Урушдан олдинги даврда Россия ва Украина бир қатор асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари бозорида, хусусан, дон ва ўсимлик мойи экспортида етакчи ўринларни эгаллаган. Шунингдек, Россия нефть, нефть маҳсулотлари ва ўғитлар ҳамда табиий газнинг энг йирик экспортёри эди.

Айни пайтда эса Украинанинг ўзида озиқ-овқат етишмовчилиги кузатилмоқда. Мамлакатдаги портлар Россия флоти томонидан тўсиб қўйилгани туфайли экспорт ва импорт тўхтаган.

Прогнозларга кўра, кейинги даврда бу ҳолат янада ёмонлашиши мумкин. Жорий йилда ҳосил қандай бўлиши номаълум, чунки кунгабоқар уруғлари етиштириладиган унумдор Украина ерлари миналар ва вайрон қилинган рус танклари билан тўлиб-тошган, фермерлар ўз техникаларидан доимий равишда фойдаланишдан маҳрум қилинган.

Ушбу омиллар оилавий бюджетининг катта қисмини озиқ-овқатга сарфлайдиган камбағал мамлакатлар аҳолиси учун жуда ҳам оғриқли ҳисобланади. Дунё ковид ва ўтган йилги қурғоқчиликдан зўрға тикланди, урушсиз ҳам озиқ-овқат нархи кўплаб рекордларни янгилади.

БМТ маълумотларига кўра, биргина март ойининг ўзида озиқ-овқат нархлари 13 фоизга қимматлашган. Бу индекс юритилиб келинаётган 1990 йилдан кейинги энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Мутахассислар нархлар яна 8 фоизга ва ҳаттоки 22 фоизгача ошиши мумкин, деб ҳисоблашмоқда.

Тростянецда украинлар тракторда руслар қолдириб кетган зирҳли техникани судраб кетмоқда. Фото: Reuters

Уруш туфайли қишлоқ хўжалиги техникалари учун зарур бўлган ёнилғи нархи, денгиз ва қуруқлик йўллари орқали юк ташиш, ўғитлар ва сақлаш харажатлари қимматлашмоқда. Одамлар учун ҳам, чорва молларига ҳам ғалла етишмаяпти, шу боис гўшт ва бошқа озиқ-овқат маҳсулотларининг баҳоси ҳам ошиб бормоқда.

Bruegel тадқиқот маркази мутахассисларининг фикрича, энг ёмон ҳолатда ҳам, дунёда бутун сайёра аҳолиси таъминоти учун етарли миқдорда озиқ-овқат бўлади.

Қайси давлатлар кўпроқ зарар кўради?

Урушнинг оқибатлари айниқса қурғоқчил минтақалар – Яқин Шарқ ва Шимолий Африкадаги ривожланаётган мамлакатлар учун оғриқли бўлади. Ушбу давлатлар умумий озиқ-овқатининг 90 фоиздан ортиғини импорт қилади. Асосий етказиб берувчилар эса Россия ва Украинадир.

«Асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ошиши билан гуманитар инқироз ва сиёсий хавфлар кучаяди. Охирги марта нархлар ҳозиргидек қимматлашганида ҳаммаси араб баҳорига айланганди», дея огоҳлантиради тадқиқотчилар.