Ўзбекистон | 11:40 / 02.06.2020
27679
3 дақиқада ўқилади

Ғиждувон ҳам «қизил» ҳудуд тоифасига киритилади

Бухоро вилоятининг Шофиркон ва Ғиждувон туманлари — «қизил» (юқори хавфли), Когон тумани эса «сариқ» (ўрта хавфли), қолган барча шаҳар ва туманлар «яшил» тоифадаги ҳудудларга киритилади. Вилоят ҳокимлигида қабул қилинган қарор Республика махсус комиссияси қарори билан тасдиқланиши кутилмоқда.

Фото: Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати

«Куни кеча Бухоро вилоятида коронавирус инфекцияси кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш бўйича вилоят комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда вилоятда коронавирус инфекциясини тарқалишини олдини олиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳамда аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Йиғилишда вилоятда коронавирус инфекцияси тарқалиши ҳолати таҳлили, касаллик аниқланган беморларнинг динамикасидан келиб чиқиб, вилоят санитария-эпидемиологик осойишталик маркази ҳамда соғлиқни сақлаш бошқармаси хулосасига кўра Шофиркон ва Ғиждувон туманларини «қизил», Когон туманини «сариқ», қолган барча шаҳар ва туманларни «яшил» тоифадаги ҳудудларга ажратиш, буни республика махсус комиссияси қарори билан тасдиқлаб олиш таклифи маъқулланди», дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати хабарида.

Маълум қилинишича, ҳозирда инфекция аниқланган Шофиркон туманидаги Регион қишлоғида 274та хонадонда 1286 нафар, «Хожа Ориф» МФЙ М.Ашрафий кўчасида 1814та хонадонда 8074 нафар фуқаро карантинга олинган.

Мазкур ҳудудларда хизматни олиб боришга 312 нафар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари жалб этилган.

Эслатиб ўтамиз, 27 май куни Шофиркон туманида коронавирус аниқланди ва Бухоро вилояти яна коронавирусли ҳудудга айланди. 29 май кунидан Шофиркон туманига кириш ва тумандан чиқиш тақиқланди.

30 май куни республика махсус комиссияси қарорига кўра Бухоро вилоятидаги барча туманлар «яшил» ҳудуд сифатида белгиланганди. Шу куни вилоят ҳокимлиги Шофиркон туманини «қизил» ҳудуд, Когон ва Ғиждувон туманларини «сариқ» ҳудуд сифатида белгилади.

31 май куни Шофирконда аҳоли орасида янги ҳолатлар аниқланди.

Бундан аввалроқ 2 июндан Шофиркон ва Ғиждувон туманлари ҳудудида шахсий автотранспорт воситалари (юк ташувчи, қишлоқ хўжалигида жалб қилинган ҳамда махсус рухсатномали (стикерли) автотранспорт воситалари бундан мустасно) ҳаракатланиши тўхтатилиши ҳақида хабар берилганди.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид