Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлди, нархлар эса пасаймади
Ўзбекистонда ўсимлик ёғи нархини барқарор сақлаш мақсадида 1 майдан жорий йил охиригача ўсимлик ёғи қўшимча қиймат солиғидан озод этилди. Майнинг биринчи ўн кунлиги ортда қолди, нархларда эса ижобий кўрсаткичлар кузатилмаяпти. Масала атрофида турли фикрлар билдирилмоқда.
Ўсимлик ёғи нархи кескин ошиб бораётгани сабабли, ҳолатнинг олдини олиш мақсадида «Aйрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган эҳтиёжни таъминлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди. Унга кўра, 2021 йил 1 майдан 31 декабрга қадар мамлакат ҳудудига ўсимлик ёғи, кунгабоқар ва зиғир уруғи, шунингдек, соя данагини олиб кириш ва ўсимлик ёғини ишлаб чиқариш ва (ёки) реализация қилиш бўйича маблағлар айланмаси қўшилган қиймат солиғидан озод қилинди.
Хўш, кўрилган бу чора оқибатида мамлакатда ўсимлик ёғи нархи барқарорлашдими? Рақамларга мурожаат қиламиз.
9 май ҳолатига кўра, Тошкент шаҳри ва вилоятларда ўсимлик ёғининг нархи минимал 16-17 минг сўм, максимал 21-23 минг атрофида. Кузатувларга кўра, ўсимлик ёғи арзонлашмаяпти.
Davletov.uz каналининг ёзишича, ўсимлик ёғи аввалги механизм, яъни маҳаллаларни ишга солган ҳолда тарқатиляпти.
«Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлди, лекин нега ёғ нархи тушмаяпти, деб сўрашмоқда.
Ўзбекистонда маҳалла, амалдорларнинг фикрича, аҳолини арзон озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда муҳим институт ҳисобланади. Яқин ўтмишда ҳам маҳалла орқали ёғ, ун ва бошқа бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари қатъий белгиланган нархларда тарқатилар эди.
Ёзишларича, ёғ нархининг ошиши ортидан яна ўша механизм қўлланмоқда. Масалан, Бухоро вилоятида белгиланган график асосида барча маҳаллаларда пахта ёғининг 1 литри 12000-13000 сўмдан сотилаётган экан. Кунгабоқар ёғи эса 16000 сўм», – деб ёзди у.
Шунингдек, яқинда кучга кирган қонунга кўра, ўсимлик ёғи ҚҚСдан йил охиригача озод қилинган. Лекин бунинг самараси ҳозирча сезилгани йўқ. Бозорларда ёғ баҳоси ҳамон юқорилигича қолаётгани қўшимча қилинган.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ўсимлик ёғига ҚҚСни бекор қилиниши халққа ёқадиган популистик ташаббус бўлгани ҳақида ёзади.
«Ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлиши ёғ нархини пасайтиради, деб ким айтган эди?
Рақобатли бўлмаган, вертикал ва горизонтал олигопол бозорларда, таклиф ошмаётган ва спекуляция шароитларида ҚҚСнинг пасайтирилиши сотувчи ва воситачиларнинг маржиналлигини, яъни даромадини оширишга хизмат қилади, холос. Ҳа, қисқа муддат нархлар ўсишдан тўхтаб туради (ўша 15 фоизлик фарқ утилизация бўлгунча).
Молия вазири ўринбосари 2019 йилда ҚҚСнинг пасайтирилиши нархлар тушишига олиб келмаганини қайд этгани эсингиздадир?
Ўзбекистонда бундан бир ярим йил аввал солиқ ставкаси 20 фоиздан 15 фоизгача пасайтирилган эди. Истеъмолчилардан кимдир нархлар чиндан 5 фоизга тушганини сездими? Товарлар ва хизматларнинг аксарияти бўйича нархлар тушмаган.
Хўш, унда ўсимлик ёғига ҚҚС бекор бўлиши ёғ нархини пасайтиради, деб ким айтган эди? Бундан бехабарман. Лекин халққа ёқадиган, популистик ташаббус бўлган.
Энди, ёғни маҳалла орқали тарқатиш ҳақида гаплар пайдо бўляпти. Бу ҳам навбатдаги ёқимли, популистик қадам бўлади.
Ёғни маҳалла орқали тарқатиш билан унинг таклифи ошиб, кўпайиб қолмайди. Тақсимлаб тарқатишнинг маъмурчилик қимматга тушиши (буниям кимдир бўйнига олиши керак), янги ўзлаштиришлар ва норозилик ҳолатлари пайдо бўлишини кутиш қолади, холос», – деб ёзади у.
Ёғ-мой ишлаб чиқариш билан шуғулланувчи тадбиркорларнинг Kun.uz’га маълум қилишича, йирик ёғ ишлаб чиқарувчи корхоналар омборида 2 ойлик захира бор. Захирадаги маҳсулот ҚҚС билан сотиб олинган, қўшимча қиймат солиғини бекор қилиш тўғрисидаги қонун 1 майдан кучга кирди. Шу сабабли, ҳали ҚҚС билан сотиб олинган маҳсулотни сотиб тугатмай туриб, нарх арзонлашмайди. Kun.uz билан суҳбатда бўлган тадбиркорнинг таъкидлашича, ҚҚСни бекор қилиш нархларни барқарорлаштиришда тўғри ечим бўлмади. Натижада нарх ҳам арзонлашмади, тадбиркорлар ҳам икки ойлик захира туфайли зарарга ишлашига тўғри келиши мумкин.
Aввалроқ, антимонопол қўмитаси расмийси пахта ёғи нархи тушиши кутилаётганини, ўртача 12-13 минг сўм атрофида, максимум 15 минг сўм бўлиши мумкинлигини таъкидлаганди.
Шунингдек, ўсимлик ёғига ҚҚС бекор қилингач, божхона омборларида 6,5 минг тонна ўсимлик ёғи тўпланиб қолгани маълум қилинганди.
Тавсия этамиз
АҚШ ва Хитой ўртасидаги божхона уруши: ким ютади?
Жаҳон | 12:46 / 17.04.2025
Япониядан Италиягача – пулли йўллар ҳақидаги таассуротлар
Жаҳон | 21:50 / 16.04.2025
Туркияга алдов йўли билан чақирилган вояга етмаган ўзбекистонлик қиз ватанга қайтарилди
Жамият | 17:05 / 16.04.2025
Гўшт нархи ошиши: қўшни мамлакатларда вазият қандай?
Иқтисодиёт | 20:36 / 15.04.2025
Сўнгги янгиликлар
-
Трамп Путинга Украинада ўт очишни тўхтатишга 3 кун муҳлат берди
Жаҳон | 00:47
-
Ўзбекистон ўсмирлар жамоаси КХДРни йирик ҳисобда енгиб, Осиё Кубоги финалига чиқди
Спорт | 00:31
-
Колумбияда сариқ безгак туфайли фавқулодда ҳолат режими эълон қилинди
Жаҳон | 00:05
-
Номаълум эркак Флоридадаги университетда отишма уюштирди. Қурбонлар бор
Жаҳон | 23:41 / 17.04.2025
Мавзуга оид

09:50 / 01.06.2022
Ўзбекистонда ўсимлик ёғини хорижга экспорт қилиш вақтинча тақиқланди

13:41 / 06.05.2022
Гўшт ва ёғни ҚҚСдан озод қилиш муддати узайтирилди

17:45 / 18.04.2022
Украинадаги уруш дунёга очлик таҳдиди соладими?

11:27 / 10.02.2022