Ўзбекистон | 11:03 / 08.12.2020
10337
9 дақиқада ўқилади

Расмийлар нима демоқчи эди? Сўз эркинлиги бўйича тадбирдан махсус репортаж

3 декабрь куни Тошкентдаги нуфузли меҳмонхоналардан бирида сўз эркинлиги ва матбуот ривожланишига оид масалалар юзасидан давра суҳбати бўлиб ўтди. Хўш, унда нималар муҳокама қилинди? Расмийлар нима демоқчи эди? Умуман бу давра нега ташкил этилди?

25 ноябр куни Kun.uz’да АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев таҳририятни газ-свет муаммосини ёзгани учун огоҳлантиргани ҳақида хабар эълон қилинди. Шундан кейин турдош огоҳлантиришни бошқа интернет нашрлари ҳам олганини маълум қилди.

Ўзбекистондаги хорижий дипломатлар, хусусан Буюк БританияАҚШ ва Германия элчилари, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари АОКАнинг тақдимномаларидан таажжубини изҳор этди. Демак, ҳаракатларга қандайдир жўяли изоҳ зарур эди. Мана шу жўяли изоҳни ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов давра суҳбатида ўқиб эшиттиргандек туюлди.

«Ўзбекистонда халқ манфаатлари ҳамма нарсадан устундир. Бу тамойил президент Шавкат Миромонович Мирзиёев аниқ таъкидлаганидек, ҳар қандай шароитда, шу жумладан, фавқулодда вазиятларда ҳам қатъий амал қилади.

Аммо бу муаммонинг, яъни хавфсизлик ва инсон ҳуқуқларининг нисбати ва боғлиқлигининг яна бир томони бор. Фуқаролик жамияти ва демократик институтлар инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлигини  амалда рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар яратади. Бироқ ушбу демократик қадриятлар барқарорлик асосларига путур етказиш, жамоат тартибини, амалдаги қонунларни бузиш учун баҳона ва имкониятга айланиб қолмаслиги керак. Нима демоқчиман, масалан сўнгги пайтларда айрим демократик давлатларда ҳам оммавий кайфиятнинг кескинлашуви натижасида ҳуқуқий тартибнинг бузилиши, тартибсизликлар, ўт қўйиш ва одамларнинг қурбон бўлишига гувоҳ бўляпмиз. Ўзингизга яхши маълумки, ушбу қонунбузарликларнинг барчаси демократик ҳуқуқ ва эркинликларнинг суиистеъмол қилиниши орқали содир этилган. Натижада биз табиий бир хулосага келдик: мамлакатнинг барқарорлиги, хавфсизлиги ва демократик ривожланиши фақат давлат  ҳамда жамиятнинг яқин ва конструктив ҳамкорлиги шароитидагина таъминланиши мумкин», — деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов.

Тадбирда АОКА мустақил интернет нашрларга юборган тақдимномалари тилга олинмади, лекин Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти вакили Жон Макгрегор Ўзбекистоннинг сўз эркинлигини таъминлаш борасидаги бир қатор масъулиятини эслатди.

Жон Макгрегор

«Биламизки, у (президент Шавкат Мирзиёев – таҳр.) аниқ гапирганди: Ўзбекистон халқаро ҳуқуқ, хусусан ЕХҲТ олдидаги мажбуриятларини зиммасига олиши лозим. У сўз эркинлиги қандай бўлиши ҳақида жуда аниқ гапирганди. Натижа қандай бўлди?

Айтишим мумкинки, ўтган тўрт йилда ўз кўзларим билан катта ўзгаришни кузатдим. У блогер ва журналистларни қанчалик қўллаб-қувватлади, тўрт йил олдинги ҳолатни кимдир эслай оладими? Қанчалик ўзгараётганини сезяпсизми? Президентнинг Ўзбекистонга ташриф буюрган блогерлар ва инфлюенсерлар орасида суратга тушганини эслайсизми? Шу ўринда таъкидламоқчиманки, кўп ишларни ҳамкорликда давом эттирамиз», — деди жаноб Макгрегор.

