг тўлақонли аъзоси дея ҳисоблашлари учун етарли шарт-шароитларнинг йўқлиги ва сурдо таржимонлари мактабларининг мавжуд эмаслигига ҳам тўхталиб ўтишди.

Шу туфайли Олий Мажлис Сенати Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга имконияти чекланган ёшларнинг таълим олиши учун яратилган шарт-шароитлар юзасидан парламент сўрови юборишни маъқуллашди.

Аввалроқ республика бўйлаб 3000 нафар бола кўзи ожизлар учун махсус мактабларда рисоладагидек таълим ололмаётгани айтилган эди.

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги маълумотларига кўра, Ўзбекистонда кўзи ожизлар учун махсус китоблар фақат бир дона босмахонада чоп этилади, у ҳам маънавий ва моддий жиҳатдан эскирган. Босмахонада йилига бор-йўғи 18 турда дарсликлар чоп этилмоқда. Ваҳоланки, кўзи ожизлар махсус мактаби учун яна 48 тур дарслик етишмайди. Бу ерда гап ўрта маълумотнинг асоси ҳисобланувчи, лекин кўзи ожиз болалар учун чоп этилмаётган математика, физика, кимё каби фанлар ҳақида кетмоқда.

Таққослаш учун, умумий ўрта мактабларда болалар бутун мактаб даври мобайнида 134га яқин дарсликлардан таълим олишади. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган ҳафта имконияти чекланган шахслар учун республика ихтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари президентнинг тегишли фармони билан Соғлиқни сақлаш вазирлиги таркибидан янги ташкил этилаётган Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлигига ўтказилиши белгиланган эди.

Комрон Чегабоев
Тайёрлаган Комрон Чегабоев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид