Ўзбекистон | 21:13 / 29.05.2020
38409
3 дақиқада ўқилади

Оққўрғон деҳқон бозори карантинга ёпилди

Тошкент вилояти Оққўрғон тумани марказидаги деҳқон бозори фаолияти 8 июнга қадар тўхтатилди.

Фото: Оққўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Вилоят ҳокимлиги бу қарорни «дезинфекция ишлари катта форматда олиб борилиши» билан изоҳлаган.

«Туман аҳолиси озиқ-овқатга бўлган эҳтиёжини қондиришда «Элга хизмат» таъминот туридан фойдаланиши мумкин», – дейилади вилоят ҳокимлиги хабарида.

Бугун, 29 май куни Халқ депутатлари Оққўрғон туман кенгашининг сессиясида туман ҳокими – кенгаш раиси Фарҳод Омоновнинг коронавирус ва унинг оқибатларига қарши кураш бўйича ҳисоботи тингланган. Туман ҳокимлиги ахборот хизмати хабарида ҳисобот мазмуни келтирилмаган.

Фото: Оққўрғон тумани ҳокимлиги Ахборот хизмати

Ўзбекистонда ҳудудларнинг эпидемиологик тоифаланиши бошланганидан буён, Оққўрғон тумани «қизил» ҳудуд сифатида қолмоқда.

27 ва 28 май кунлари Тошкент вилоятида аҳоли орасида бир нафардан фуқарода Covid-19 аниқлангани маълум қилинди. Аммо бу вилоятдаги қайси туман ёки шаҳарда бўлгани айтилмади.

Ўзбекистон расмийлари коронавирусга чалиниш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича туман ва шаҳарлар кесимида маълумот бермаяпти.

Тошкент вилоятида аниқланаётган ҳолатлар умумий статистикада Тошкент шаҳри билан қўшиб тақдим этиб келинмоқда.

Бугун, 29 май куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги Тошкент вилоятидан карантинга олинган фуқаролардан бирида коронавирус аниқланганини хабар қилди. Шунингдек, бугун Тошкент вилоятидан бўлган 5 бемор пойтахтдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасидан соғайиб чиқди.

26 май куни берилган расмий хабарда, сўнгги 14 кун давомида коронавирус аниқланган 734 фуқародан 283 нафари Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ туманидаги карантин марказига жойлаштирилган фуқаролар бўлгани маълум қилинган эди.

29 май куни президент Шавкат Мирзиёев Зангиота туманида барпо этилаётган кўп тармоқли махсус шифохона қурилиши билан танишди.

Мавзуга оид