«404» балоси ва ўчиб ўчмаган пост. ОАВга босимлар давом этмоқда
Daryo – LIVE телеграм канал муаллифлари каналдаги пост босим остида ўчириб юборилгани ҳақида хабарни инкор этишди. Лекин Kun.uz сайтига давлат идораларидан, хусусан, Давлат хавфсизлик хизматининг ахборот хавфсизлиги бўйича бўлими томонидан хабарларни ўчириш, қайси мавзуларда ёзиш ва қайси мавзуларда ёзмаслик бўйича босимлар, бундай талаблар бажарилмаган тақдирда таҳририят вакилларига таҳдидлар мунтазам давом этмоқда.
Daryo.uz сайти бош муҳаррири Муҳрим Аъзамхўжаев Daryo – LIVE телеграм каналидан пост давлат идораси аралашуви билан ўчирилгани ҳақидаги маълумотни рад этиб чиқди ва бу ҳақдаги хабарни уйдирма деб атади. Лекин 21 апрел куни соат 14:13да каналда қўйилган пост кўп ўтмай ўчирилгани Telegram Analytics хотирасида сақланиб қолган.
Нима сабаб бўлганда ҳам вазиятга баҳо бериш уларнинг ҳуқуқи. Kun.uz’даги маълумотга кўра, бу пост каналдан ўчишига ташқаридан келган қўнғироқ сабаб бўлган.
Комил Алламжоновнинг оммавий ахборот воситаларига турли идоралардан бўладиган босимлар ҳақидаги муносабати бўйича хабар ҳозирга келиб сайтнинг асосий каналига қўйилди, Daryo – LIVE каналига ҳам қайтадан жойлаштирилди. Эътиборли жиҳати, бу ишлар Kun.uz’да чиққан пост ортидан, 15 дақиқа ичида амалга оширилди.
Юқоридаги воқеадан қатъи назар, ҳақиқат шуки, Ўзбекистондаги сайтлардан ноқулай хабарларни ўчиртириш анъанага айланган ва Kun.uz бу амалиётдан энг кўп жабр кўрувчи сайтдир. Давлат хавфсизлик хизматининг Kun.uz фаолиятига арзимас масалалар бўйича ҳам асоссиз аралашавериши кеча ёки бугун бўлиб қолган ҳодиса эмас.
Йиллар давомида деярли ҳафтада бир марта бўлса ҳам қайсидир материал бўйича эътирозлар билдирилиб, ўзгартириш ёки бутунлай олиб ташлаш ҳақида кўрсатмалар бўлиб келади.
Сўнгги бир ойда ҳам бу ҳолат бир неча бор кузатилди. Давлат раҳбари бир неча марта тақиқлаган бўлишига қарамай якшанба – дам олиш куни Тошкент вилояти ҳокимлиги катта йиғилиш ўтказгани ҳақидаги хабарни Kun.uz’га етказган манбани ошкор қилиш, Диний қўмита раиси ўринбосари Дилшод Эшнаев ҳақидаги мақолани ёки Тошкент шаҳридаги хусусий мулкдорларга тегишли ташқи реклама конструкциялари асоссиз бузиб ташланаётгани ҳақидаги мақолани ўчириш талаби доирасида қилинган босимлар ҳам шулар жумласидандир.
Kun.uz таҳририяти давлат раҳбари олиб бораётган очиқлик сиёсатини тўла қўллаб-қувватлайди ва сайт контентини яратишда давлатнинг хавфсизлиги, фуқароларнинг тинчлиги ва юрт тараққиётини биринчи ўринга қўяди.
Муаммо ҳали ҳам очиқ ва сайт таҳририяти бу муаммо ҳақида гапиришда давом этади.
Мавзуга оид
16:05 / 16.11.2024
“Маънавий экспертиза” ахлоқ пардаси ҳимоячисими ёки медиа макон назоратчиси? Баҳсли мавзуда катта суҳбат
22:06 / 01.11.2024
Туркия парламенти «чет эл агентлари» тўғрисидаги қонунни кўриб чиқади
19:55 / 06.08.2024
Ёш журналистлар жамият учун нега муҳим? Америкалик мактаб ўқувчисининг мулоҳазалари
20:01 / 26.06.2024