Жон Макгрегор сўзларини қўллаб-қувватлаган БМТ ваколатхонаси раҳбари Ҳелен Фрайзер хоним ҳам Ўзбекистоннинг халқаро ҳамжамият олдидаги мажбуриятини эслатди.

Ҳелен Фрайзер

«2018 йили Ўзбекистон ҳукумати БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашининг инсон ҳуқуқлари соҳасига оид 201та тавсиясини қабул қилди. Бу тавсияларда мамлакатдаги инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ ҳолат тавсифланганди. Шундан, қарийб 30таси сўз эркинлигини таъминлаш ва журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш борасида эди. Жорий йил май ойида кенгаш 5-даврий ҳисоботида кўтарилган масалалар юзасидан Ўзбекистонга тегишли хулосасини эълон қилди.

Кенгаш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги пактнинг 19-моддасига мувофиқ, Ўзбекистон ҳукумати фуқароларнинг сўз эркинлигини кафолатлаши, хусусан онлайн фикр билдириш ҳуқуқини таъминлаши зарурлигини таъкидлаган. Ўзбекистон мустақил журналист, танқидчи ва ҳуқуқбонлар, бошқа барча фаолларни зўравонлик, фаолиятига тўсқинлик қилинишидан самарали ҳимоя қилишни таъминлаши лозим», — дея қайд этди у.

Давра суҳбатида сўз олган Адлия вазири Ўзбекистон шароитида ҳуқуқнинг чекловлари ҳақида камроқ гапириш тарафдори эканини билдириб, ОАВ билан муаммо туғилса буни суд орқали ҳал этиш энг мақбул ечим эканини айтди.

Русланбек Давлетов

«Бугунги Ўзбекистон шароитида чекловлар ҳақида камроқ гапиришимиз керак, деб ўйлайман. Чунки чеклашга жуда устамиз. Шу пайтгача буни жуда ҳам зўр уддалаганмиз. Ўйлайманки, бугунги кунда ҳуқуқни таъминлаш тўғрисида кўпроқ гапиришимиз керак. Чунки блогерлар ҳам, нодавлат телевидение ҳам айтяпти, ҳамма тайёрмас дейишяпти. У ёки бу давлат органида ягона ёндашув йўқ дейиляпти.

Мана шуларни шакллантирсак, уларнинг масъулиятини оширсак, бу ердаги диалог яқинлашади, мулоқот, бир-бирини тушуниш яна ҳам яхшиланади деб ўйлайман. Айнан мана шу йўналишда ишлашимиз керак.

Бу ерда жуда чигал муносабатлар шаклланган. Чунки сўз эркинлиги кимнингдир бошқарув эркинлигига дахл қилгани учун давлатнинг бу ердаги асосий вазифаси – ўйлайманки, бу ерда бошқарувни йўлга қўйиш керак. Бу тизимда бўлаётган муносабатларни тартибга соладиган инфратузилмаси бўлиши керак. Давлатнинг аралашиш принциплари, механизмлари аниқ белгиланган бўлиши керак. Бу қонун даражасида бўлиши керак.

Оммавий ахборот воситалари ва қонунчилик ўртасида қандайдир муаммоли масала туғилса, судга борилиши керак. Афсуски, бизда судга берибди дейилса, жуда катта воқеликка айланиб кетяпти. Аслида биз бунга кўникишимиз керак, бу нормал жараён», — деди Русланбек Давлетов.

Сенатор Содиқ Сафоевга кўра, журналистларнинг танқидий фаолияти тараққиёт учун муҳим омил сифатида шаклланмоқда. Ўртада информацион вакуум бўлиши керак эмас.

Содиқ Сафоев

«Уларнинг танқидий фаолияти Ўзбекистон тараққиёти учун муҳим омил сифатида шаклланиб бормоқда. Бу ерда муаммолар кўп.

