Ўзбекистон | 09:50 / 25.01.2020
20100
2 дақиқада ўқилади

Майкл Помпео февраль ойи бошида Тошкентга келади

АҚШ Давлат департаменти раҳбари Майкл Помпео 2−3 февраль кунлари Ўзбекистонда бўлади. У Тошкентда президент Шавкат Мирзиёев билан учрашади, шунингдек Марказий Осиё давлатлари ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги учрашувда қатнашади.

Фото: REUTERS

АҚШ Давлат котиби Майкл Помпео январь ойи охирида Европа ва Марказий Осиёга турне уюштиради. АҚШ Давлат департаменти матбуот хизмати хабарига кўра, у 29 январь куни ташрифини Буюк Британия пойтахти Лондондан бошлайди, 31 январь куни Украинага келади, 1 февраль куни Беларусда бўлади. Шундан сўнг у аввал Қозоғистонга, кейин Ўзбекистонга ташриф буюради.

Тошкентда Майкл Помпео президент Шавкат Мирзиёев ва ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов билан учрашади.

Шунингдек, у Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон ташқи ишлар вазирлари иштирокидаги «Марказий Осиё — АҚШ» форматидаги вазирлар учрашувида («C5 + 1») қатнашади. 

«Майкл Помпео АҚШнинг Марказий Осиё бўйича янги стратегиясига мувофиқ минтақа давлатларини қўллаб-қувватлашини тасдиқлайди», дейилади Давлат департаменти хабарида.

Эслатиб ўтамиз, Помпео Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўйлаб турнеси доирасида 5-6 январь кунларида Тошкентга ташриф буюришни режалаштирганди, аммо Яқин Шарқда Эрон билан юз берган можаролар туфайли бу ташриф номаълум муддатга қолдирилганди. 

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид