02:01 / 23.05.2020
29334

Андижон тажрибаси, «Замонавий қишлоқ» ва «сити»лар — президентнинг Андижонга ташрифидан асосий янгиликлар

Президент Шавкат Мирзиёев 21-22 май кунлари Андижон вилоятида бўлиб, амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди. Kun.uz ушбу ташрифга оид асосий янгиликларни санаб ўтади.

Янги ОТМ ва ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибаси

Давлат раҳбари дастлаб Олтинкўл туманида бўлиб, ғалла ва ғўза ривожини кўздан кечирди. Шу ерда ғўза қатор ораларига соя экиш бўйича Андижон тажрибасини яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

«Соя экилса, битта майдондан икки баробардан зиёд даромад олиш, яна кўпроқ одамларни иш билан таъминлаш мумкин. Ундан олинадиган мой ҳам, омихта ем ҳам жуда сифатли, бозорбоп. Тўғри, бу қийин. Лекин қайси иш осон?», деди Шавкат Мирзиёев.

Агротехнологияларни ривожлантириш мақсадида Тошкент давлат аграр университетининг Андижон вилояти филиали негизида қишлоқ хўжалиги йўналишида алоҳида олий таълим муассасаси ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Туманларда ҳам кўп қаватли уйлар қуриш бўйича кўрсатма берилди

Андижон шаҳрида 20та 7 қаватли, 2та 16 қаватли уй қурилиб, шу йил март ойида аҳолига топширилган. Президент ушбу мавзега бориб, хонадонлардан бирида меҳмон бўлди.

Маълум қилинишича, Андижонда аҳоли зич жойлашгани сабаб, бу янги уйларда шунча майдондаги бошқа лойиҳаларга нисбатан 2 баробар кўп хонадонлар жойлашган.

Туманлардаги аҳоли зич жойларга ҳам коммуникация олиб бориб, барча шароитларга эга кўп қаватли уйлар қуриш, замонавий қишлоқлар бунёд этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Президент Марҳамат туманига борди

Шавкат Мирзиёев Марҳамат туманига ҳам бориб, 1 майдан ишга тушган қуёнчилик кластерида бўлди.

Шу ерда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик корхоналари салоҳияти ҳақида маълумот берилди.

«Андижонда чорва кам, гўшт бошқа жойлардан олиб келиняпти. Қуён, парранда, балиқ кўпайтирилиб, гўшти истеъмолга чиқарилса, вилоятда гўшт нархи тушади. Камбағал оилаларга тарқатилиб, кластерлар томонидан қайта сотиб олинса, уларга даромад бўлади. Иқтисодий комплекс ва сектор раҳбарлари шу билан шуғулланиши керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Вилоятда омихта ем ишлаб чиқаришни кўпайтириш, қуёнчиликни 1 миллион бошга етказиш бўйича топшириқлар берилди.

«Замонавий қишлоқ» лойиҳаси

Пахтаобод тумани Бўстонобод қишлоғи ҳамда Қўрғонтепа тумани «Янги ҳаёт» маҳалласи учун ишлаб чиқилган дастлабки режага мувофиқ, қишлоқ ҳудудларга зарур муҳандислик коммуникациялари тортилиб, кўп қаватли уйлар қурилади.

Уйлар, аввало, бир уйда кўпчилик бўлиб яшаётган оилалар, шунингдек, аҳолининг муҳтож қатламига берилади. Шавкат Мирзиёев бу борада Андижон тажрибасини яратиш кераклигини таъкидлади.

Президент бунинг учун алоҳида лойиҳа ишлаб чиқиш, «Замонавий қишлоқ»даги уйларни бошқа турар жойларга нисбатан арзон қилиш бўйича кўрсатмалар берди.

Digital City ва дастурий маҳсулотлар экспорти

Шавкат Мирзиёев Андижон шаҳрида Digital City номли технопарк билан танишди.

5,6 гектарлик технопарк яқиндагина қуриб битказилган, мажмуа фаолияти ахборот технологияларига ўқитиш, дастурий маҳсулотлар экспортини йўлга қўйишга қаратилган.

«Жуда тўғри йўлни танлагансизлар. Бу – серқирра ва истиқболли соҳа. Сизлар бошқалардан 10-15 йил олдин юришларингиз керак. Энг долзарб йўналишлар бўйича дастурий маҳсулотлар яратиб, халқимизга ва хорижликларга қулай хизматлар кўрсатиб, ҳам оилангизга, ҳам жамиятимизга наф келтиришингиз мумкин», деди президент.

