Ўзбекистон | 17:28 / 23.02.2021
15288
2 дақиқада ўқилади

Миграция агентлиги раҳбари Уйчи туманига ҳоким бўлди

Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи Муҳаммадзокир Маматхонов Наманган вилоятининг Уйчи тумани ҳокими лавозимига тасдиқланди. 

Фото: Наманган вилояти ҳокимлиги

Бугун, 23 феврал куни Халқ депутатлари Уйчи туман кенгашининг навбатдан ташқари сессияси бўлиб ўтди. Сессияда туманни иқтисодий-ижтимоий ривожлантиришдаги муаммолар муҳокама қилинди ва ташкилий масала кўрилди. 

Вилоят ҳокими Шавкатжон Абдураззақов туман ҳокимлигига Муҳаммадзокир Маматхонов номзодини таклиф қилди. Депутатлар ва фаоллар номзодни маъқуллади.

Муҳаммадзокир Маматхонов 1974 йилда Наманган вилоятининг Поп туманида туғилган. 2006 йилда Наманган муҳандислик-иқтисодиёт институти, 2012 йилда Президент академияси қошидаги Олий бизнес мактабини тамомлаган.

У 1998–2016 йилларда Поп, Чуст, Норин туманлари, Наманган шаҳри ва Наманган вилоят давлат солиқ инспекциялари, Наманган вилояти ҳокимлиги ва Уйчи тумани ҳокимлигида турли вазифаларда меҳнат қилган. 

2016–2017 йилларда Янгиқўрғон тумани ҳокими бўлган. 2018 йилдан Наманган вилоят Бандлик бош бошқармаси бошлиғи сифатида ишлаган. 

У 2020 йилнинг ёзида Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги бошлиғи лавозимига тайинланганди.

  • Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 феврал куни Наманган шаҳрида халқ депутатлари вилоят кенгашининг навбатдан ташқари сессиясида Уйчи тумани «тўртлиги» ишдан олинганди. Президент Шавкат Мирзиёев йўл қўйилган камчиликлар, туман иқтисодий кўрсаткичлари яхшиланмагани, топшириқларни бажармагани учун Уйчи туманининг тўртта сектор раҳбари - туманга 2018 йил августидан буён ҳокимлик қилиб келган Муҳаммадаюбхўжа Апақов, шунингдек, туман прокурори Улуғбек Номанов, ички ишлар бўлими бошлиғи Авазбек Хўжахонов ва давлат солиқ инспекцияси бошлиғи Адҳамжон Маҳмудовни ишдан олишга кўрсатма берганди.

Мавзуга оид