Асосий муаммо – бизда информацион вакуум, бўшлиқ бўлиши керак эмас. Агар вакуум пайдо бўлса, у албатта нопрофессионал, қандайдир нотўғри манбалардан тўлдирилиши мумкин. Ҳар бир вазирлик, ҳар бир ҳокимият органида таъсис этилган матбуот котибиятларининг фаолияти батамом ўзгариши керак. Улар журналистларга дўст сифатида қараб, уларга ахборотни беришни ўз бурчи деб билиши керак», — деди Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев.

Даврада энг кўп эътибор билан кузатилган АОКА раҳбари Асаджон Ходжаев ҳам блогер ва журналистлар ҳимоясида туриб, нутқ қилди.

Асаджон Ходжаев

« Биз баъзида ОАВ вакиллари ва блогерлар бунда айбдор деган гапларни эшитамиз, йўқ, бу ерда давлат бошқаруви органлари журналистлар билан мулоқотга тайёр эмас. Агар давлат органлари тезкорлик билан жавоб қайтарса, асоссиз маълумотлар, фикрлар билдирилишига ўрин қолмайди.

Шунинг учун биз доимий равишда давлат органлари очиқлигини таъминлаш борасида мулоқотни кучайтиришимиз керак деб биламиз. Бундан ташқари жойларда, ҳудудларда блогер ва ОАВ вакиллари маҳаллий ҳокимлик органлари билан мулоқотга қийналишади. Бу ердаги қийинчиликни кўриб, доимий равишда матбуот тадбирларини ўтказиш режаси вилоят кесимида ҳам бўлиши керак, деган хулосага келдик», — дейди у.

Давра суҳбатида журналистларни қизиқтирган саволларга мутасаддилар муносабат қилди. Шунга қарамай, эришилган ютуқларни санаш ва келгусида сўз эркинлигини мустаҳкамлашдек сиёсий ирода ҳалигача мавжуд эканини тасдиқлаш билан ўтган тадбирда савол-жавоблар учун кўп вақт қолмаганди. Буни тадбирдан сўнг, Kun.uz билан суҳбатлашган Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси ҳам тасдиқлади. Журналистлар билан очиқ савол-жавоб кейинга қолди.

Хулоса ўрнида, сенатор Сафоевнинг  қуйидаги сўзлари кўп нарсани ойдин англашга ёрдам беради, деб ўйлаймиз:

«Албатта, ҳозир давлат органларида эскича фикр юритиш инерсияси бор. Тазйиқ ўтказишга ҳаракатлар... Биласизми, аччиқ дорини ҳамма ҳам яхши кўрмайди, ҳамма ҳам бемалол ютавермайди. Оғирми, енгилми, биз бу борада чекинишга ҳаққимиз йўқ. Бир хиллар айтади: мана блогерлар қутуриб кетди, босар-тусарини билмай қолди. Бундай ёндашувлардан эски андозалар ҳиди келади. Агар биз тараққиётни истасак, биз эркин фикр юритиш ва фикрлар хилма-хиллигини таъминлаш учун имкониятларни яратишимиз керак. Мулоқот шунинг учун керак».

Алишер Рўзиохунов тайёрлади.
Тасвирчи ва монтаж устаси – Отахон Юсупов.

Мавзуга оид

Эълонлар

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди

Iteca Exhibitions: 2024-йилда Ўзбекистоннинг иқтисодий ўсиши ва халқаро эътирофи драйвери

BI GROUPʼдан 25% гача чегирма билан бизнес класс хонадонлар

Шаржада ўтказилган Халқаро олимпиадада "Al-Jabr" мактаби ўқувчилари юқори натижаларга эришди

Келажак учун битим: MARS IT School болалар учун IТ-таълимни ривожлантиришнинг янги босқичига чиқяпти

USAID ҳамкорлигида SWISSAGRO қўшма корхонаси Фарғонада янги ишлаб чиқариш қувватини йўлга қўйди

"Ўзбекинвест" компанияси томонидан "Яшил макон" умуммиллий дастури доирасида Қибрай туманида боғ яратилди