Вазирлар ва бошқа раҳбарларга ҳудудларга кўпроқ бориш талаби қўйилди

22 май куни Андижон вилояти ва туманлари ҳокимлари, иқтисодиёт тармоқлари раҳбарлари иштирокида йиғилиш ўтказилди.

Энди ҳар бир секторда «Камбағалликни қисқартириш штаби» ташкил этилади. Бу штабларга иқтисодиёт, молия, меҳнат, инвестиция, солиқ идоралари ва банк вакиллари бириктирилади. Уларнинг иш ҳақи миқдори эришилган натижаларга боғлиқ бўлади.

«Вазирлар, раҳбарлар кабинетда эмас, ҳудудларда, узоқ қишлоқларда ишлаши зарур. Шундай оғир шароитда фидойи бўлмаган раҳбар хиёнатчи. Шу халқ учун ойлик олиб юрибсизлар. Давлат идораси вакили халққа қанча яқин бўлса, жойларда шунча натижа бўлади, адолат мезони таъминланади», деди президент.

Марҳамат тумани ҳокими ишдан олинди

2017 йил августида Марҳамат тумани ҳокими этиб тайинланган Шуҳратбек Қамчиев бундан олдин 8 йилга яқин Жалақудуқ туманини бошқарган.

Kun.uz мухбирининг хабар беришича, йиғилишда президент раҳбарларнинг тажрибасига қараб эмас, ёш бўлса-да ишига қараб баҳо берилишини таъкидлади.

«Кеча Марҳамат туманининг ҳокимини ишдан олдим. Қолган секторлар раҳбарлари ҳам ишдан кетади. Менга кун ўтса бўлди деб юрадиган ҳокимлар керак эмас. Менга таклиф берадиган ҳокимлар керак, изланиш қиладиган раҳбарлар керак», деди Шавкат Мирзиеёв.

Давлат раҳбари ҳоким ишдан олинса, 4та сектор раҳбари ҳам ишдан кетишини, вилоят ҳокимлари билан ҳам шундай бўлишини айтди.

Андижон халқаро аэропортига хусусий инвесторлар жалб этиш бўйича кўрсатма берилди

2018 йил октябрдан бери фаолият юритмаётган Андижон халқаро аэропорти фаолияти тикланадиган бўлди.

«Масъул вазирлик ва ташкилот раҳбарлари 1 ой муддатда Андижон халқаро аэропортига хусусий инвесторларни жалб қилган ҳолда давлат хусусий шерикчилиги асосида унинг фаолиятини қайта тиклаш бўйича аниқ таклиф тайёрласин», – дея топшириқ берди Шавкат Мирзиёев.

«Ўзавтосаноат» Асакада Asaka Сity қуради

«Ўзавтосаноат» компанияси 3 йил ичида Асака туманида уй-жойга муҳтож ўз ходимлари ва аҳоли учун 4631та квартирага эга 71та кўп қаватли уйлар қуради.

«Asaka Сity деб номланган бу лойиҳада 320 ўринли 2та боғча, бир ярим минг ўринли мактаб, 250 ўринли шифохона, истироҳат боғи 10 минг квадрат метр майдонда савдо мажмуаси қурилади», деди Мирзиёев.

Маълум бўлишича, бу йил вилоятда ўтган йилгига нисбатан 2 баробар кўп – 6 196та уй қурилмоқда. Уй-жойга муҳтож оилаларни қўллаб-қувватлашнинг янги тизими жорий этилади.

Янги уйлардаги қурилиш сифати танқидга учради

Давлат раҳбари ташрифи якунида Хўжаобод туманидаги кўп қаватли уйлар қурилишини бориб кўрди. Туманнинг Иттифоқ массивида 35та уй қурилмоқда.

Президент қурилиш ишларидаги камчиликларни кўрсатиб ўтди. Бундай жойларда уйлар бунёд этиш мамлакатимизда янги тажриба экани, уларни халқаро стандартлар асосида пишиқ, сифатли қуриш зарурлигини таъкидлади.

Шу билан Шавкат Мирзиёевнинг Андижон вилоятига сафари якунига етди.

Top